Муқавқисга юборилган мактуб
1 ўн йил аввал 2335 siyrat.uz
Ўша пайтларда Мисрга подшоҳлик қилган киши «Муқавқис» деб аталган. Қадимдан Миср Византия империясига қарам бўлиб келган. Миср ҳокими Византия императорининг ноиби ҳисобланган. Ўша вақтдаги Муқавқис Мисрнинг ерлик аҳолиси – қибтийлардан чиққан бўлиб, асл исми Журайж бўлган. Шу билан бирга, Мисрга Византиянинг таъсир кучи йўқолиб, у деярли мустақил бўлиб қолган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муқавқисга Ҳотиб ибн Абу Балтаъа орқали юборган мактубларининг матни қуйидагича бўлган:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг бандаси ва Расули Муҳаммаддан Қибтнинг улуғи Муқавқисга. Ҳидоятга эргашганга саломлар бўлсин. Аммо баъд:
Мен сени Ислом чақириғига даъват қилурман. Мусулмон бўл, саломат бўласан. Аллоҳ сенинг ажрингни икки марта берур. Агар юз ўгириб кетсанг, аҳли қибтнинг гуноҳи сенга бўлур.
«Эй аҳли китоблар! Биз билан сизнинг ўртамизда баробар сўзга келинг: Аллоҳдан ўзгага ибодат қилмайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, бир-биримизни Робб қилиб олмайлик», дегин. Бас, агар юз ўгирсалар: «Гувоҳ бўлинглар, биз, албатта, мусулмонлармиз», – деб айтинглар».
Муқавқис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини катта эҳтиром билан кутиб олди. У Зотга ҳадялар билан бирга иккита жория ҳам юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бирини никоҳларига олдилар. Бу аёл – Мория Қибтийя онамиз розияллоҳу анҳо эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Иброҳим исмли ўғиллари ана шу завжаларидан эди.
Аввалги мақола
Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалласга турмушга чиққанларида неча ёшда бўлганлар?
Кейинги мақола
Араб амирларига йўлланган мактублар
Мавзуга оид мақолалар