Бани Саъд ибн Ҳузайм арабларининг элчилари

3 йил аввал 2049 siyrat.uz

 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига Ҳузоа қабиласидан бани Саъд ибн Ҳузайм арабларининг элчилари ташриф буюришди. Улардан Нуъмон деган элчи бундай ҳикоя қилади: «Биз Расулуллоҳнинг ҳузурига келган пайтимизда араблардан ташқари кўпгина давлатлар у кишига бўйсуниб бўлган эди. Уларнинг бир гуруҳи ихтиёрий тарзда, иккинчи гуруҳи эса қиличдан қўрқиб бош эккан эди. Биз Мадинага келиб, қўналға топиб, жойлашганимиздан кейин масжидга йўл олдик. Биз етиб борганимизда Расулуллоҳ бир майитнинг жаноза намозини ўқиётган эканлар. Биз кўпчиликка қўшилиб жаноза намозини ўқимай, Расулуллоҳ бу ибодатни тугатишларини кутиб, бир четга чиқиб турдик. Расулуллоҳ намоздан фориғ бўлгач, бизни чақириб, кимлигимизни сўрадилар. Биз бани Саъд ибн Ҳузайм арабларидан эканлигимизни айтдик. «Мусулмонмисизлар?» деб сўрадилар Расуллуллоҳ. Биз мусулмонлигимизни, фақат Пайғамбарга байъат қилмай туриб намоз ўқиш дуруст бўлмасмикин, деб ўйлаганимизни айтдик. Расулуллоҳ: «Ислом динини қаерда қабул қилишингиздан қатъи назар, барибир, мусулмон ҳисобланаверасизлар», дедилар. Биз Расулуллоҳга қўл бериб, байъат қилдик ва қўналғамизга қайтиб кетдик. Орамиздаги энг кичигимизни нарсаларимизга қараб ўтиргани қолдирган эдик. Расулуллоҳ бундан хабар топиб, уни чақиртирдилар. Биз уни масжидга бошлаб бордик. У олдинга ўтди-да, мусулмон бўлганини билдириб, Пайғамбар алайҳиссаломга қўл берди. Биз: «Эй Расулуллоҳ, у бизнинг энг кичкинамиз ва хизматчимиз», дедик. Пайғамбар алайҳиссалом: «Қавмнинг хизматчиси қавмнинг хўжаси ҳисобланади. Аллоҳ уни барокатли қилсин», дедилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуолари шарофати билан у Қуръонни яхши ўқийдиган энг яхши одамларнинг бирига айланди. Биз Расулуллоҳдан қимматбаҳо совға-саломлар олиб юртимизга қайтдик.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ