Ҳунайн ғазоти

654

Ҳунайн ғазоти Маккаи Мукаррама фатҳ қилингандан сўнг, саккизинчи ҳижрий йилнинг Шаввол ойида бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Мукаррама фатҳини тамомлаб, ишларни бир ёқлик қилиб, шаҳар аҳолисининг кўпи мусулмон бўлиб турган пайтда нохуш хабар эшитдилар. Хабарда айтилишича, Ҳавозин қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши уруш қилиш учун одам тўплабди. Уларнинг бошлиғи Молик ибн Авф ан-Насрий экан. Унга сақифликлар тўла қўшилишибди. Яна бани Жушам, бани Саъд ибн Бакр, бани Ҳилол қабиласидан торқоқ жамоатлар (улар оз экан), бани Амир ибн Омир ва Авф ибн Омирлар қўшилишибди. Улар ўзлари билан аёллар, болалар, қўйлар ва бошқа нарсаларни ҳам олиб чиқибдилар.
Ҳавозин қабиласи Қурайшдан кейинги иккинчи куч ҳисобланар эди. Бу икки қабила ўртасида доимо мансаб талашув бўлар эди. Ҳавозин қабиласи ҳар бир нарсада Қурайшдан қолишмасликка тиришарди. Қурайш енгилгандан кейин ҳавозинликлар улар қила олмаган ишни қилиб, шуҳрат қозонмоқчи бўлдилар. Улар Исломни йўқ қилиб ташлаб, одамлар ўртасида «Қурайшнинг қўлидан келмаган ишни Ҳавозин қилди-я», деган гап тарқалишини жуда ҳам истадилар. Ана ўша ножўя истак уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши аскар тўплашга чорлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи учун олиб келган муҳожирлар, ансорийлар ва араб қабилаларидан тузилган ўн минг кишилик аскарлари билан душман томон йўл олдилар. Исломга янги кирган икки минг маккалик ҳам у киши билан бирга эди. Ҳаммалари бир бўлиб, душман томон юриш қилдилар.
Икки томон Макка билан Тоиф орасидаги Ҳунайн деб номланадиган водийда тўқнашдилар. Жанг тонг ғира-шира ёришганда бошланди. Мусулмонлар водийга кириб боришганида ҳавозинликлар қўйган пистирма уларга сездирмай, бирдан ҳужум қилиб қолди. Улар тинмай камондан ўқ ёғдиришар, қиличларини ишга солишар ва подшоҳлари буюрганидек ёппасига ҳужум қилишар эди. Шу пайт мусулмонлар орқага қараб қоча бошладилар.
Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам собит турдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларини душманнинг рўпарасига қараб солар эдилар. Хачирнинг юганини ўнг томондан Аббос, чап томондан Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмуттолиб ушлаб тортишар, унинг юришини секинлатишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларни қайтаришга уриниб:
«Мен томонга, эй Аллоҳнинг бандалари, мен томонга! Мен Аллоҳнинг Расулиман! Менинг Пайғамбарлигим ёлғон эмас! Мен Абдулмуттолибнинг фарзандиман!» деб бақирар эдилар.
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалардан юз кишича собит турдилар. Уларнинг ичида Абу Бакр, Умар, Али, Аббос, Фазл ибн Аббос, Абу Суфён ибн Ҳорис, Айман ибн Умму Айман, Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум бор эдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга баланд овоз билан «Эй дарахт соҳиблари!» деб чақиришни буюрдилар. (Ҳудайбияда муҳожир ва ансорийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида байъат қилган эдилар. Ана ўша кишиларни чақиришни амр этдилар). Аббос баланд овоз билан чақиришга тушди. Улар эса:
«Лаббайка, лаббайка», деб жавоб бериб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон қайта бошладилар. Баъзи кишиларнинг минган уловлари қайтмаса, совутини кийиб, уловидан тушиб, пиёда келди. Улардан бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида тўплангандан сўнг уларга сидқидилдан кучли бир ҳамла қилишга буйруқ бердилар. Шунда мушриклар енгилиб, пала-партиш қочишга тушди. Асирларни тўплаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошларига олиб келишгандагина бошқа мусулмонлар ҳам қайтиб келишди.
Бу урушда биринчи марта мусулмонлар томонида ўн икки минг кишилик аскар қатнашди. Аскарнинг кўплиги уларни ғурурлантириб, ғалабанинг асосий манбаини унутиб қўйдилар. Оқибатда жангнинг бошланишида мағлубиятга учрадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга собит турган оз сонли мусулмонларга Аллоҳнинг Ўзи нусрат берди. Шу билан бирга, Аллоҳ мусулмонларга ёрдам учун фаришталарни ҳам туширди.
Энди ана ўша ишларни ушбу уч ояти карима қандай васф қилганини ўрганиб чиқайлик.
«Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам».
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мусулмонларга жуда кўп жойларда ёрдам берди. Бадр урушидан бошлаб, то Ҳунайнгача бўлган барча урушларда Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўз ёрдамини бериб келди. Ҳунайн куни ҳам Аллоҳнинг ёрдами бўлмаганда мусулмонларнинг иши чатоқ бўлиб қолган эди.
«Ўшанда кўплигингиз сизни ажаблантирган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва ер кенг бўла туриб, сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз» («Тавба» сураси, 25-оят).
Ҳунайн уруши Маккаи Мукаррама фатҳидан кейин бевосита бошланганидан унга мазкур фатҳда иштирок этган фотиҳлардан ташқари, фатҳ сабабли янги мусулмон бўлган аҳли Макка ва бошқа кўпгина томонлар ҳам чиқишган эди.
Ҳамма янги ғалаба, Исломнинг зоҳир бўлиши нашидасини сурар эди. Кўпчилик «Энди иш битди, мусулмонларга ҳеч ким бас кела олмайди», деган фикрда эди. Биринчи марта мусулмон лашкари ўн икки минг кишилик катта лашкарга айланган эди. Кишиларни бу улкан адад ғурурга кетказиб қўйганди. Уларда «Озлик чоғимизда қанчадан-қанча душманларнинг устидан ғолиб чиққанмиз-ку, шунча катта сонга эга бўлиб туриб, ўзимиздан оз сонли мушрикларни енга олмасмидик», деган манманлик пайдо бўлган эди.
Аммо Ҳунайн уруши қизиган пайтда аскарнинг ададининг кўплиги ҳеч қандай фойда бермай қолди. Мушриклар қўйган пистирмадан тўсатдан қақшатқич зарбага учраган мусулмонлар ўзларини дарҳол ўнглай олмай қолдилар. Душманнинг кучли босқиси туфайли уларга ер юзи торлик қилиб қолди ва:
«Сўнгра ортга қараб қочдингиз».
Қочганда ҳам, ҳеч нарсага қарамай қочдингиз. Ҳатто ўз Пайғамбарингизни ҳам ташлаб қочдингиз.
«Сўнгра, Аллоҳ Ўз сокинлигини Расулига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади».
Аллоҳ таоло туширган сокинлик туфайли Унинг Пайғамбари ҳамма қочганда ҳам собит турди. У Зот ҳеч нарсадан қўрқмай, хачирни душман томон илдамлатар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни қайтаришга уриниб:
«Мен томонга, эй Аллоҳнинг бандалари, мен томонга! Мен Аллоҳнинг Расулиман! Менинг Пайғамбарлигим ёлғон эмас! Мен Абдулмуттолибнинг фарзандиман!» деб бақирар эдилар.
Шунингдек, Пайғамбар билан бирга Аллоҳ сокинлик ато қилган оз сонли мўминлар ҳам собит турдилар.
Бу саботга, айниқса, Аллоҳ томонидан сизга кўринмайдиган лашкарлар – фаришталарнинг туширилиши катта мадад бўлди.
Шундай қилиб, охир-оқибат, Аллоҳ кофирларни азоблади.
«Ана ўша – кофирларнинг жазосидир».
Мусулмонлар томонидан зарба еган кофирлар жазоларини тортдилар.
«Сўнгра, ўшандан кейин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларнинг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир» («Тавба» сураси, 26–27-оятлар).
Уларнинг душман билан тўқнашганда ортга қараб қочиш билан содир этган оғир гуноҳларини афв этди.
Ҳунайн ғазотида баъзи бир саҳобалар катта фидокорлик намуналарини кўрсатдилар. Абу Толҳа розияллоҳу анҳунинг бир ўзи йигирмата мушрикни ўлдирди.
Бу ғазотда у кишининг жуфти ҳалоллари Умму Сулайм бинту Милҳон ҳам иштирок этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанг давомида ёнларига қараб, аёл кишини кўриб қолдилар-да:
«Умму Сулайммисан?» дедилар.
«Худди шундай, ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули. Сиз ўзингизга қарши урушаётганларни ўлдираётганингиздек, мен ҳам сиздан енгилаётганларни ўлдираман» деди. Унинг қўлида ханжар ялтираб турарди. Буни кўрган эри Абу Толҳа:
«Умму Сулайм, қўлингда ханжар нима қиляпти?» деди. Бу саволга Умму Сулайм:
«Бу ханжарни ўзимга яқинлашган мушрикнинг қорнини ёраман, деб олиб юрибман», деб жавоб берди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўпланиб турган бир гуруҳ кишилар олдидан ўтаётиб, қарасалар, улар ўлдирилган аёл кишига назар солиб туришган экан. У Зот бундан қаттиқ ҳаяжонга тушдилар-да:
«Бу қандай гап?!» дедилар.
«Бу аёлни Холид ибн Валид қатл қилибди», дейишди тўпланиб турганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерда турган одамлардан бирига:
«Тезда бориб, Холидни топ! «Расулуллоҳ сени ёш болани, аёл кишини ва қулларни қатл қилишдан қайтардилар», деб айт!» дедилар.
Ҳавозин батамом мағлуб бўлганидан кейин уларнинг раҳбарлари, Молик ибн Авф бошлиқ бир гуруҳлари Тоиф томон қочдилар.
Бошқа бир тўпи эса Автосга бориб, жойлашиб олдилар. Иккинчи гуруҳ ортидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Омир ал-Ашъарий бошлиқ бир гуруҳ саҳобаларни юбордилар. Улар бориб, душманни мағлуб этдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ғазотида тушган ўлжаларни Жиърона деган жойга тўплашга амр қилдилар. Бу ғазотда энг кўп ўлжа тушган эди. Ўлжалар ичида олти минг асир, йигирма тўрт минг туя, қирқ мингдан кўп қўй, тўрт минг увқия кумуш каби нарсалар бор эди.

Мулоҳаза билдиринг