Табук ғазоти

1 ўн йил аввал 4507 siyrat.uz

Мусулмонлар биринчи даврларда аҳли китобларнинг яна бир тоифаси бўлмиш насоролар билан яхши алоқада бўлганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан заифҳолларига Ҳабашистонга боришни, у ерда зулм кўрмасликларини айтганлар.
Қуръони Каримда насоролар бошқаларга қараганда мусулмонларга яқинроқ эканликларини тасдиқловчи оятлар бор.
Айни чоғда, худди яҳудийлар каби, насороларга ҳам уларнинг кофир эканликларини эслатадиган, хатоларини ўзларига баён қиладиган оятлар ҳам мавжуд. Маккаи Мукаррамага ҳам, Мадинаи Мунавварага ҳам баъзи насроний гуруҳлар келиб, Қуръони Карим тинглашгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли саволлар беришгани, кўнгли таскин топганлари Исломни қабул қилганлари маълум ва машҳур. Баъзилари одоб доирасида тортишув ҳам олиб борганлар.
Мажусий Форс давлати билан насроний Рум давлати урушганида ва Рум енгилганида мусулмонлар аҳли китоб бўлмиш румликларнинг мағлубиятидан қаттиқ хафа бўлганлар. Қуръони Каримда Рум сураси нозил бўлиб, унда румликларнинг тезда форслар устидан ғалаба қозонишлари ҳақида хабари берилган эди.
Лекин Арабистон ярим оролида Ислом давлати пайдо бўлганини эшитган румликлар ўзларининг форслар билан давом этиб келаётган душманликларини унутдилар. Улар зудлик билан мусулмонларга қарши аскар тўплай бошладилар.
Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бусродаги рум ҳокимига юборган элчилари Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийни ўлдирдилар.
Саккизинчи ҳижрий сананинг Жумадул-
ула ойида улар мусулмонларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юборилган уч мингга яқин аскари билан Мўъта урушида тўқнашдилар.
Кўриниб турибдики, насоролар Ислом ва мусулмонлар учун жиддий хавфга айланган эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга румликларнинг яна катта аскар тўплаётганлиги ҳақида хабар келди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини Румга қарши ғазотга тайёргарлик кўришга буюрдилар.
Бу давр ниҳоятда қийинчилик вақти бўлиб, қаттиқ иссиқ, қурғоқчилик ҳукм сурарди. Мевалар пишган, одамлар мевалардан баҳраманд бўлиб, соя-салқинда дам олишни хоҳлайдиган вақт эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда бирор ғазотга чиқадиган бўлсалар, очиқ айтмас, бошқа томонга бормоқчи эканликларини айтиб туриб, кейин мақсад қилинган тарафга юрар эдилар. Аммо Табук ғазотида бундай қилмадилар. Машаққатли, узоқ ва шиддатли пайтда душманнинг кўплигини этиборга олиб, одамлар ўзига яраша тайёргарликларини кўрсинлар, деб очиқдан-очиқ айтдилар. Одамларни тайёргарлик кўришга буюрар эканлар, Рум билан уруш қилиш ниятида эканликларини билдирдилар.
Баъзи мунофиқлар рум қизларининг фитнасига тушишдан қўрқишларини айтиб, ортда қолишга изн сўрашди. Уларга изн бердилар. Бу ҳақда уларнинг ижтиҳодларини афв қилганини айтиб, итоб ояти нозил бўлди. Унда:
«Аллоҳ сени афв қилди. Нима учун ростгўй бўлганлар сенга равшан бўлгунча ва ёлғончиларни билгунингча (кутмай), уларга изн бердинг?» («Тавба» сураси, 43-оят).
Баъзи мунофиқлар жиҳоддан қочиб, Ҳаққа шак қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ташвишга солувчи миш-мишлар тўқиб, «Иссиқда сафарбарликка борманглар», деб гап тарқатишди. Улар ҳақида Аллоҳ таоло:
«Иссиқда қўзғалманглар», – дедилар. «Жаҳаннамнинг оташи иссиқроқ», – деб айт. Кошки, англаганларида эди! Бас, қилган касблари жазосига оз кулиб, кўп йиғласинлар» оятини нозил қилди («Тавба» сураси, 81–82-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга баъзи мунофиқ одамларнинг Сувайлим исмли яҳудийнинг уйига тўпланиб олиб, Табук ғазотида одамларни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортда қолишга чақираётганлари маълум бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ерга бир гуруҳ саҳобалар билан Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуни юбордилар ва уларни Сувайлимнинг уйига ўт қўйиб юборишга амр қилдилар. Толҳа розияллоҳу анҳу амрни бажо келтирди.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиддийлик билан сафарга отландилар. Одамларга керакли нарсаларни олиб, шошилишга амр қилдилар.
Бой кишиларни хайр-эҳсон этишга, улови йўқ мужоҳидларга улов олиб беришга қизиқтирдилар.
Бундай эҳсон қилувчиларнинг пешқадами Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу эдилар. У киши ҳеч ким қилмаган катта миқдордаги эҳсонни қилдилар. У кишининг бу сахийликларини тақдирлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳим, Усмондан рози бўлгин, мен ундан розиман», дедилар.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу тўрт минг динор келтирди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг молим саккиз минг эди, ярмини сизга олиб келдим, ярми ўзимга қолди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ берганингга ҳам, олиб қолганингга ҳам барака берсин», дедилар.
Абу Уқайл розияллоҳу анҳу бир яҳудийнинг хизматини қилиб, икки соъ хурмо маош олар эди. У ҳам келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, икки соъ хурмо бор эди, бир соъсини Роббимга қарзга бераман, бир соъси аҳли аёлимга қолади», деди.
Кейин мусулмонлар ичида «йиғлоқилар» номини олган бир гуруҳ саҳобалар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан жиҳодга бориш учун улов сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Мен сизларни кўтарадиган нарса топа олмадим», дедилар. Улар кўзларидан ёшлари маржон-маржон тўкилиб, ортларига қайтдилар.
Ибн Ямийн ибн Умайр ибн Каъб ан-Назрий ҳалиги йиғлаганлардан Абдурроҳман ибн Каъб ва Абдуллоҳ ибн Муғаффални кўриб, «Нимага йиғлаяпсизлар?» деб сўради. Улар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бизга улов беришларини сўраган эдик, у кишида бизни миндирадиган нарса йўқ экан. Ўзимизда ҳам жиҳодга чиқадиган ҳеч нарсамиз йўқ», дейишди.
Шунда Ибн Ямийн ибн Умайр ибн Каъб ан-Назрий икковларига сув ташийдиган туясини ва бирмунча хурмо берди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жиҳодга бордилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз мингга яқин киши билан йўлга чиқдилар.
Бир гуруҳ мусулмонлар ҳеч шак ва шубҳалари бўлмаса ҳам, ўзларича «Қолса бўлаверса керак», деган ният билан жиҳоддан қолдилар ҳам. Уларнинг ичида Каъб ибн Молик, Мурора ибн Робийъ, Ҳилол ибн Умайя, Абу Хойсама, Умайр ибн Ваҳб ва бошқалар бор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Санийятул Вадоъ номли жойга аскаргоҳ қурдилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул эса ундан пастроқда алоҳида аскаргоҳ қурди. Кейинроқ эса одамларини олиб, йўлдан қайтди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илгарилаб кетавердилар. Бирор киши ортда қолса, одамлар келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, фалончи ортда қолди», дейишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса:
«Уни тек қўйинглар, унда бирор яхшилик бўлса, Аллоҳ уни сизларга етиштиради. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳ сизни ундан қутқарган бўлади», дер эдилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳам ортда қолди. Унинг туяси юрмай қолган эди. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Зарр ортда қолди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни тек қўйинглар, унда бирор яхшилик бўлса, Аллоҳ уни сизларга етиштиради. Агар ундай бўлмаса, Аллоҳ сизни ундан қутқарган бўлади», дедилар.
Абу Зарр туясининг юришини кутиб турди. Юравермагач, туянинг устидаги нарсаларни олди-да, елкасига ташлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан юриб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойда дам олгани тўхтадилар. Мусулмонлардан бирлари узоқдан келаётган одам қорасини кўриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам ёлғиз пиёда келмоқда», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Абу Зарр бўлсайди», дедилар. Одамлар синчиклаб қараб, унинг Абу Зарр эканлигини танидилар ва:
«Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, ўша одам Абу Зарр», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Абу Заррга раҳмат қилсин, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади, ёлғиз тирилади», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жиҳодга кетганларидан бир неча кун кейин ҳаво иссиқ кунда Абу Хойсама уйига келди. Қараса, иккита хотини боғда, икки сўрига жойларни солиб, сувларни сепиб, ҳамма ёқни саранжом-саришта қилиб, салқинлатиб, уни кутиб ўтиришибди. Таом ҳам тайёрлаб қўйишибди. У кириб, усти ёпиқ сўрилар олдида тўхтади. Икки хотинига ва улар қилган ишларга қаради. Ўзича:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жазирама қуёшда, шамолда ва иссиқда бўлсалар-у, Абу Хойсама соя-салқинда, тайёр таомда, гўзал хотинлар билан молу мулкида турса! Бу бўлмаган гап», деди. Сўнгра:
«Аллоҳга қасамки, биттангизнинг ҳам сўрингизга кирмайман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб бораман, менинг сафар кийимларимни тайёрлаб беринглар», деди. Хотинлари айтганини қилдилар. Кейин туясини миниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олиш учун йўлга тушди.
Йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олиш учун кетаётган Умайр ибн Ваҳбни кўриб қолиб, икковлари биргалашиб юриб кетдилар. Табукка яқинлашганларида Абу Хойсама Умайр ибн Ваҳбга:
«Менинг гуноҳим бор, сен орқада туриб тур, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олдин борай», деди. У рози бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка тушиб турганларида у яқинлашиб кела бошлади. Одамлар:
«Йўлда бир улов минган одам шу ёққа қараб келмоқда», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Абу Хойсама бўлса эди», дедилар. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу Абу Хойсама», дейишди. У туясини чўктириб, олдинга юриб келди-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Ҳа, шўри қуриган Абу Хойсама?», дедилар. У бўлган гапни айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга яхши сўзлар айтиб, ҳаққига яхши дуо қилдилар.
Тарихчи ва тафсирчиларимиз бу ғазотда мусулмонлар бошларидан кечирган мислсиз қийинчиликларни ўша воқеа иштирокчиларидан таъсирли қилиб ривоят қиладилар.
Жумладан, Қатода розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилади:
«Табук йили Шом томонга ҳаво жуда исиган пайтда чиқдилар. Уларнинг чеккан машаққатларини Аллоҳнинг Ўзи билади.
Улар қаттиқ қийналган эдилар. Бизга зикр қилинишича, икки киши бир дона хурмони бўлиб, баҳам кўришган экан. Баъзи ҳолларда эса бир неча киши бир дона хурмони ораларида айлантирган эканлар. Буниси хурмони сўриб, устидан сув ичар экан, сўнгра ёнидаги кишига узатар экан. У ҳам худди шундай қилар экан. Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилиб, ғазотдан эсон-омон қайтарди».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қийинчилик ҳақида савол берилди. Шунда у киши:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қаттиқ иссиқ пайтида Табукка чиқдик. Бир жойга тушганимизда жуда чанқадик. Ҳатто бўйинларимиз узилиб кетса керак, деб гумон қилдик. Одамлар сув излаб юриб-юриб, ўлар ҳолатда қайтиб келишарди. Баъзи одамлар туясини сўйиб, қорнини ёриб, ичидаги ахлатни сиқиб ичишгача боришди. Ортиб қолганини жигарига босар эдилар». Шу вақт Абу Бакр:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ сизни яхши дуога одатлантирган. Бизга бир дуо қилинг», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шуни хоҳлайсанми?» дедилар. Абу Бакр:
«Ҳа», деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб, дуо қилдилар. У киши қўлларини туширмасдан туриб, ёмғир қуя бошлади. Сўнгра тўхтамади. Одамлар идишларини тўлдириб олдилар. Кейин бориб қарасак, аскар турган жойдан бошқа жойга ёмғир ёғмаган экан».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукда ўн кундан ортиқ турдилар. Ўртада уруш бўлмади. Сўнг ортга қайтдилар. Ана шундай қийинчиликларга Аллоҳнинг розилигини деб чидаганлари учун Аллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, муҳожирлар ва ансорийларнинг тавбасини қабул қилди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ