Кинда қабиласининг элчилари

1 ўн йил аввал 2185 siyrat.uz

 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига Ашъас ибн Қайс бошчилигида Кинда қабиласининг элчилари ташриф буюришди. Ашъас ўз қабиладошлари орасида катта обрў-эътиборга эга, нуфузли кишилардан бири эди. Элчилар масжидга киришгач, Расулуллоҳни синаш учун: «Биз бир нарсани яшириб қўйдик. Ҳақиқий Пайғамбар бўлсангиз, шуни топинг», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Субҳаноллоҳ! Мен коҳин эмасман, коҳинлар дўзахга киради. Аллоҳ мени ҳақ дин билан юборди, сира ўзгармайдиган ва хатоси йўқ Қуръонни нозил қилди», дедилар. Элчилар: «Биз ҳам Қуръон эшитмоқчи эдик», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом уларга Саф сурасининг 1 − 5-оятларини ўқиб бердилар: «Қатор-қатор саф тортган душманларга қарши от солган ва Каломуллоҳни тиловат қилаётган қўшинлар билан қасам ичаманки, сизларнинг илоҳингиз чиндан ҳам биттадир. У осмону заминнинг, улар орасидаги нарсаларнинг ва машриқларнинг Роббисидир». Расулуллоҳ тиловатдан тўхтаганларида кўздан оққан ёшларидан соқоллари ҳўл бўлган эди. Элчилар: «Худодан қўрқиб йиғлаяпсизми?» деб сўрашди. «Ҳа, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаяпман, — дедилар Расулуллоҳ. — Аллоҳ мени қиличнинг тиғидек ўткир, тўғри йўл билан юборди, тойиб кетсам, ҳалок бўламан». Шундан кейин Сарвари олам Исро сурасининг 86 − 87-оятларини ўқидилар: «Агар биз истасак, сенга ваҳий қилган Қуръонни диллардан, мусҳафлардан, албатта, кўтариб ташлардик, кейин бизга қарши ҳомий тополмас эдинг, лекин биз сенга раҳматимиз юзасидан бундай қилмадик. Сенга чиндан ҳам Аллоҳнинг фазли каттадир. Расулуллоҳ: «Энди ҳам мусулмон бўлмайсизларми?» деб сўрадилар. Элчилар иймон келтириб Ислом динига киришди. Расулуллоҳ уларнинг бўйинларига осилган ялтироқ латта нимага хизмат қилиши билан қизиқдилар. Элчилар бўйинларидаги латталарини олиб ташлашди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ