Пайғамбар алайҳиссаломнинг бетоб бўлишлари

743

 

Пайғамбар алайҳиссалом одамларни Ислом динига даъват этишдек Худонинг улкан топшириғини бажо келтирганларидан ва шу туфайли Парвардигори олам у кишининг умматини ҳидоят қилганидан кейин Аллоҳ у Зоти муборакни ўз даргоҳига чорлади. Пайғамбар алайҳиссалом бир куни минбарда ўтириб: «Аллоҳ бир бандасига бу дунёда қолиш ёки у дунёга кетишни исташ ихтиёрини ўзига берди, бу банда у дунёга, кетишни ихтиёр этди», дедилар. Бу гапни эшитган Абу Бакр ҳўнграб йиғлаб юборди: «Эй Расулуллоҳ, ота-онамиз қурбонингиз бўлсин», деди у юрак–бағри эзилиб. Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен Абу Бакрнинг суҳбатидек (ширин) суҳбат кўрмадим, ундан бениҳоя хурсандман. Агар дўст тутсам, албатта, Абу Бакрни дўст тутган бўлардим. Лекин бизга диний қариндошликнинг ўзи кифоя. Масжидга очилган туйнуклардан* Абу Бакрникидан бошқаси ёпиб ташлансин», дедилар.

Ҳижратнинг ўн биринчи йили сафар ойининг охирларида Пайғамбар алайҳиссалом Маймунанинг уйида турганларида бетоб бўла бошладилар. Касал ўн уч кунга чўзилди. Расулуллоҳ ҳар куни аҳлларидан бирининг уйига кўчиб турдилар. Дардлари оғирлашгач, Оишаи Сиддиқнинг уйида муқим туришга бошқа аёлларидан розилик сўрадилар. Бу ерга кўчиб ўтганларидан кейин касал зўрайди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Устимга оғзи очилмаган етти меш сув қуйинглар, одамларга васият қиламан», дедилар. Расулуллоҳни сопол тоғорага ўтқизиб, то қўллари билан бўлди, дея ишора қилгунларича устиларидан сув қуйишди. Сарвари олам кийимлари устидан ҳовурдек уфуриб турган иситма ҳароратини пасайтириш учун ювинишни ихтиёр этган эдилар.

_____________

*Баъзи саҳобаларнинг уйлари масжидга туташ бўлгани учун улар тўппа-тўғри масжидга чиқадиган туйнук очиб олишган эди.

Мулоҳаза билдиринг