Тужиб элчилари

528

 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига Тужиб қабиласининг ўн уч кишилик элчилари ташриф буюришди. Закот моллари олиб келган элчиларни Расулуллоҳ хурсанд бўлиб, эҳтиром билан кутиб олдилар. Элчилар: «Эй Расулуллоҳ, биз молларимиздан Аллоҳнинг ҳақини (закотни) олиб келдик», дейишди. Расулуллоҳ: «Бу молларни олиб кетиб, камбағалларга улашиб беринглар», дедилар. Элчилар: «Эй Расулуллоҳ, биз камбағалларимиздан ортганини олиб келдик», дейишди. Абу Бакр гапга аралашиб: «Шу пайтгача бундай яхши элчиларни кўрмаган эдим», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳидоят Аллоҳнинг ихтиёрида, у бирон одамга яхшиликни ирода қилса, унинг қалбини иймон билан мунаввар этади», дедилар. Элчилар Расулуллоҳдан Қуръон таълимини олишди ва шу жараёнда Сарвари оламга бўлган муҳаббатлари янада ортди. Улар юртига қайтмоқчи бўлишганда Расулуллоҳ: «Нега бунча шошяпсизлар?» деб сўрадилар. Элчилар:«Тезроқ юртимизга бориб, Худонинг элчиси билан учрашганимизни ва ўрганган нарсаларимизни айтиб бергани шошяпмиз», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом уларни қимматбаҳо совға-саломлар билан тақдирладилар ва: «Ҳамроҳларингиздан бирон киши қолиб кетмадими?» деб сўрадилар. «Нарсаларимизга қараётган бир ёш бола қолди», дейишди элчилар. Расулуллоҳ: «Ўша болани менинг олдимга юборинглар», дедилар. У бола кела солиб: «Эй Расулуллоҳ, мен ҳам сизнинг зиёратингизга келган элчиларданман, сиз бошқаларнинг ҳожатини раво қилдингиз, менинг ҳам талабимни бажо келтиринг», деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Нима талабинг бор?» деб сўрадилар. Элчи бола: «Аллоҳдан мени мағфират қилишини, менга раҳмат қилишини ва бойлигимни қалбимга жо қилишини сўранг» деди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй Аллоҳ, унга мағфират қилгин, шафқатли бўлгин, унинг бойлигини қалбига жо қилган», дея дуога қўл очдилар. Шундан кейин шерикларига буюрилган нарсаларни унга ҳам тайинладилар.

Мулоҳаза билдиринг