Пайғамбар алайҳиссаломнинг сифатлари ва гўзал ахлоқлари

3 йил аввал 7056 siyrat.uz

 

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳеч кимга бермаган бу дунё ва охиратнинг камолотларини ато этган. Сарвари оламнинг изидан бориб, бу дунёда мақтовга, охиратда савобга эришмоқ учун бу бобда* Расулуллоҳнинг бетакрор сифатлари ҳамда гўзал ахлоқлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Аллоҳ ҳаммамизга ҳидоят ато қилиб, бизни тўғри йўлга бошласин. Инсондаги улуғлик ва камолот фазилатлари икки турлидир: биринчиси, дунёвий хислати зарурия бўлиб, у инсон табиати ва яшаш эҳтиёжидан келиб чиқади, иккинчиси, диний хислати қасбия бўлиб, бу сифатга эришганлар мақтовга сазовор ва Аллоҳга яқинлашганлар жумласига киради. Дунёвий хислати зарурия касбий бўлмайди, у инсоннинг ихтиёрига боғлиқ ҳам эмас. Масалан: Пайғамбар алайҳиссаломнинг яратилишларидаги табиий камолотлари, ҳусндаги гўзалликлари, ақлий заковатлари, идрокларининг юксаклиги, тилларининг фасоҳатлилиги, ҳис-туйғу ва баданларининг кучлилиги, ҳаракатларининг мўътадиллиги, насабларининг тозалиги, қавмлари ва юртларининг мўътабарлиги каби хислатлар бўлиб, яшаш зарурати тақозо этадиган овқат, уйқу, кийим-кечак, турар-жой, мол-мулк ва обрў-эътибор кабилар шу жумлага мансубдир; дин, илм, мулойимлик, сабр, шукр, адолат, ҳаққонийлик, таъмадан йироқлик, камтарлик, кечиримлилик, иффат, сахийлик, шижоат, ҳаё, одамгарчилик, камгаплик, тамкинлик, оғир-босиқлик, меҳр-шафқат, ҳуснихулқ, яхши муомала каби юксак ахлоқ-одобнинг барчаси охиратга мансуб хислати касбия саналиб, булар гўзал ахлоқ деб аталади. Инсонда мавжуд табиий йўсиндаги ғайрикасбий камолот хусусиятларининг барчаси Пайғамбар алайҳиссаломнинг вужудларида мавжуд эди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ранг- рўйлари бениҳоя чиройли, гавда тузилиши ва аъзоларининг мутаносиблиги ривоятларда бундай тасвирланади: Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзлари оппоқ, нуроний, кўзлари катта, қорачиғлари тимқора, оқи қизғишга мойил, киприклари қуюқ, қошлари узун, ингичка, қирра бурунларининг учи хиёл эгилган, тишлари гуруч донасидек оппоқ, ораси очиқроқ, пешоналари кенг, юзлари думалоқ, соқоллари қуюқ, кўкраклари кенг, гавдали, билаклари узун, кафтлари, оёқларининг товони кенг, ўрта бўй, миқтидан келган, жундор одам эдилар; кўкракларида пастга қараб ўсган майин ёллари бор эди, кулганларида тишлари худди марварид доналаридек ярқираб кетарди, гапирганларида шуълаланиб, оғизларидан нур таралаётгандек бўларди, бўйинлари ҳам гавдаларига ғоят мос эди.

Баро ибн Озиб: «Умримда қора сочлари қулоқларини босиб тушган, қизил тўнли Пайғамбар алайҳиссаломдан келишганроқ одамни кўрган эмасман», дейди. Абу Ҳурайра: «Мен Расулуллоҳдан кўра чиройли одамни кўрмаганман. Қуёш худди у кишининг юзидан балқигандек туюларди, кулганларида юзларидан нур ёғилиб, шуъласи деворларга тушарди», деб эслайди. Ибн Абу Ҳоланинг ҳадисида: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзи худди ўн тўрт кунлик ойдек нурланиб турарди», дейилган. Ҳазрати Али Расулуллоҳ ҳақида гапириб: «Пайғамбар алайҳиссалом дастлаб кўрган одамга важоҳатли туюларди, яқиндан билгандан кейин эса энг суюкли кишисига айланиб қоларди. Мен Расулуллоҳдек одамни аввал ҳам, кейин ҳам кўрмадим», дейди.

Пайғамбар алайҳиссалом тозаликда, хушбўйликда, ифлослик ва нажосатдан йироқликда алоҳида хусусиятларга эга эдиларки, бундай фазилатлар у Зоти муборакдан бошқа кишида топилмасди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳни шариатининг покизалиги билан янада юксак камолотга эриштирди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ислом дини покизалик асосига қурилган», дея марҳамат қилганлар. Анас:


«Пайғамбар алайҳиссаломдаги хушбўй ҳид мен ҳидлаб кўрган анбарларнинг, ифорнинг ва бошқа мушку анбарларнинг атридан ёқимлироқ эди», деган. Жобир эса «Пайғамбар алайҳиссалом юзимни силаб қўйган эдилар, у кишининг қўлларидан худди аттор (атр сотувчи)нинг қутисидан таралгандек димоғимга гуп этиб хушбўй ис урилди», дейди. Кўпларнинг таъкидлашича, Сарвари олам хушбўй нарсаларни истеъмол қилсалар ҳам, қилмасалар ҳам, у киши билан кўришган одамнинг қўлидан кечгача ёқимли ҳид келиб тураркан. Агар Расулуллоҳ, бирон боланинг бошини силаб қўйсалар, кечгача ўртоқлари унинг ёнидан кетолмай қолишаркан. Имом Бухорий катта тарихда Жобирдан ривоят қилишича, мушк-анбар уфуриб турган кўчадан юрган одам бу ердан, шубҳасиз, Расулуллоҳ ўтганларини билар экан.

Пайғамбар алайҳиссалом ақлда комилликлари, зеҳнлари ўткирлиги, ҳиссиётларининг кучлилиги, тилларининг бийронлиги, ҳаракатларининг чаққонлиги, аҳлоқларининг гўзаллигига қараганда у Зоти муборакни ҳеч шубҳасиз энг ақлли ва энг ҳушёр инсон деб эътироф этиш керак. Сарвари олам илгари ўқиб, хат-савод чиқармаган, махсус сабоқ олмаган, дунёвий ва диний китобларни кўрмаган бўлишларига қарамай, одамларга жуда кўп илмларни ўргатдилар, шариатни барпо этдилар, одамларнинг шахсий ва жамоат ишларини бошқаришлари, халққа қўллаган сиёсатлари, бетакрор хулқ-атворлари ва ажойиб турмуш тарзлари у киши ақл-заковатда комил, идроклари теран зот эканликларини исботлаб турибди. Пайғамбар алайҳиссалом намоз ўқиётганларида орқадаги нарсаларни ҳам худди олдиларидагидек аниқ-тиниқ кўрардилар. Аллоҳ таолонинг Шуаро сурасидаги: «Аллоҳ намозга турган пайтингиздаги ҳаракатларингизни ҳам кўриб туради», деган 219-ояти бевосита юқоридаги фикрларнинг тасдиғидир. Ҳазрат Оиша разияллоҳу анҳо: «Пайғамбар алайҳиссалом қоронғида ҳам худди ёруғ пайтдагидек кўраверар, Хулкардаги ўн бир юлдузни бемалол санай олардилар», дейди. Ривоятларда айтилишича, Расулуллоҳ замонасининг паҳлавони Раконани курашда енгиб, Ислом динига даъват этган эканлар. Абу Ҳурайра: «Мен Пайғамбар алайҳиссаломдан кўра тез юрадиган одамни учратмаганман. У киши йўлга чиққанида ер худди қатламадек қатланиб, қисқараётгандек туюлар, биз қийналиб юрсак, у киши, аксинча, яйраб одимлар, худди тепаликдан пастга тушаётгандек бемалол қадам ташлардиар. Кулганларида овозларини баландлатмай табассум қилар эдилар», дейди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг нутқлари бениҳоя фасоҳатли ва чуқур маъноли эди. Гаплари сунъийликдан холи, равон, жумлалари лўнда, қисқа, тушунарли, фикрлари аниқ, мазмунли, такаллуфсиз ва чуқур маъноли эди. У киши араб тилининг лаҳжаларини, ҳикматли сўзларини кўп билардилар. Ҳар бир халққа уларнинг ўз тили, шеваси ва услубида фасоҳатига яраша гапирар эдилар. Кўпгина саҳобалар сўзларнинг маъносини айтиб беришни Пайғамбар алайҳиссаломдан илтимос қилишарди. Расулуллоҳнинг ҳадислари ва тарихлари билан танишган одам бу нарсани, айниқса,, яхши ҳис этади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Қурайш халқига, Ҳазри Мавж ва Яман подшоларига ҳамда Нажднинг оқсоқолларига айтган гаплари бир-биридан кескин фарқ қилади. У киши бирон қабила билан гаплашганларида улар ёқтирадиган ибораларни ишлатар, ерлик одамларга хуш келадилан услубда сўзлашар эдилар. Сарвари олам мана шу тарзда Ислом динининг таълимотларини одамларга етказар, Қуръон оятларини, шариат аҳкомларини ҳар бир кишининг диди, савиясига мослаб тушунтирар эдилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг фасоҳат билан айтилган чуқур маъноли, лўнда сўзларини шарҳлаб, музмунини чақишга уриниб, услубларини тадқиқ этиб китоблар ёзилган. Қуйидаги ҳикматдан иборат сўз − иборалар Расулуллоҳнинг  донишмандлик ва фасоҳат бобида чинакам камолотга етганликларининг тасдиғидир:

Ҳамма мусулмонларнинг жони баробардур. Уларнинг энг тубани ҳам бировларни асраш кўйида юради, душманга қарши (туришда) уюшқоқ бўлишади.

Инсонларнинг ҳаммаси тароқнинг тишларидек баробардур.

Киши суйган одами билан бирга (бўлади).

Сен бировга раво кўрганни у сенга раво кўрмаса, бундай суҳбатдошликда хосият йўқ.

Инсонлар маъдан конларига ўхшашади.

Ўз қадр-қимматини билган одам ҳалок бўлмайди.

Маслаҳатга чақирилган одам ишончли одам.

Гапириб яхшиликка эришган ёки сукут сақлаб омон қолган бандага Аллоҳ раҳмат қилсин.

Мусулмон бўлсанг саломат бўласан, мусулмон бўлсанг, Аллоҳ икки ҳисса ажр беради. Сизларнинг хушахлоқ, камтар, дўстлаштиргувчи ва дўстликка интилганингииз қиёмат куни менга энг ардоқли ва энг яқин бўладиганингиздир.

У (яъни мусулмон) беҳуда гапирадиган ёки арзимас нарсаларга бахиллик қиладиган бўлиши мумкин.

Иккиюзламачи одам Аллоҳнинг даргоҳида мақбул эмас.

Бундан ташқари, Пайғамбар алайҳиссалом беҳуда баҳс-мунозарани, кўп савол сўрашни, молни исроф қилишни, оналарни ранжитишни, қиз болаларни тириклай кўмишни ман қилиб, айтган гаплари ҳам айни доноликнинг нишонасидур.

Ҳар қандай шароитда Аллоҳга тақводор бўл. Ёмонлик қилсанг, уни яхшилик билан юв. Одамларга хушмуомала бўл. Ишнинг яхшиси ўртачасидир.

Дўстингга ҳаддан ташқари яқин бўлма, бир куни у сенинг душманингга айланиб қолиши мумкин.

Зулм қилувчиларнинг зулми қиёмат куни ўзларига қоронғу зулмат бўлади.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги дуолари ҳам у кишининг юксак фасоҳати ва заковатидан далолат беради:

«Эй Аллоҳ, сендан тилагим шуки, раҳматинг билан қалбимни ҳидоят қилгайсан, ишларимни пароканда этмагайсан, тарқоқ ишларимни жамлагайсан, умид боғлаган ишларимни рўёбга чиқаргайсан, амалимни пок қилғайсан, ишларимни тўғри йўлга солгайсан, дўстлигимни қайтаргайсан, мени барча ёмонликлардан асрагайсан. Эй Аллоҳ, осон ўлимни, шаҳидларча қазони, бахтиёр ҳаётни, душманлар устидан ғалаба қозонишни тилайман».

Бундан ташқари, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўпгина кишилар томонидан зикр этилган сўзлари, нутқлари, хутбалари, дуолари, сулҳномалари ҳайратомуз фасоҳат ва ҳикматга тўладир. Саҳобалар Расулуллоҳга: «Сиздан кўра фасоҳатлироқ гап гапирадиган кишини кўрмадик», дейишганда у Зоти муборак: «Қуръон менинг тилимда, яъни равшан арабий тилда нозил этилган экан, бошқача бўлиши ҳам мумкинми?» дея жавоб қайтарганлар. Расулуллоҳ: «Мен Қурайш қабиласида дунёга келиб, бани Саъд аймоғида вояга етдим», деганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг гап-сўзларида саҳро одамларига хос қудрат ва босиқлик, шаҳарликларга хос нафислик билан назокат жам бўлган. Бундан ташқари, Сарвари олам бошқа одамларга насиб этмайдиган ваҳий орқали Аллоҳнинг мадади ва қўллаб-қувватлашига эришганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом насабларининг асиллиги, юртларининг улуғлиги ҳаммага аён. Расулуллоҳ Қурайш қабиласи Ҳошим жамоасининг кўрар кўзи, арабларнинг энг асили, ота-она томонидан ҳурматга сазовор, Аллоҳ учун ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом учун ҳам азиз маскан ҳисобланмиш Маккадан эдилар. Бу ҳақда китобнинг бош қисмида батафсил гапирилгани учун ортиқча тўхталиб ўтирмаймиз.

Инсон ҳаётига зарур ҳисобланган айрим нарсаларнинг оз бўлиши фазилатдир. Масалан: овқат билан уйқунинг ками шу жумлага киради. Одамлар азалу азалдан меъёрида овқатланиш билан кам ухлашни мақтаб, кўп ейиш билан кўп ухлашни айблашган. Кўп ейиш, кўп ичиш очкўзлик, ҳарислик, шаҳватпарастлик нишонасидир. Кўп ейиш ва кўп ухлаш бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам зарар, кони зиён, турли касалликларни келтириб чиқаради, ақлни заифлаштириб, хомуш қилиб қўяди; оз ейиш эса қаноатнинг, нафсни жиловлай билишнинг, шаҳватни ўлдиришнинг нишонасидир, баданни соғломлаштириб, зеҳнни ўткирлаштиради; кўп ухлаш кишини ланж, заиф, хомуш, ялқов қилиб қўяди, инсон умрини зое кетгизади, дийдасини қотиради, ғафлатда қолдириб, дилини ўлдиради. Пайғамбар алайҳиссалом оз еб, кам ухлаганлар. Шу боис у киши доим оз ейишни тарғиб этганлар: «Одам боласи қорин деган расво идишни тўлдиролгани йўқ. Тўйиш учун бир неча луқма кифоя, Ейиш зарур бўлганда у ошқозоннинг учдан бирини овқат учун, учдан бирини сув учун, учдан бирини нафси учун ажратиб қўйсин» деганлар. Кўп ейиш билан кўп ичиш кўп ухлашга сабаб бўлади. Оиша разияллоҳу анҳо: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг қорни ёлчиб овқатга тўйган эмас. У киши оиласидагилардан бўлакча овқат сўрамас, берганни еб, берганни ичардилар», дейди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен суяниб ўтириб овқат емайман», деганлар. Табиийки, киши чордона қуриб, бемалол суяниб ўтирса, кўпроқ овқат егиси келиши турган гап. Расулуллоҳ эса қовушмасдан чўнқайиб ўтирганларича наридан-бери овқатланганлар. «Мен бир қулман, овқатни қулдек ўтириб ейман», деганлар у Зоти муборак. Расулуллоҳ жуда кам ухлаганлар, шунда ҳам: «Икки кўзим ухлагани билан қалбим сира ухламайди», деганлар.

Инсонда қанча кўп ва қанча юқори бўлса шунча фазилат саналадиган нарсалар бор. Обрў-еътибор шулар жумласидандир. Донолар таъкидлашича, кишининг обрўсига қараб, унинг ҳурмати белгиланади. Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни «Дунё ва охиратда обрўли», дея сифатлаган. Муҳаммад алайҳиссалом эса Пайғамбар бўлишларидан аввал ҳам, кейин ҳам эл-юртнинг ҳурматига сазовор бўлганлар. Мушриклар Пайғамбар алайҳиссалом билан саҳобаларга озор беришни, суиқасд қилишии кўзлашса-да, кўпинча у кишидан ҳайиқишар, барибир, йўриқларига юришарди. Биринчи марта дуч келган одамни Пайғамбар алайҳиссаломнинг салобатлари босарди. Қийла деган аёл Расулуллоҳни кўрганда қўрққанидан оёқ-қўли бўшашиб, қалтирай бошлаганда у киши: «Эй мискина, қўрқма, ўзингни босиб ол», деганлар. Ибн Масъуд ривоят қилган бир ҳадисда айтилишича, бир одам Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, гапиролмай қалт-қалт титрайверганда, Расулуллоҳ: «Қўрқма, мен подшоҳ эмасман», деганлар.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг қадр-қимматлари баландлиги ва Аллоҳ таоло у кишини пайғамбарликка танлагани бу дунёда эришган энг юқори мартабаларидир. Охиратда эса Расулуллоҳ бани Инсон саййидидурлар.

Одамлар мол-дунёси кўплиги билан фахрланишади, бой-бадавлат кишилар бир кунимизга асқотиб, ҳожатимизни чиқарармикин, деган илинжда кишилар уларни катта билиб, иззат-икром қилишади. Мол-мулкнинг кўплиги фазилат эмас, бойлигини ўзининг ва бошқаларнинг эҳтиёжи учун сарфлаб, яхши ном қозонса ва кишиларнинг ҳурматига эришса, аҳли дунё назарида катта олижаноблик ҳисобланади; агар бисотини охиратни кўзлаб яхши йўлларга, фойдали ишларга сарфласа, ҳамма одамнинг назарида фазилат саналади. Бадавлат одам бахил бўлиб, бойлигини яхшиликка сарф этиш ўрнига мол-мулк тўплашга ҳирс қўйса, бундай бойликнинг қадри йўқ, мулкдор эса бахил, пасткаш, деган ҳақоратга учрайди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўлларига ер юзининг хазиналари, мамлакатларининг калитлари топширилган, ғаниматлар у кишига ҳалол қилинган эди. Расулуллоҳ ҳаёт вақтларида Ҳижоз, Яман, Шом, Ироқнинг бир қисми, Араб ярим ороли фатҳ этилиб, жуда кўп ғанимат, хирож, закот моллари келтирилган, яқин−йироқдаги подшоҳлар ҳад-ҳисобсиз совға-саломлар юборишган эди. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом бу нарсаларни шахсий мулк сифатида ўзлаштириб олганлари, бирон тангалик нарсани ўз эҳтиёжлари учун ишлатганлари йўқ, ҳамма нарса тегишли жойга сарфланди. Одамлар бойиб, мусулмонларнинг бели бақувват бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Уҳуд тоғидек олтиним бўлса, ундан Аллоҳ йўлида сарфлаш учун мўлжалланганидан ташқари бирон динорни олиб қолиш мени хурсанд қилмайди», деганлар. Кунларнинг бирида Расулуллоҳнинг қўлларига Мурра динорлари келган эди, унинг озгинасини қолдириб аёлларидан бирининг қўлига бериб қўйдилар. Лекин барибир, ётиб уйқулари келмади, то қолган динорларни ҳам бўлиб бермагунларича кўнгиллари жойига тушмади. Ёнларида ҳеч вақо қолмагандан кейингина: «Энди хотиржам бўлдим», дея енгил тин олганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом вафот этганларида жанговар совутлар оиланинг харажатлари учун гаровга қўйилган эди. У Зоти муборак озиқ-овқат, енгил бош, уй-жойнинг эҳтиёжига ярашаси билан қаноатланганлар, ортиқча нарсаларга сира қизиқма-ганлар. Сарвари олам сира кийим танлаган эмаслар, кўпинча дағал газламалардан тикилган тўн ва шунга ўхшаш либослар киярдилар. Ваҳоланки, ҳузурларига ташриф буюрганларга олтин ҳал билан зийнатланган тўн кийдирар, келолмаганларга жўнатиб юборар эдилар. Бу нарса Пайғамбар алайҳиссалом бу дунёнинг бойлигига сира қизиқмаганликларини, бор нарсаларини мустаҳиқ (закот олиши лозим бўлган одам)ларга сарф этиш фазилатига эга эканликларини кўрсатади. Гўзал одоб-ахлоқлардан иборат хислатлар ҳусни хулқ дейилади. Расулуллоҳ бундай хислатларнинг тимсоли эдилар. У кишининг ҳусни хулқлари ҳар жиҳатдан камолатга етган, мукамммал эди. Аллоҳ таоло Нур сурасининг 4-оятида Пайғамбар алайҳиссаломни мақтаб: «Сен чиндан ҳам юксак ахлоқ эгасисан», деган. Ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг хулқи — Қуръон эди. У киши Қуръон мамнун бўлган нарсадан мамнун бўлар, ғазабланганидан ғазабланардилар», дейди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари: «Мен гўзал ахлоқларни камолга етказиш учун юборилдим», деганлар. Анас: «Расулуллоҳ энг гўзал ахлоқ эгаси эдилар», деган. Муҳаммад алайҳиссалом худди бошқа пайғамбарларга ўхшаш маънавий ва ахлоқий баркамолликка эришган эдилар. Бу Зоти мубораклар пайғамбарликка танланиб, Аллоҳнинг нури дилларини ёритиши билан фазлу камолат чўққисига кўтарилдилар. Парвардигор уларни пайғамбарликка танлаши биланоқ тиришиб ўзларини қийнамай, машқ қилмай, бебаҳо фазилатларга эга бўлдилар. Пайғамбарларга хос бундай гўзал ахлоқ ва хислатлар беҳисоб. Биз уларнинг моҳиятини баён этиш билан чекланиб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Одоб-ахлоқнинг манбаи − ақл. Илм-маърифат − ақлнииг маҳсули. Донолик, теран фикр, ростгўйлик, тўғрилик, узоқни кўра билиш, нафснинг кўйига тушмаслик, аксинча уни тийиш, шаҳват билан курашиш, тўғри тадбир ва тўғри сиёсат юритиш, паст орзу-ҳаваслардан холи бўлиш каби хусусиятларга фақат ақл туфайли эришилади. Пайғамбар алайҳиссалом ақл ва илм жиҳатдан ҳеч кимга насиб этмаган энг юксак даражага етганлар. Бунга Расулуллоҳнинг ҳаёт йўли ва Ислом тарихи билан танишган, у кишининг лўнда, маъноли сўзларини, гўзал ахлоқларини, ҳадисларини ўрганган, Сарвари оламнинг Таврот, Инжил ва бошқа муқаддас китоблар ҳақидаги билимларини, файласуфларнинг фалсафаси ва ўтган умматлар тарихи ҳақидаги билимлари, мақол-маталлари, одамларга қўллаган сиёсий тадбирлари, йўлга қўйилган шариат ҳақидаги билимларини, табобат, алжабр, насабшуносликка оид фикрларини тадқиқ этган кишилар амин бўлишади. Ваҳоланки, Муҳаммад алайҳиссалом уммий Пайғамбар бўлиб, ҳеч қаерда ўқимаган, аввалги китобларни кўрмаган, бировга шогирд тушмаган эдилар, у Зоти муборак фақат Аллоҳ таоло дилларига жо этиб, билдирган илмга эга эдилар, холос. Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўргатган илмлар, келажакдаги содир бўладиган ишлар ҳақидаги башоратлари, яратганнинг қудрати ва мулки азими ҳақида билдирганларидан ташқари  ўз ақлу фаросатларига яраша дунёвий ва ухровий маълумотларга эга эдилар. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 112-оятида Пайғамбар алайҳиссаломга: «Аллоҳ сенга билмайдиган нарсаларингни билдирди, сенга Аллоҳнинг фазли каттадир», дейди.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг мулойимлиги, бағри кенглиги, ўч олишга қодир бўла туриб авф этишлари, бошларига мусибат тушганда, чидам билан енгишлари, сабрлиликлари ҳаммамиз учун ибратдир .Аллоҳ таоло ўз каломида Пайғамбар алайҳиссаломга: «Афвни дўст тутгин, амри маъруф қилгин ва нодонлар билан тенг бўлмагин», дейди. Расулуллоҳ Жаброил алайҳиссаломдан бу оятнинг маъносини тушунтириб беришни сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: «Эй Муҳаммад, Аллоҳ сендан юз ўгирганларга яқин бўлишни, муҳтож бўлганингда ҳеч нарса бермаганларга беришни, зулм ўтказганларни авф этишни буюради», деганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда яна бундай дейди: «Сенга етган азиятларга сабр қилгин, бу улуғ ишдир», Шўро сурасининг 42-оятида: «Кимки сабр қилса, (золимдан ўч олишга қодир бўла туриб қасос олмаса) ва уни афв этса, бу улуғ ишдир». Шунингдек Нур сурасининг 22-оятида: «Афв этсин, бағри кенг бўлсин. Аллоҳнинг сизларга мағфират қилишини истамайсизларми? Аллоҳ мағфират қилгувчидир, бениҳоя меҳрибондир», дейди.Пайғамбар алайҳиссалом ҳақидаги ривоятлардан у Кишида мазкур сифатлар мукаммал жамулжам экани аён бўлади. Ҳар қандай юмшоқ табиат одам ҳам ҳамиша мулойим бўлавермайди. Пайғамбар алайҳисслом икки ишдан бирини танлаш лозим бўлганда гуноҳ бўлмаса, улардан осонроғини танлар эдилар. Агар гуноҳ саналса, бу нарсалардан ўзларини йироқ тутардилар. У киши ўзлари учун ўч олмасдилар, фақат Аллоҳнинг ҳукми оёқ ости қилингандагина Аллоҳ учун қасос олардилар». Одамлар Уҳуд жангида Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошларига жуда кўп кулфатлар солган мушрикларни дуойи бад қилишни сўрашганда, Расулуллоҳ: «Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қилгин, чунки улар (ҳеч нарсани) билишмайди», дея яратганга ёлборганлар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг нечоғли мулойим ва раҳмдил одамликларини Макка фатҳ этилган куни у Кишининг дилларини жуда қаттиқ оғритган, масхаралаб устиларидан кулган, мусулмонларни юртидан ҳайдаб чиқарган ва уларга қарши уруш очган, бунга ҳам қаноат қилмай, бошқа араб қабилаларини тўплаб, Расулуллоҳга қарши гижгижлаган Қурайш мушрикларини афви умумий қилганлари рўйирост кўрсатиб турибди. Расулуллоҳ шу куни улардан: «Мени нима қилади, деб ўйлаяпсизлар?» деб сўрадилар. Мушриклар: «Сен мард қариндошимизнинг мард ўғлисан, бизга, албатта, яхши муносабатда бўласан, деб ўйлаймиз», дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Боринглар, ҳаммангиз озодсиз!» дедилар. Анас бундай дейди: «Мен Расулуллоҳнинг ёнларида турган эдим. Аробийлардан бири келиб, тўнларининг этагидан қаттиқ тортган эди, ёқаси Пайғамбар алайҳиссаломнинг бўйинларини қийиб юборди. «Эй Муҳаммад, ёнингдаги Аллоҳнинг молидан манави икки туямга ортиб бер, асаканг кетмайди. Менга ўзингнинг ёки отангнинг молидан бермайсан», деди аробий сурбетлик билан. Расулуллоҳ бироз сукут сақлаб тургач: «Бу−Аллоҳнинг моли, мен Аллоҳнинг бир бандасиман, сенинг қилмишинг учун ўч оламан», дедилар. Аробий: «Йўқ, ўч олмайсан», деди. Расулуллоҳ ҳайрон бўлиб: «Нега ўч олмас эканман?» — деб сўрадилар. Аробий ҳозиржавоблик билан: «Сен ёмонликка ёмонлик қилмайсан», деди. Пайғамбар алайҳиссалом кулиб любордилар ва аробийнинг бир туясига арпа, иккинчисига хурмо ортиб беришни буюрдилар».

Оиша разияллоҳу анҳо: «Агар Аллоҳнинг ҳурмати оёқ ости қилинмаса, Расулуллоҳ ўзларига зулм ўтказганлардан нолиганларини ёки ўч олганларини сира эслолмайман. Пайғамбар алайҳиссалом худо йўлида олиб борилган жангдан бошқа жойда бирон кимсани чертмаганлар; умриларида на хизматкорлари, на аёлларини бир шапалоқ урмаганлар», деб эслайди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳга раҳмат ёғдирсин! Мусулмонлар суннатларига эргашиб, у кишини рози қилишсин!

Сахийлик ва мардлик бобида замондошлари орасида Пайғамбар алайҳиссаломга тенг келадиган одам йўқ эди. Жобирнинг айтишича, биров нима сўрамасин, Расулуллоҳ сира йўқ деган эмас эканлар. Ибн Аббос: «Яхшилик учун Расулуллоҳнинг қўллари ҳаддан ташқари очиқ эди. Айниқса, рамазон ойида сахий бўлиб кетардилар. Жаброил билан учрашган кезлари одамларга яхшилик қилиш учун елдиримдек тез елиб-югурар эдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Ҳавозин қабиласи асирларини озод қилиш учун қўллаган тадбирлари, дили Ислом динига мойил одамларга жуда кўп мол-мулк берганлари у Кишининг саховатларига далилдир. Бу ҳақда юқорида батафсил тўхталиб ўтдик.

Кунларнинг бирида Пайғамбар алайҳиссалом қўлларига тушган тўқсон минг динорни бўйра устига ташлаб, охирги чақасигача саҳобаларга бўлиб бердилар. Бир одам келиб Расулуллоҳдан нарса сўраганда у Киши:«Ёнимда ҳеч вақо йўқ, лекин сенинг сўраганинг менинг гарданимда қарз бўлиб турсин, қўлимга бирон нима тушган заҳоти бераман», деганлар. Умар ибн Хаттоб: «Аллоҳ сизни бажо келтириб бўлмайдиган ишга ундагани йўқ-ку», деганида, Расулуллоҳ унинг гапини хушламай жавобсиз қолдирганлар. Ансорлардан бир киши: «Эй Расулуллоҳ, бераверинг, худо бор, камбағал бўлиб қолишдан қўрқманг», деганида Сарвари олам кулимсираб: «Мен шундай қилишга буюрилдим», дея жавоб қайтарганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саховатларига доир мисоллар ҳаддан ташқари кўп, уларнинг ҳаммасини баён этишнинг имкони йўқ.

Пайғамбар алайҳиссалом жасоратли ва ботир киши эдилар, шерюраклиги билан донг таратган одамлар қалтис вазиятларда орқага чекинганларида ҳам, Сарвари олам жанг майдонини ташлаб қочмаганлар. Аксинча, олға интилиб, ҳаммани курашга ундаганлар, орқага чекинишни хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Расулуллоҳнинг Ҳунайн ва Уҳуд ғазотидаги қаҳрамонликларини юқорида баён этдик. Ибн Умар: «Расулуллоҳдан кўра жасур, сахий, қаноатли кишини кўрган эмасман», дейди. Али ибн Абу Толиб:«Биз энг мушкул пайтларда Расулуллоҳга илтижо қилардик. Жанг майдонларида, Пайғамбар алйҳиссалом душманга энг яқин жойда турардилар, Бадр ғазотида Расулуллоҳ ғаним билан юзма-юз туриб, мислсиз қаҳрамонлик кўрсатдилар», дейди. Анас: «Расулуллоҳ энг қаҳрамон, энг чиройли, энг сахий киши эдилар. Бир куни кечаси Мадина аҳолиси ваҳимали овоздан уйғониб, душман ҳужум қилган бўлса керак, деган хаёлда қуролланиб, овоз келган томонга қараб юрди. Ваҳоланки, Расулуллоҳ аллақачон Абу Талҳанинг яйдоқ отига миниб, вазиятни аниқлаб келибдилар. «Қўрқманглар, ҳеч гап йўқ!» дея одамларни хотиржам қилдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом дунёдаги энг ҳаёли одам бўлганлар, бировларнинг айбларини кўриб туриб кўрмасликка олардилар. Абу Саид Худрий: «Расулуллоҳ гўшангадаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар.  Олийжаноб ва ҳаёли бўлганлари учун бировларга малол келадиган гапни юзма-юз туриб айтмасдилар», деб эслайди. Ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ бировлар ҳақида бирон ёмон гап эшитсалар, ҳеч қачон фалончи бундай иш қилибди, деб отини атамас, аксинча, орамизда шундай иш қилиб юрганлар бор экан, дея танбеҳ бериш билан чекланардиар. У Киши одоб- ахлоққа зид сўз, хатти-ҳаракатлардан йироқ эдилар. Бозорларда шовқин-сурон солмас, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, ёмонлик қилганларни, албатта, афв этардилар. Ҳазрати Али: «Пайғамбар алайҳиссалом энг бағри кенг, энг ростгўй, энг мулойим ва энг хушмуомала одам эдилар», дейди. Расулуллоҳ кишиларни ўзларидан йироқлаштирмас, аксинча, доим ўзларига жалб этиб турардилар. Ҳар бир қавмнинг яхши одамини эъзозлаб, уни ўз аймоғига бошлиқ қилиб қўярдилар. Одамларни бирон нарсадан огоҳлантирганларида авзоларини ўзгартирмай ва пешоналарини тириштирмай гапирардилар. Расулуллоҳ ўта ҳушёр одам эдилар. Саҳобаларни тез-тез йўқлаб турардилар, давраларда суҳбатдошларига ўзига яраша жой кўрсатардилар. Бундай йиғинда иштирок этган кишиларнинг ҳар бири Расулуллоҳ ҳаммадан кўра менинг ҳурматимни жойига қўйдилар, деган фикр билан ўз кўнглини чоғ этарди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳожатманд бўлиб келган одамни бажонидил қабул қилиб, арзига сабр-тоқат билан қулоқ солардилар. Имкони бўлса, бундай одамларнинг ҳожатини чиқарар, имкони бўлмаса, яхши гап билан кўнглини овлаб кузатардилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг феъл-атворлари шу қадар ёқимли эдики, одамлар у Кишининг бундан бошқача бўлишлари мумкинлигини тасаввур этишолмасди. Ҳақиқат олдида Расулуллоҳ учун кишиларнинг ҳаммаси баробар эди. Ибн Абу Ҳола у Кишини шундай таърифлайди: «Расулуллоҳ ҳамиша очиқ чеҳра, ёқимли, мулойим эдилар. У Киши тўнг, қўпол, шовқин соладиган, одобсиз, ҳаддан зиёд айблагувчи ёки мадҳияловчи эмасдилар». Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 159-оятида Расулулоҳга мурожаат этиб тайинлайди: «Сен Аллоҳнинг раҳмати билан уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, бағритош бўлганингда, улар ёнингга яқин йўлашмасди. Уларни афв эт, улар учун истиғфор айт, ҳамма ишда улар билан кенгаш». Аллоҳ таоло Фуссилат сурасининг 34-оятида яна бундай деб уқтиради: «Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтар. Шундай қилсанг, сен билан адоватда бўлган одам дўстингга айланади».

Пайғамбар алайҳиссалом чақирган ерга борардилар, берилган совға оз бўлса-да, рад этмай олардилар ва шунга яраша қайтарардилар. Саҳобалари билан ҳазиллашардилар, борди-келди қилардилар, дардлашиб кўнгилларининг чигилини ёзардилар, уларнинг болаларини эркалатардилар, ўз ҳужраларига таклиф этардилар, хоҳ ҳур одам, хоҳ қул, хоҳ канизак, хоҳ ғариб-бечора бўлсин, чақирган одамнинг таклифини рад этмай, албатта, борардилар. Мадинанинг нариги чеккасидаги касалларни ҳам бориб кўрардилар, узр айтувчиларнинг узрини қабул қилардилар. Анас айтади: «Бирон киши Расулуллоҳнинг қулоқларига шивирласа, унинг гапи тугамагунча бошларини олиб қочмасдилар; кўришганда то бошқалар қўлини қўйиб юбормагунча қўлларини тортиб олмасдилар, учраганларга олдин салом берардилар, саҳобаларга аввал қўл узатардилар, бировларни қийнаб қўймаслик учун саҳобаларнинг олдида оёқларини узатиб ўтирмасдилар, ҳузурларига кирган одамни иззат-икром билан кутиб олардилар, уларнинг тагига тўшак ёки тўнларини солардилар, кўнмаганига қўймай меҳмонни тўрга чиқарардилар, саҳобаларни исм-шарифи билан тўлиқ атардилар, уларни ҳурматлаб, энг яхши кўрадиган исмлари билан мурожаат қилардилар; гапираётган одам, ким бўлишидан қатъи назар, гапини бўлмасдилар, Қуръон оятлари нозил бўлаётган ёки ўзлари ваъз айтаётганларида кўнгиллари яйраб, табассум билан чеҳралари очилиб юрардилар.

Пайғамбар алайҳиссалом одамларга меҳрибон, марҳаматли эдилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримдаги Тавба сурасининг 128-оятида Расулуллоҳни сифатлаб: «Сизларнинг бошингизга мусибат тушса, У бундан эзилади, У сизларни яхши кўради, мўминларга меҳрибон, марҳаматлидир», деса, Анбиё сурасининг 109-оятида: «Биз сени бутун оламга раҳмат қилиб юбордик», дейди.

Ривоят қилинишича, бир аробий Расулуллоҳдан нарса сўраб келган. «Пайғамбар алайҳиссалом унга сўраганини бериб: «Рози бўлдингми?» деб сўраганларида, аробий: «Йўқ, мени рози қилолмадинг», дея жавоб қайтарган. Саҳобалар жаҳли чиқиб ўринларидан туриб кетишган. Расулуллоҳ уларни қўл ишораси билан қайтариб, аробийни уйларига олиб кетганлар ва талай нарса бериб: «Энди розимисан?» деб сўраганлар. Аробий: «Ҳа, энди рози бўлдим, Аллоҳ сенга оилангдан, хеш-ақраболарингдан яхшилик қайтарсин», деган. Расулуллоҳ: «Агар шу гапингни саҳобаларнинг олдида айтганингда, кўнгиллари эрирди, бояги муомалангдан кейин уларнинг дили ғаш бўлиб қолди», дедилар. Аробий у Кишининг гапига биноан эртасига келади. Расулуллоҳ саҳобаларга: «Бу кеча сизларни хафа қилган гапни айтган аробий,сўраган нарсаларини берганимдан кейин рози бўлди. Ростми?» дедилар. Аробий: «Рост. Аллоҳ сенга оилангдан ва хеш-ақраболарингдан яхшилик қайтарсин!» дея кечаги гапни такрорлади. Расулуллоҳ саҳобаларга: «Иккаламизнинг ўртамиздаги гап туяси қочиб кетган одамнинг ишига ўхшайди. Бир одамнинг туяси қочиб кетибди, одамлар уни қувлаган сари тезроқ югурибди. Туянинг эгаси: «Бўлди, аралашманглар, ўзимнинг туямни ўзим тутиб оламан», дебди. Озгина ўт юлиб, туяни ушлабди, юкларини ортиб дарров миниб олибди. Агар мен аробийни кечаги гапи учун қўйиб берганимда сизлар уни ўлдириб қўярдинглар, у дўзахга кирар эди». Расулуллоҳ айтадилар: «Саҳобаларим ҳақида менга иғвогарлик қилманглар. Мен сизларнинг ҳузурингизга кўнглим ёришиб чиқишни истайман».

Расулуллоҳ намоз ўқиётганларида ёш боланинг йиғисини эшитсалар, ибодатни қисқартирардилар. Ибн Масъуд: «Расулуллоҳ бизга малол келмасин деб ваъзни ҳам қисқароқ қилардилар», дея хотирлайди.

Пайғамбар алайҳиссалом вафодор, сўзининг устидан чиқадиган, силаи раҳмли Зот эдилар. Абдуллоҳ ибн Хамсо бундай ривоят қилади: «Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан илгари у Кишидан бир нарса сотиб олгандим, менда озгина пул қолганди. Пулни бир жойга олиб келиб беришга ваъдалашиб, эсимдан чиқиб кетибди. Уч кундан кейин келсам, Расулуллоҳ кутиб ўтирибдилар.«Мени роса сарғайтирдинг-ку, уч кундан бери кутиб ўтирибман», дедилар».

Бирон жойдан совға-салом келиб қолса, Расулуллоҳ, бу нарсани фалончи хонимга элтиб беринглар, у Хадичанинг дугонаси эди, уни жуда яхши кўрарди, дер эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом хеш-ақробаларига уларнинг даражасига қараб силаи-раҳм қилар эдилар. Бир куни ҳузурларига келган элчилар ҳайъатини Расулуллоҳнинг ўзлари кутиб, хизмат қилганлар. Саҳобалар шу хизматни биз қилсак, бўлмайдими, дсб ажабланишган. Расулуллоҳ: «Улар саҳобаларимизни иззат-икром қилишган, уларни шунга яраша мукофотламоқчиман», деганлар. У Зоти муборакка пайғамбарлик ваҳийси келганда, ҳазрати Хадича разияллоҳу анҳо: «Суюнаверинг, Аллоҳ сизни асло шарманда қилмайди. Сиз силаи-раҳм қиласиз, ожизларга ёрдам берасиз, ғарибларнинг ҳолидан хабар оласиз, меҳмонни яхши кутасиз, ҳақни ўз жойида қарор топтириш учун курашасиз», деганлар.

Пайғамбар алайҳиссалом мартабалари баланд, насл-асаблари улуғ бўлса-да, камтар, камсуқум Зот эдилар. У кишининг камтарликлари шу даражада эдики, подшо- пайғамбарлик билан банда-пайғамбарликдан бирини танлаш имтиёзи берилганда, у Киши банда Пайғамбар бўлишни ихтиёр этганлар. Бир куни Расулуллоҳ асо тутиб саҳобаларнинг олдига чиққанларида ҳурматлари учун улар гурра ўрнидан қўзғолишган. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ажам (эронлик)лар бир-бирини улуғлаб ўринларидан қўзғолгандек сакраб турманглар. Мен ҳам бир бандаман, еб-ичишда, ётиб-туришда сизлардан фарқим йўқ», деганлар. Расулуллоҳ кўпинча эшакда юрардилар, доим орқаларига бировни мингаштириб олардилар, мискинларнинг ҳолидан хабардор бўлардилар, ғарибу ғураболар билан суҳбатлашиб ўтирардилар, қул уйига таклиф этса ҳам, борардилар, қаерда дуч келсалар, саҳобалар билан аралашиб кетаверардилар. У Киши доим: «Мени насоролар Ийсони учиргандек учириб юборманглар. Мен ҳам бир бандаман, мени Аллоҳнинг бандаси ва элчиси деб билинглар», дер эдилар.

Расулуллоҳ ҳаж қилганларида минган туяларининг устида эски тўқим, энгилларида тўрт дирҳамга ҳам арзимайдиган жун ёпинчиқ бор эди. Сарвари олам: «Эй Аллоҳ, ҳажимни риёсиз ва шон-шавкатсиз қилгин», дея Худога ёлборар эдилар. Ваҳоланки, у пайтда араб замини фатҳ этилиб, Расулуллоҳ шу ҳаж чоғида юзта туяни қурбонлик қилган эдилар. Макка фатҳ этилган куни Расулуллоҳ Ислом лашкари билан Маккага кираётганларида Аллоҳга тавозуъ қилиб, бошлари тўқимга теккунча қуйи эгилган эди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу шундай дейди: «Бир куни Расулуллоҳ билан бирга бозорга бориб, у кишига кийимлик олдик. Сарвари олам газлама учун ортиқча ҳақ тўладилар. Сотувчи қувониб кетганидан у Кишининг қўлини ўпмоқчи бўлди. Расулуллоҳ шартта қўлларини тортиб олдилар-да: «Бу − ажамларнинг одати. Улар подшоҳларининг қўлини шундай ўпишади, мен подшоҳ эмас, сизларга ўхшаган оддий бир одамман», дедилар. Олинган газламани мен кўтариб юрмоқчи эдим: «Ҳар ким ўзига тегишли нарсани ўзи кўтариб юриши керак, деб менга бермадилар».

Пайғамбар алайҳиссалом азалдан энг ишончли, энг ростгўй одам эдилар. Расулуллоҳнинг бу фазилатларини ҳатто душманлари ҳам эътироф этишарди. Пайғамбарлик шарафига эришмасларидан аввал ҳам у кишини амин, яъни ишончли деб аташар, ёшу қари бирдек ҳурмат қилишарди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг яна бир фазилатлари ўзларининг гапларидан ойдинлашади. «Никоҳимда бўлмаган бирон аёлнинг қўлини тутган эмасман», дейдилар у Зоти муборак. Абул Аббос янада ибратли бир воқеани ҳикоя қилади: «Кисро кунларни тақсимлаб, бўрон чиққан куни ухлаш, ҳаво булутли кунда овга чиқиш, ёмғирли кунда нағма-наво тинглаб, шароб ичиш, қуёш чарақлаб турган кунда ишлаш керак, деган. Пайғамбар алайҳиссалом эса кунни учга бўлиб, бир қисмини Аллоҳ учун, бир қисмини оилалари учун, қолган қисмини ўзлари учун тақсим этганлар. Ўзлари учун ажратилган қисмини эса одамларнинг ҳожатини чиқариш учун сарфлаганлар. Саҳобаларни ҳам кўпнинг ҳожатини чиқаришга ундаб: «Мен мушкулини осон этолмаган кишиларнинг ҳожатини раво қилинглар. Ҳожатманднинг мушкулини осон этган одамни Аллоҳ қиёмат кунининг ваҳимасидан асрайди», — деганлар. Расулуллоҳ ҳеч қачон бировнинг гуноҳи учун бошқа кишини жазолаган эмаслар, бировнинг устидан иғво қилган кимсаларнинг гапига қулоқ солмасдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом ўта вазмин, хушахлоқ, кўпинча юкинган куйи сукут сақлардилар, фақат лозим бўлгандагина гапирардилар. У кишининг гаплари айни вақтида айтилиб, юракка эм бўларди. Беҳуда чакак урадиганларнинг гапига қулоқ солмасдилар, қаҳ-қаҳ отмасдан фақат табассум билан кулардилар, саҳобалар ҳам у кишига ҳурматан ва тақлидан табассум билан кифояланишар эди. Расулуллоҳнинг суҳбатлари ширин, ҳаёли, дилни яйратадиган ва амин кайфиятда ўтарди. У Киши бор даврада ҳеч қачон шовқин-сурон, хунук гап эшитилмасди. Сарвари олам гапираётганларида суҳбатдошлари худди бошларига хумо қуши қўнгандек қилт этмай тинглашарди. Ибн Абу Ҳола: «Расулуллоҳнинг сукутлари тўрт хил эди: «Ёқимли, эҳтиёткорона, бировга малол келмайдиган ва чуқур тафаккурга тўла», деб эслайди. Ҳазрати Оиша: «Расулуллоҳнинг сўзлари маъноли, худди санаса бўладиган даражада дона-дона эди. Сарвари олам хушбўй нарсаларни яхши кўрар, уларни кўп ишлатар ва бошқаларга ҳам тавсия этардилар», деб эслайди. Расулуллоҳ овқат ва ичим




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ