Ислом динидаги биринчи ҳаж

1201

Ҳаж ибодати Иброҳим алайҳиссалом даврларидан буён бўлиб келар эди. Ҳижрий тўққизинчи санада Аллоҳ таоло:
«Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ вожибдир» («Оли Имрон» сураси, 97-оят) ояти ила мусулмонларга ҳам ҳаж ибодатини фарз қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша йили Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳаж амири қилиб, Маккага жўнатдилар. У киши мусулмонларнинг ҳаж ишларини бошқаришлари керак эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳаж қилишни истаган уч юз киши билан ҳажга жўнаб кетдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз шериклари билан ҳажга жўнаб кетганларидан кейин «Бароат» сурасининг аввалида келадиган ояти карималар нозил бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни чақириб:
«Бароатнинг аввалидаги бу қисса ила чиқ, қурбонлик куни одамлар ичида эълон қил: кофир жаннатга кирмас. Бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмас, Байтни яланғоч тавоф ҳам қилмас. Кимнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида аҳди бўлса, у ўз муддатига етказилур», дедилар.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Азбо номли туяларини миниб, йўлга тушдилар. Йўл давомида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга етиб олдилар. У кишини кўрган Абу Бакр:
«Амир бўлибми, маъмурми?» деб сўрадилар.
«Маъмур», дедилар ҳазрати Али.
Икковлари йўлда давом этдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳажга амирлик қилдилар. Қурбонлик куни келганда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу туриб, одамлар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарсаларни эълон қилдилар.
«(Бу) Аллоҳдан ва Унинг Расулидан мушриклардан сиз ила аҳдлашганларга «бароат» – ора очиқлик(эълони)дир».
Яъни «Эй мўминлар, сиз аҳднома тузган мушрикларга Аллоҳ ва Унинг Расулидан мана шу эълон – ора очиқлик эълонидир. Бу оятлар нузулидан сўнг аҳдномаларга амал қилишда «ора очиқ» бўлади, яъни улар амалдан тўхтатилади. Энди бир тараф иккинчи тарафга аҳдномани рўкач қила олмайди. У бузилди».
«Бас, ер юзида тўрт ой сайр қилиб юринглар ва билингларки, албатта, сиз Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз ва албатта, Аллоҳ кофирларни хор қилгувчидир» («Тавба» сураси, 2-оят).
Бу иш мусулмонлар билан аҳднома тузган ва сўнгра аҳдни бузган мушрикларга тегишлидир. Бу тўрт ой тўққизинчи ҳижрий сана, Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунидан бошланиб, Рабиъул охир ойининг ўнинчи кунигача давом этади. Шунда Зулҳижжа ойидан йигирма кун, Муҳаррам, Сафар ва Рабиъул аввал ойлари тўлиқ ҳолда, Рабиъул охир ойидан ўн кун бўлади. Мана шу муддат чиққандан сўнг Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан аҳдномага амал қилиш тўхтатилади. Бу «ора очиқлик» эълонидир. Унгача, яъни тўрт ойгача сизга ҳеч ким тегмайди, ер юзида бемалол юраверишингиз мумкин. Юрсангиз, юраверинг-у, аммо:
«…ва билингларки, албатта, сиз Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз».
Қаёққа ҳам борар эдингиз? Исломга ва мусулмонларга душманлик қилиб, нима ҳам қила олар эдингиз? Яна билингларки:
«…албатта, Аллоҳ кофирларни хор қилгувчидир».
Сиз, албатта, хор бўласиз.
Кейинги оятда ора очиқлик фақат икки томонга тегишли эълон эмас, балки ҳаммага тааллуқли эканлиги айтилади.
«(Бу –) Аллоҳ ва Унинг Расулидан одамларга «Ҳажжул Акбар» кунидаги эълондир: Албатта, Аллоҳ ва Унинг Расулининг мушриклар билан оралари очиқдир. Бас, агар тавба қилсангиз, у ўзингиз учун яхшидир. Агар юз ўгириб кетадиган бўлсангиз, билингларки, албатта, сизлар Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз. Куфр келтирганларга аламли азобнинг «башорат»ини беравер».
Бу ерда «бароат»ни эълон қилиш куни, вақти ва жойи ҳам маълум қилинмоқда.
«(Бу –) Аллоҳ ва Унинг Расулидан одамларга «Ҳажжул Акбар» кунидаги эълондир».
Эълон оммага ҳаж мавсумида, ҳажжул акбар куни муқаддас жойларда етказилган.
Имом Имодуддин ибн Касийр тафсирларида Абу Маъшар ал-Маданийнинг Муҳаммад ибн Каъб ал-Қоразий ва бошқалардан қилган қуйидаги ривоятини келтирадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққизинчи йили Абу Бакрни ҳаж амири қилиб юбордилар. Али ибн Абу Толибни эса «Бароат» сурасининг ўттиз ёки қирқ ояти билан жўнатдилар. У одамларга ўша оятларни арафа куни ўқиб берди: мушрикларга тўрт ой тегилмайди, ер юзида сайр қилиб юрадилар. Уларга Зулҳижжадан йигирма кун, Муҳаррам, Сафар, Рабиъул аввал тўлиқ ва Робиъул охирдан ўн кун муҳлат берилди. Ҳазрати Али бу оятларни уларнинг манзилларида ўқиб эшиттиргач:
«Бу йилимиздан кейин мушрик ҳаж қилмайди, Байтуллоҳни яланғоч тавоф этмайди», деб эълон қилди.
Ўша йили ҳаж аввалгидек, яъни мусулмону мушрик аралаш ҳолда, ҳаж амалларини ҳар ким ўзи билганича бажарган ҳолда адо этилди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда бу воқеа батафсил баён қилинган:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибни Макка аҳлига бароат билан юборганларида мен бирга бўлдим», деди Абу Ҳурайра ўғлига.
«Нима деб жар чақиргансизлар?» деди ўғли.
«Жаннатга мўмин бўлмаган жон кирмайди! Байтуллоҳни ҳеч ким яланғоч тавоф қилмайди! Кимнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган аҳдномаси бўлса, муддати тўрт ойгача! Тўрт ойдан кейин Аллоҳ ва Унинг Расулининг мушриклар билан оралари очиқ! Байтуллоҳни бу йилдан кейин мушрик ҳаж қилмайди!» деб чақирар эдик, – деди. Сўнгра «Қичқиравериб, овозим бўғилиб қолган эди», деб қўшиб қўйди.
Ушбу эълонда аҳдга вафонинг бир кўриниши бор. Мушриклар аҳдга вафосизлик ва хиёнат қилишган эди. Мусулмонларнинг ҳеч қандай эълонсиз ҳам аҳдни бузилган деб ҳисоблашга ҳақлари бор эди. Лекин Аллоҳ таоло аввал ора очиқликни эълон қилишни ирода этди. Парвардигори Олам бирданига «Ора очиқ», деб қўймасдан, уларга тўрт ой муҳлат берди. Гарчи аҳднома тўрт ойдан аввал тугаса-да, яхшилаб ўйлаб олишлари учун тўрт ой муҳлат берди.
«Бас, агар тавба қилсангиз, у ўзингиз учун яхшидир», деб ҳидоятга тарғиб қилди.
Кимки иймонга келиб, Аллоҳга бўйсунса, албатта, ўзи учун яхшилик қилган бўлади. Шу билан бирга, залолатда юравериш ёмонлигини баён қилиб:
«Агар юз ўгириб кетадиган бўлсангиз, билингларки, албатта, сизлар Аллоҳни ожиз қолдирувчи эмассиз», деди.
Юз ўгириб, қаёққа ҳам борар эдилар? Аллоҳнинг азобидан қочиб, қутулиб бўлармиди? Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни уларга етказишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга топшириб, оятнинг охирида:
«Куфр келтирганларга аламли азобнинг «башорат»ини беравер», деди.
Булар кофирларни безовта этадиган, мўминларни хотиржам қиладиган гаплардир. Чунки Аллоҳ таоло оқибат нима бўлишини олдиндан айтиб қўйди.
Маълумки, Аллоҳ таоло инсонларни ширк ва куфр зулматларидан иймон нурига чиқаришни, турли нарса ва шахсларга сиғинишдан озод этишни, ягона Ўзигагина ибодат қилишларини хоҳлаб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик мартабасини бериб, Қуръони Каримни индирганида мушриклар бир овоздан бунга қарши чиқдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни «сеҳргар», Қуръонни «сеҳр» ва мусулмонларни «сеҳрланганлар» дедилар. Жон-жаҳдлари билан Исломга қарши турдилар. Маккада ўн уч йил давомида оз сонли мусулмонларга қарши қўлларидан келган барча ёмонликларни қилдилар.
Охири мусулмонлар Пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида юртларини ташлаб, ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Чунки инсофга чорлаш, ёлвориш ва раҳм-шафқат сўрашлар мушрикларга кор қилмади. Улар мусулмонларни, умуман, ер юзидан йўқотиш ниятида эканликларини амалда кўрсатдилар.
Ҳатто Мадинага ҳижрат қилган мусулмонлар ҳам мушрикларнинг таъқибларидан қутула олмадилар. Ҳижратдан кейин ушбу оятлар тушгунча ўтган тўққиз йил давомида мусулмонлар билан мушриклар ўртасида йигирма марта уруш ва тўқнашувлар бўлди. Ислом янги келган вақтдан мазкур оятлар нузулига қадар ўтган йигирма икки йил ичида мусулмонлар мушрикларни оқилона иш юритишга, ҳеч бўлмаса, адолатли бўлишга чақириб келдилар.
Аммо мушриклар бу чақириқларга мутлақо қулоқ осмадилар. Аксинча, уларнинг жаҳли чиқар ва душманликлари янада ортар эди. Бора-бора мушриклар Мадинадаги яҳудийларни ҳам ўз сафларига қўшиб олдилар. Ҳатто мунофиқларни ва атрофдаги саҳровий арабларни мусулмонларга қарши гижгижладилар.
Ислом томонидан алоқаларни яхшилаш учун ҳамма чоралар кўрилди. «Сизга ўз динингиз, бизга ўз динимиз», деб айтилди, аммо фойдаси бўлмади. Ҳижрат қилинди, бироқ нафи тегмади. Охири аҳдномалар тузишга қарор этилди. Мадинада яҳудийлар билан, Ҳудайбияда мушриклар билан алоҳида аҳднома тузилди. Шунингдек, бошқалар билан ҳам аҳдлашилди.
Лекин улар аҳдномаларни бузиб, яна Исломга ва мусулмонларга душманликларини давом эттиравердилар. Ана шундагина, чора-тадбир наф бермаганидан кейингина бароат эълон қилинди.

Мулоҳаза билдиринг