Хайбар ғазоти

1 ўн йил аввал 3156 siyrat.uz

Хайбар Мадинаи Мунавварадан етмиш милча узоқликдаги жой бўлиб, у жойни яҳудийлар босиб олишган эди. Ислом зоҳир бўлгандан кейин мусулмонларга хиёнат қилган яҳудийлар ҳам қочиб келиб, шу ерга жойлашган эдилар. Хайбар яҳудийлар томонидан Ислом давлатига доимий таҳдид солиб турадиган ҳарбий истеҳкомга айлантирилган эди. Мадинаи Мунавварадан сургун қилинган Бану Назир яҳудийлари ҳам Хайбарга жойлашган эдилар. Улар атрофдаги қабилаларни, хусусан, Fатафон қабиласини ўзлари билан Мадинаи Мунавварага ҳужум қилиб, мусулмонларни йўқ қилиб ташлашга чорлаётган эдилар. Ушбу режалардан хабар топганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам еттинчи ҳижрий сананинг Муҳаррам ойи охирларида Хайбарни фатҳ қилишга қарор қилдилар. У Зот бу ғазотга фақат Ҳудайбия иштирокчилари чиқишини қаттиқ таъкидладилар. Ҳудайбияга чиқмай қолганларга изн бермадилар. Хайбарга бир минг тўрт юз саҳобий чиқди. Беморларни даволаш, ярадорларга қараш, таом тайёрлаш учун саҳобия аёллардан ҳам йигирма киши чиқди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам лашкарларини Мадина билан Fатафон орасида жойлашган Рожийъ номли жойга туширдилар. Натижада ғатафонликларнинг яҳудийларга ёрдамга келиш йўли тўсилди. Лекин ғатафонликлар урушга аралашмадилар. Улар ўз жойларидан чиқмай, томошабин бўлиб турдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таомларни жамлашга амр қилдилар. Фақат талқондан иборат таом жамланди. Ундан сарийд номли таом тайёрланиб, одамларга тарқатилди. Хайбарга етиб келинганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолога илтижо ила дуо қилдилар. У Зот Аллоҳ таолодан Хайбарнинг фатҳини сўрадилар, Хайбарнинг ва унинг аҳлининг шарридан паноҳ тиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қай бир қавмга қарши ғазот қиладиган бўлсалар, субҳ киришини кутар эдилар. Агар ўша жойда Бомдод азонини эшитсалар, уруш қилмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерда ҳам шундай қилдилар. Тунда дам олдилар. Эрталаб азон эшитилмади. Шунда туриб, уловларига миндилар. Аскарлар ҳам уловларини миниб, жангга ҳозир бўлдилар ва Хайбар томон юриш бошладилар. Хайбарликлар ҳам қурол-аслаҳалари билан чиқиб туришган эди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва лашкарни кўришлари билан: «Муҳаммад ўз лашкари билан (келяпти)!» дедилар-да, ортга қараб қочдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳу акбар! Чиқибди Хайбар! Албатта, биз бирор қавмнинг майдонига тушсак, огоҳлантирилганларнинг тонги ёмон бўлибди!» дедилар. Хайбар бир неча қўрғонлардан иборат эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу қўрғонларни бирин-кетин забт эта бошладилар. Биринчи бўлиб Ноъим номли қўрғонни фатҳ қилдилар. Кейин Қамус номли қўрғонга навбат келди. Қамусни фатҳ қилиш мусулмонлар учун оғир бўлди. Бир неча ҳужумлар фойда бермади. Навбатдаги ҳужумдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, эртага байроқни Аллоҳ ва Унинг Расули яхши кўрадиган киши оладир. Унга фатҳ насиб бўладир», дедилар. Катта саҳобаларнинг ҳар бири ўша одам ўзи бўлишини умид қила бошладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни чақирдилар. Ўша кунлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг кўзлари оғриб қолган эди. Ҳазрати Али келдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг кўзларига туфлаган эдилар, худди хаста бўлмагандек бўлиб қолдилар. У Зот байроқни у кишига бердилар. Шунда ҳазрати Али: «Улар ҳам биз каби бўлгунларича уларга қарши уруш қиламан», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига қараб: «Сен уларнинг қаршисига шошилмай бор. Сўнгра уларни Исломга даъват қил. Уларга вожиб бўлмиш Аллоҳнинг ҳақлари тўғрисида хабар бер. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи сен учун энг афзал неъматлардан кўра яхшироқдир», дедилар. Али розияллоҳу анҳу Қамус қўрғони томон юрдилар. У кишининг қаршисига яҳудийларнинг машҳур паҳлавони Марҳоб шеър айтиб чиқди. Икки паҳлавон ўртасида аёвсиз жанг бошланди. Икки лашкар икки томонда бу шиддатли жанг нима билан тугашини кутиб турар эди. Яккама-якка олишаётганлар эса бир-бирларига бераётган зарбаларни борган сари кучайтириб борар эдилар. Ҳазрати Али пайт пойлаб туриб, Марҳобнинг қоқ миясига шиддатли зарба урдилар. Яҳудийнинг бошига кийган дубулғаси ва унга қўшилиб, боши ҳам иккига бўлиниб кетди. Мусулмонлар «Аллоҳу акбар» садолари остида Қамусни фатҳ этдилар. Ушбу жангларда Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу ва бошқа кўплаб мусулмонлар мислсиз жасорат кўрсатиб, жанг қилдилар. Яҳудийларнинг кўплаб чавандоз ва паҳлавонлари ҳалок бўлди.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ