Рум қайсарига юборилган мактуб

1 ўн йил аввал 5674 siyrat.uz

Ўша вақтда Рум давлати – Византия империяси дунёни ларзага солиб турган икки давлатнинг бири эди. Бу давлат ўша вақтда оламнинг ярмига ўз ҳукмини юритиб турарди, деган одам муболаға қилмаган бўлади. Ўша вақтда бу давлатнинг императори Ҳерақл биринчи бўлиб, у асли юнонлик оилада туғилган эди. Ҳерақлнинг отаси Рум давлатининг Африқодаги бўлагининг ҳокими эди. Шунинг учун ҳам Ҳерақл Африқонинг Картонж шаҳрида ўсди. Кўп курашлардан сўнг 610 милодий санада ҳалокат ёқасига келиб қолган Византия давлатига бош бўлди. Аввалига айтарли бир иш қила олмади. Аммо милодий 616 санадан бошлаб унинг шахси ҳам, сиёсати ҳам кескин ўзгарди. Форс давлатига қарши урушларда бирин-кетин ғалабаларга эриша бошлади. Тарихчиларимиз худди ўша йили Қуръони Каримнинг Рум давлати Форс давлатини келажакда енгиши ҳақидаги оятлари нозил бўлганини таъкидлайдилар. Ҳерақл милодий 625 санада Қустантинияни эгаллади. Милодий 629 санада Байтул Мақдисга музаффар бўлиб кириб борди. Ана ўша ерда унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактублари етиб борди. Диҳятул Калбий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини саҳобалардан Бусронинг ҳокимига олиб бориб берди. У эса ўз навбатида Ҳерақлга етказди. Мактубда қуйидагилар ёзилган эди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси ва Расули Муҳаммаддан Румнинг улуғи Ҳерақлга. Ҳидоятга эргашганларга саломлар бўлсин. Аммо баъд: Мен сени Ислом чақириғига даъват қилурман. Мусулмон бўл, саломат бўласан. Аллоҳ сенинг ажрингни икки марта берур. Агар юз ўгириб кетсанг, Арисиййиннинг гуноҳи сенга бўлур. «Эй аҳли китоблар! Биз билан сизнинг ўртамизда баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-биримизни Робб қилиб олмайлик», дегин. Бас, агар юз ўгирсалар: «Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз», – деб айтинглар». Ушбу мактубдаги «арисиййин» сўзи бошқа мактубларда йўқ. Бу сўз ҳақида аввалги тарих ва луғат уламолари кўп тортишганлар. Аллома Абул Ҳасан ан-Надавий ҳазратлари баҳс этиб, бу сўз масиҳийларнинг ақийдасида тавҳид масаласини олдинга сурган Ариюс исмли машҳур дин пешвоси номи ила аталадиган мазҳаб эканлигини таъкидлайдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақ Пайғамбар бўлганлари учун ўз мактубларида ҳеч ким билмаган бу мазҳабни ёзган эканлар. Ҳерақл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини олганидан кейин бу масалани яхшироқ ўрганишга қарор қилди. Ўз одамларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида маълумот биладиган одам топиб келишни амр қилди. Иттифоқо, ўша пайтда Абу Суфён тижорат билан Fазза шаҳрига борган эди. Ҳерақлнинг одамлари уни топиб келишди. Ҳерақл Абу Суфёндан ўта оқилона саволлар сўради. Бу суҳбат жуда ҳам ибратлидир. Икки киши Ислом даъватининг дастлабки босқичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида суҳбат қиладилар. Савол берувчи – умуман бегона, аммо самовий динга эътиқод қилган шахс. Жавоб бергувчи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ашаддий душман, мушрик. Келинг, ўша суҳбатга қулоқ осайлик. Ҳерақл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида сўрайди. Абу Суфён Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида жавоб беради. Ҳерақл: «Унинг насаби қандай?» Абу Суфён: «У ичимизда насаблидир». Ҳерақл: «Сизлардан биров ундан олдин ушбу гапни айтганми?» Абу Суфён: «Йўқ». Ҳерақл: «Унинг ота-боболаридан подшоҳ ўтгани борми?» Абу Суфён: «Йўқ». Ҳерақл: «Унга одамларнинг ашрофлари эргашдими, заифларими?» Абу Суфён: «Заифлари». Ҳерақл: «Улар кўпаймоқдаларми, озаймоқдаларми?» Абу Суфён: «Кўпаймоқдалар». Ҳерақл: «Унинг динига кирган бирор киши аччиқ қилиб, диндан чиқадими?» Абу Суфён: «Йўқ». Ҳерақл: «У айтганини айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингларми?» Абу Суфён: «Йўқ». Ҳерақл: «Алдайдими?» Абу Суфён: «Йўқ. Биз ҳозир уни кутиш муддатидамиз. Нима қилишини билмаймиз». (Абу Суфён ушбу гапларни одамларга айтаётиб, «Ҳерақл менга ушбу калимадан бошқа гап қўшишга имкон бермади», деган.) Ҳерақл: «У билан жанг қилдингларми?» Абу Суфён: «Ҳа». Ҳерақл: «Унга қарши жангингиз қандай бўлди?» Абу Суфён: «Гоҳ ундай, гоҳ бундай. У бизни енгади, биз уни енгамиз». Ҳерақл: «Сизларга нимани амр қилади?» Абу Суфён: «Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилинглар. Унга ширк келтирманглар. Ота-боболарингиз айтадиган нарсани тарк қилинг», дейди. Бизни намозга, ростгўйликка, иффатга ва силаи раҳмга амр қилади». У таржимонга: «Бунга айтгин, «Мен сендан унинг насаби ҳақида сўраган эдим. Сен унинг ичингиздан насабдорлигини айтдинг. Пайғамбарлар доимо ўз қавмининг насаби ила юбориладилар. Мен сендан «Сизлардан биров ундан олдин ушбу гапни айтганми?» деб сўрадим. Сен «Йўқ», дединг. Агар биров ундан олдин бу гапни айтган бўлганида, «Ўзидан олдин айтилган гапни айтмоқда», дер эдим. «Унинг ота-боболаридан подшоҳ ўтган борми?» деб сўрадим. Сен «Йўқ», дединг. Агар ота-боболаридан подшоҳ ўтгани бўлганида, «Ота-боболарининг мулкини талаб қилмоқда», дер эдим. «У айтганини айтишидан олдин уни ёлғончиликда айблар эдингларми?» деб сўрадим. Сен «Йўқ», дединг. Биламанки, одамларга ёлғон гапирмаган одам ҳеч қачон Аллоҳга ёлғон гапирмайди. «Унга одамларнинг ашрофлари эргашдими, заифларими?» деб сўрадим. Сен «Заифлари эргашдилар», дединг. Улар пайғамбарларнинг атбоъларидир. «Улар кўпаймоқдаларми, озаймоқдаларми?» деб сўрадим. Сен «Улар кўпаймоқдалар», дединг. Иймоннинг иши то батамом бўлгунча шундай бўлур. «Унинг динига кирган бирорта киши аччиқ қилиб, диндан чиқадими?» деб сўрадим. Сен «Йўқ», дединг. Иймоннинг ҳаловати қалбларга кирганда шундай бўлади. «Алдайдими?» деб сўрадим. Сен «Йўқ», дединг. Ана шундай. Пайғамбарлар алдамайдилар. «Сизларга нимани амр қилади?» деб сўрадим. Сен «Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилинглар. Унга ширк келтирманглар. Ота-боболарингиз айтадиган нарсани тарк қилинг», дейди. Бизни намозга, ростгўйликка, иффатга ва силаи раҳмга амр қилади», дединг. Агар сен айтган гап ҳақ бўлса, албатта, у менинг ушбу қадамим остини эгаллайди. Мен унинг чиқишини билар эдим. Лекин унинг сизлардан бўлишини ўйламаган эдим. Агар унга холис бўла олишимни билганимда, у билан учрашишга уринар эдим. Агар унинг ҳузурида бўлганимда, оёқларини ювар эдим», деди. Сўнгра Румнинг улуғларига қасрга киришга изн берди ва қасрнинг эшикларини қулфлатиб қўйди. Кейин ўртага чиқиб: «Эй Рум улуғлари! Агар сиз нажотни, рушди ҳидоятни ва мулкингиз собит бўлишини истасангиз, ушбу пайғамбарга байъат қилинг», деди. Улар қочиб, ўзларини эшикка урдилар. Эшиклар қулфланган эди. Ҳерақл уларнинг қочишини кўриб, иймондан ноумид бўлганидан сўнг «Уларни олдимга қайтариб келинглар», деди ва: «Мен ҳалиги гапларни сизларнинг динингизга мустаҳкамлигингизни синаб кўриш учун айтган эдим. Батаҳқиқ, уни кўрдим» деди. Уларнинг барчаси унинг оёғига йиқилдилар ва ундан рози бўлдилар. Шундай қилиб, Ҳерақл подшоҳликни ҳидоятдан устун кўрди ва яна айшу ишратга берилиб кетди. Охири милодий 641 санада Қустантинияда вафот этди ва ўша ерга кўмилди. Унинг мулки мусулмонлар сабабидан заволга учради. Византия империясининг Осиё ва Африқодаги мулклари Ислом давлати ихтиёрига ўтди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ