Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафот этишлари

1106

 

Шу куни кун пешинга етмай Пайғамбар алайҳиссалом бу дунё билан хўшлашиб, Аллоҳнинг даргоҳига сафар қилдилар. Бу ҳижратнинг ўн биринчи йили, раббиъул аввал ойининг ўн учинчиси, яъни душанба куни эди. (Мелодий 632 йили, 6-ойнинг 8-кунига тўғри келади). Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёшлари қамария йил ҳисоби бўйича 63 ёшу 3 кун, шамсия йил ҳисоби бўйича 61 ёшу 84 кун эди.

Ўша аснода Абу Бакр йўқ эди. У бани Ҳорис ибн Хазраж жамоасига тегишли Санҳ маҳалласида яшовчи хотини Ҳабибани кўргани кетган эди.

Умар Пайғамбар алайҳиссалом ўлди, деган хабарни олиб келганларга қилич яланғочлаб таҳдид солди: «Мусо Пайғамбар Аллоҳнинг ҳузурига бориб, ўз халқидан қирқ кун йироқ турганидек, Расулуллоҳ ҳам Аллоҳнинг даргоҳига кетди. Худо ҳақи, Пайғамбар алайҳиссалом, албатта, қайтиб келиб, мана шундай гап-сўзларни тарқатганларнинг оёқ-қўлини кесиб ташлайди, деб умид қиламан». Расулуллоҳнинг вафотларидан хабар топган Абу Бакр шу заҳоти изига қайтиб, Ҳазрати Оишанинг уйига кирди. У тиз чўкканча Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзларини очиб ўпаркан, ўпкасини босолмай йиғлаб юборди: «Худонинг номи билан қасам ичиб айтаманки, Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Эй Расулуллоҳ, ота-онам Сизга қурбон бўлсин, Сиз ҳаёт чоғингизда қайта ўлим бермайди, деди. Шундан кейин ташқарига чиқиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтди ва йиғилганларга юзланиб:«Кимки Муҳаммадга ибодат қилмоқчи бўлса, Муҳаммад ўлди. Кимки Аллоҳга ибодат қилмоқчи бўлса, АОллоҳ тирикдир, у ҳеч қачон ўлим топмайди», деди ва Зумар сурасининг 30-оятини ўқиди:«Сен ҳам,(расулуллоҳ кўзда тутиляпти) албатта, ўласан, улар ҳам ўлажак», шундан сўнг Оли Имрон сурасининг 143-оятини тиловат қилди: «Муҳаммад эса бир Пайғамбар, ундан илгари ҳам кўпгина пайғамбарлар келиб кетишди. Агар у ўлса, ёки ўлдирилса, орқага қайтасизларми? Орқага қайтувчилардан Аллоҳ сира зарар кўрмайди, шукр қилувчиларни эса Аллоҳ мукофотлайди».

Ҳаяжонланган Умар: «Бу оят илгари қулоғимга чалинмай Абу Бакрдан биринчи марта эшитаётгандек бўлдим», деди.

То мусулмонлар уч кунгача кенгашиб, ўзларига халифа сайлашмагунча Пайғамбар алайҳиссалом дафн этилмадилар. Пайшанба куни эрталаб дафн этишга қарор қилишди. Али ибн Абу Толиб Пайғамбар алайҳиссаломни ювди, унга Аббос, Аббоснинг икки ўғли Фазл билан Қусам ҳамда Усома ибн Зайд, Расулуллоҳнинг озодгардаси Шуқрон ёрдамлашишди. Сарвари олам уч қават либос билан кафанландилар, кафанликлар орасида кўйлак билан салла йўқ эди. Шундан сўнг Расулуллоҳ уй ичидаги сўрига (каравотга) ётқизилдилар. Одамлар кетма-кет кириб жаноза намозини ўқидилар, уларга ҳеч ким имом бўлгани йўқ. Ҳазрати Оишанинг ҳужрасидаги Расулуллоҳнинг жонлари узилган жойда гўр ковланди. Али, Аббос ва у кишининг ўғиллари Фазл билан Қусам Пайғамбар алайҳиссаломни лаҳадга қўйишди. Ердан бир қарич кўтарилган қабрга хасти Билол сув сепди.

Пайғамбар алайҳиссалом вафот этдилар, лекин у Зоти муборак мусулмонларга доно ва тадбиркор Аллоҳ томонидан нозил бўлган, маҳкам тутилса, ҳеч нарса зарар етказолмайдиган, ёлғону туҳматлар сира таъсир ўтказолмайдиган муқаддас Қуръони Каримни қолдириб кетдилар. Аллоҳ Ислом динини камолотга етказиб, ваъдасини рўёбга чиқаргунча дин аҳкомларини ечиб берадиган, мамлакатларни фатҳ этишни давомлаштирадиган ва Ислом динининг қуёш нуридек зиёсидан ҳаммани баҳраманд қиладиган соҳиби карам саҳобаларни қолдириб кетдилар.Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиқиб, оламни иймон нури билан мунаввар этди.Аллоҳдан ўзининг бу улуғ марҳамати ва беадад неъматининг шукронасини адо этишга муваффақ қилишини тилаймиз.

Мулоҳаза билдиринг