Бошқа фатҳлар

3 йил аввал 1976 siyrat.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардаги ишларини тамом қилганларидан кейин Фадак томонга юриш қилдилар. У ерда ҳам яҳудийлар яшар эдилар. Улар ўзларича мустақил ҳисобланар эдилар. Аммо уларнинг Хайбарликларга ўхшаган қўрғонлари ҳам, куч-қувватлари ҳам йўқ эди.
Фадак яҳудийлари Хайбардаги ҳодисалардан кейин қўрқиб, ўзларини қўйгани жой топа олмай турар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшин тортиб келаётганларини билишлари биланоқ таслим бўлишнинг пайига тушиб қолдилар. Улар ҳам ўзларига Хайбар аҳлига ўхшаш муомала қилинишини сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўровга ижобий жавоб бердилар. Фадакда уруш бўлмагани учун у ердан тушадиган ҳосил – даромадни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хоҳишлари ила тасарруф қилар эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Водил Қуро томон юрдилар. Бу водийнинг қишлоқлари кўп бўлгани учун ҳам шу ном ила аталар эди. Унда араблар билан яҳудийлар ҳам яшар эдилар. Бу жой Арабистон ярим оролидаги энг ҳосилдор ерлардан бўлиб, унда булоқлар ва қудуқлар кўп эди. У Хайбар билан Таймо номли жойнинг орасида эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ернинг аҳолисига Исломни арз қилдилар. Агар Исломга кирсалар, молларини ҳам, қонларини ҳам сақлаб қолишлари мумкинлигини айтдилар. Аммо улар Исломни қабул қилмадилар.
Орада уруш бўлди. Бу урушларда саҳобалардан Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу шуҳрат қозондилар. Мусулмонлар нусратга эришдилар, кўплаб нарсаларни ўлжага олдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжаларни саҳобаларига тақсим қилиб бердилар. Ерни ва хурмоларни яҳудийларга ҳосилига тенг шериклик шарти ила қолдирдилар.
Хайбар, Фадак ва Водил Қурода бўлган ҳодисалардан хабардор бўлган Таймо яҳудийлари ўз ихтиёрлари билан сулҳ сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан сулҳ туздилар.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ