Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ила суҳбат

3 йил аввал 7422 siyrat.uz

   Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизникига меҳмонга келиб қолсалар…
   Агар замин узра қадам босган зотларнинг энг улуғи… дунёнинг энг буюк раҳнамоси… барча алломалар, уламою фузалоларнинг устози… ҳабибур-Роҳман алайҳиссалам Сизникига меҳмонга келиб қолсалар – нима қиласиз? Бир ўйлаб кўринг-чи ?!  Хўш, нима қиласиз? У Зотни кўз тўла қувонч ёшлари, юз тўла табассум ила «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меникига меҳмонга келдилар! Менинг уйимга!!! Ҳаётимга нур олиб кирган энг улуғ меҳмон ташриф буюрдилар!!!» деб қучоқ очиб, эшик томон отиласизми? Ёки шоша-пиша у Зот алайҳиссаломни кутиб олишга тайёргарлик кўра бошлайсизми? Хонангизга кириб, ДВД плеердан машҳур қўшиқчининг янги дискини олиб ташлаб, ўрнига Қуръон тиловати ёки бирор маъруза ёзилганини қўясизми? Ҳар хил фильмлар ёзилган дискларни тезда диван тагига тиқиб, деворлардан ўзингиз ёқтирган қўшиқчиларнинг сурати туширилган календарларни ола бошлайсизми? Балки турли романлар, бўлмағур ҳикоялар билан тўла китобларни жавондан олиб, ўрнига исломий китобларингизни териб қўярсиз? Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ёқмайдиган нарсаларингизни тезда кўздан яшириб, у Зотга ёқишга ҳаракат қилиб қолсак керак ҳаммамиз ҳам? Бироқ у Зот келгунларича тезда соқол қўйиб олишга, тиш чўткасининг ёнига янги мисвок қўйиб қўйишга улгурармикансиз? Қуръондан охирги ёдлаган сураларингизга қўшимча яна икки-учта қисқагина суралар ёдлаб олишга улгурармикансиз? Айниқса, у Зот алайҳиссаломдан ривоят қилинган беш-ўнта ҳадислар ёдлашга вақт қолармикин? Сиз ҳам,  муслима синглим, Набий алайҳиссаломни кутиб олишингизни бир кўз олдингизга келтиринг-чи... Ташқи кўринишингиз, либосингиз у Зот алайҳиссаломнинг кўзларини қувонтирадиган даражадами? Яна сочларингиз тўзиган, юз-кўзларингизга бўёқ чапланган, эгнингизда тор ва юпқа кийим билан юрганингизда келиб қолмасинлар, тағин! Сизни кўриб, бу хонадоннинг бекаси муслима экан, десинлар, ахир… «Адашиб, бошқа уйга—Исломдан узоқ бир оилага кириб қолибман» демасинлар, ахир.. У Зот алайҳиссаломнинг ҳузурларида ота-онанингизга хушмуомалада бўлиб, ҳурмат-иззатларини жойига қўйиб,«отажон», «онажон» деб туриш эсингиздан чиқмасин-а, биродар? Азиз меҳмоннинг олдида ота-онанинг бир оғиз имоси билан сакраб туриб, уларнинг истагини бажо келтириб туришни унутманг! Яна одатдагидек у Зот алайҳиссаломнинг олдиларида ҳам уларга гап қайтариб, жеркиб, бақириб қолманг! Эсингизда бўлсин: ота-онага яхшилик қилиш, уларни ҳурмат қилишни бизларга ўргатган Зот мана шу Меҳмонимиз бўладилар!!! Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сиздан: «Бомдод намозини вақтида ўқияпсизми, деб сўраб ўтирмайман. Фарз намозларни масжидларга бориб, жамоат билан ўқияпсизми, деб сўраб ўтирмайман. Тунлари таҳажжуд намозларига тура оляпсизми, деб ҳам сўраб ўтирмайман. Бу нарсалар, табиийки, Сизнинг ҳаёт тарзингизга айланиб кетган бўлса керак, шундай эмасми?» деб сўраб қолсалар, у Зот алайҳиссаломга нима деб жавоб берасиз, қай аҳволга тушасиз? Балки уятдан ерга киргудек бўларсиз? Аламдан, ҳижолатчиликдан йиғлаб юборарсиз? Ё кўзингизни олиб қочмай, бироз кулимсираб «Ҳа, албатта» деб жавоб бериб юборасизми? Хўш, салкам бир ойдан бери бомдодга тура олмай ухлаб қолаётганлигингизни билиб қолсалар-чи? Одамлар орасида ҳар куни ётишдан олдин Қуръон тиловат қиламан деб юрганингизни, лекин аслида охирги марта қачон бир пора Қуръон ўқиганингиз эсингиздан ҳам чиқиб кетганини сезиб қолсалар-чи? Унда нима бўлади? Нима дейдилар? «Исломнинг, мусулмонларнинг «фахри» экансиз!» дейдиларми?! Ё ғазабдан муборак юзлари қизариб, уйингизни тарк этадиларми? Аллоҳ асрасин! У зот билан нималар ҳақида суҳбатлашган бўлардингиз?‎ Дунёнинг турли чеккаларида мусулмонларнинг бошига тушаётган бугунги муаммолар ҳақидами? Бу муаммоларни қандай қилиб ҳал қилиш ҳақидами? Исломий илмлар ҳақидами? Исломнинг тарихи ҳақидами? Инсониятнинг қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга дуч келаётгани ҳақидами? Ёки аксинча, суҳбат, асосан, мусиқа ва унинг замонавий, янги йўналишлари ҳақида, янги мегаюлдузлар ҳақида, жаҳон киноси янгиликлари ҳақида бўладими? Янги латифалар, шоу-бизнес машҳурларининг ҳаётида бўлиб ўтган қизиқарли воқеалар ҳақида гап очиб қоларсиз, балки? Эҳтимол, у Зот алайҳиссалом билан ўтган йилги футбол чемпионати ҳақида гаплашгингиз келиб қолар? Айфонга кимларнинг қўшиқларини ёзиб олганингизни, Айстордан ташлаб олган ўйинда нечанчи даражага чиққанингизни айтарсиз? Агар, Аллоҳ асрасин, шундай бўлиб қолса, бу дунёга келиб, ҳаётда тутган ўрнингиз қандай эканлигини холис, очиқчасига бир баҳолаб, ҳис қилиб кўрдингизми, замондошим? Балки, бу гапларни ўқиб кўриб, бизга алоқаси йўқ экан, деб саҳифани ёпиб қўярсиз? Бироқ ўзингизни шу ҳолатга бир солиб кўринг-чи..? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйингизга ростдан ҳам кириб келгандай ҳис қилиб кўринг ўзингизни. Бу саволлар бекордан бекорга пайдо бўлмайди. Демак, аҳвол унчалик ҳам яхши эмас… Хўш, бизга нима бўлди? Аллоҳ таоло кунни тун билан, тунни кун билан алмаштириб туришини, сизу биз ҳақимизда ғамхўрлик қилиш У Зотга малол келмаслигини, У Зотни уйқу ва мудроқ босмаслигини унутиб қўйдикми? Аллоҳ таоло тунда кундузи содир қилган гуноҳларимизга тавба қилиш имкониятини беради, кундузи эса – тундагиларига… Туннинг охирги қисмида эса «Тавба қилувчи борми? Мен унинг тавбасини қабул қиламан. Мағфират сўровчи борми? Мен уни мағфират қиламан. Сўровчи борми? Мен унга сўраганини бераман», дейди. Бизни ғафлатда қолдираётган нарса нима? Дунёнинг зарарли ҳою ҳавасидан, бизни ҳалок қилувчи ҳирсу шаҳватдан қочиб, У Зотга талпинишдан нима тўсмоқда? Аллоҳ таоло олдимизга минглаб тавба ва нажот эшикларини очиб қўйган бўлса, бу эшикларнинг бирортасидан кириб олишдан бизни нима тутиб қолмоқда? Ака-укалар, опа-сингиллар! Шак-шубҳа йўқки, Қиёмат куни ҳар бирингиз бу сўзларни албатта эслайсиз! Ана шунда икки ҳолатдан бири, албатта, юз беради: ё сиз мана шу каби сўзлар ҳаётингизда улкан бурилиш ясаб, икки дунё саодатига эриштиргани учун Аллоҳ таолога беҳад шукроналар айтасиз, ёки бу сўзларни шунчаки ўқиб қўйиб, бепарволикда, ғафлатда қолганингиз учун бефойда афсус-надомат қиласиз… Шундай экан, бўшашманг, ожизлик қилманг. Ушбу муборак ойда сарвари олам, хотамул анбиё ҳазрати Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганлар. Бу улуғ айёмда у Зот алайҳиссаломни эслаб, салавоту дурудлар айтсак, иншааллоҳ, саломларимизга алик оладилар. Ана шу пайтда қай ҳолатда бўлсангиз, у Зот алайҳиссаломни шу ҳолатда кутиб оласиз. Ҳушёр бўлинг, уйингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмонга келяптилар!!!



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ