Сақиф элчилари

526

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида Табукдан қайтиб келганларидан кейин у зотнинг ҳузурларига Тоифнинг туб аҳолиси бўлмиш Сақиф қабиласининг элчилари келди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифни бир оз қамал қилиб туриб, кейин фатҳ қилмай қайтиб кетганларидан кейин шаҳар аҳли ўзаро маслаҳат қилиб, урушга қувватлари етмаслигига иқрор бўлган эдилар.
Сақифликлар маслаҳатларини давом эттириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўз элчиларини юборишга қарор қилдилар. Кинона ибн Абду Ялайл исмли киши элчиларга бош бўлди. Улар Мадинаи Мунавварага яқинлашганларида ўзларининг қабиладошлари бўлган саҳобий Муғийра ибн Шўъба уларнинг олдиларини тўсиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирганда қандай салом бериш кераклиги ва бошқа одобларни ўргатди. Лекин улар у Зотнинг ҳузурларига кирганларида ўзлари билган одатга биноан иш тутдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам булар Қуръони Каримни тинглашсин, одамларнинг намоз ўқиганларини кўришсин, деб уларга масжиднинг ичига чодир қурдириб, жой қилиб бердилар.
Ҳайъат Мадинаи Мунавварада бир неча кун турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига бориб, узоқ суҳбат қилар эдилар. Гоҳида улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борар эдилар. Баъзида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан узоқ гаплашганларидан оёқлари толиб кетарди. Ҳар куни Хуфтондан кейин сақифликлар учун вақт ажратар эдилар.
Мазкур ҳайъатнинг энг кичик аъзосининг исми Усмон ибн Абул Осс эди. Ҳайъат аъзолари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларига борсалар, уни юклар олдида қолдириб кетар эдилар. Улар қайтиб келиб, кундузги уйқуга кетганларида Усмон бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ислом динини ва Қуръони Каримни ўрганар эди. Ана шундай қилиб, у динда фақиҳ бўлиб олди. Агар борганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаётган бўлсалар, Абу Бакр розияллоҳу анҳудан таълим олар эди. Шу билан бирга, у ўз ишини шерикларидан беркитар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни яхши кўриб қолдилар.
Ниҳоят сақифликлар Исломни қабул қилдилар. Лекин шу билан бирга, баъзи шартларни қўймоқчи бўлдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Зинога нима дейсиз? Биз ғурбатда юрадиган қавммиз. У бизга керак», дедилар.
«У сизга ҳаромдир. Чунки Аллоҳ таоло «Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир», дегандир», дедилар у Зот.
«Рибога нима дейсиз? Барча молларимиз ундандир», дедилар.
«Сизга сармоянгиз бўлур. Чунки Аллоҳ таоло «Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам ташланг», деган», дедилар у Зот.
«Хамрга нима дейсиз? Ахир у − еримиз маҳсули. У биз учун жуда ҳам керак», дейишди.
«Албатта, уни Аллоҳ ҳаром қилгандир», деб хамрни ҳаром қилувчи оятни тиловат қилиб бердилар.
Улар у Зотдан ўзларидан намозни соқит қилишларини ҳам сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Намози йўқ диннинг хайри йўқ», дедилар.
Сақифликлар ўзлари холи қолиб, тўпланишиб, маслаҳат қила бошладилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ҳалиги нарсаларнинг барчасига бўйсунишларини айтишди. Аммо у Зотдан ўзлари ибодат қилиб юрган бутларини уч йилгача бузмай туришни сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўнмадилар. Улар бир йил-бир йилдан озайтириб сўрашди. У Зот кўнмадилар. Улар бориб-бориб, бир ойдан кейин бузишни сўрадилар. У Зот кўнмадилар. Сақифликлар бу билан қавмларини аста-секин йўлга солмоқчи бўлган эдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби савдога кўнмадилар. Шунда улар у Зотга:
«Ундай бўлса, уни бузишни ўзингиз зиммангизга олинг. Биз ўзимиз ҳеч қачон уни бузмаймиз», дейишди.
«Сизларга бу ишнинг кифоясини қилувчи одамни юбораман», дедилар.
Сўнгра улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайтишга изн сўрадилар. У Зот уларга изн бердилар, икром қилдилар, табрикладилар ва Усмон ибн Абул Оссни уларга амир қилиб тайинладилар.

Мулоҳаза билдиринг