Расулуллоҳнинг беморликларида Абу Бакрнинг имом бўлиши

3 йил аввал 2798 siyrat.uz

Пайғамбар алайҳиссаломнинг вафотларидан олдинги беморликларида у Зотнинг ўринларига Абу Бакр розияллоҳу анҳу мусулмонларга имомлик қилдилар. Албатта, бу иш Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларининг амрлари, балки, қаттиқ туришлари ила бўлди. Келинг, шу ишга боғлиқ ривоятларни ўрганайлик. Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Бас, у зот: «Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар. «У юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса, одамларга намоз ўқиб бера олмайди», деди Оиша. «Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин», дедилар у зот. У яна ўз гапини қайтарди. «Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта, сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар у зот. Бас, унга хабар келди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди». Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кўнгли юмшоқ, намозда кўп йиғлайдиган киши эдилар. Бу ҳолни яхши билган қизлари Оиша онамиз мазкур васф соҳиби бўлган оталари ҳазрати Абу Бакрнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақомларида туриб намозга ўтишлари мақсадга мувофиқ бўлармикан, деган мулоҳазага келдилар ва бу мулоҳазани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам худди Оиша онамизнинг гапларини эшитмагандек, яна аввалги гапларини такрорладилар. Оиша онамиз «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик туфайли гапимни яхши эшитмадилар шекилли», деб ўйлаб, ўзларининг аввалги гапларини яна такрорладилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишни Оиша онамизнинг ўзларига топширдилар. «Абу Бакрга айт, одамларга намоз ўқиб берсин», дедилар. Шу билан бирга, аёлларда шунга ўхшаш тасарруф олдиндан борлигини эслатиб, «Албатта, сиз – аёллар Юсуфнинг соҳибаларисиз», дедилар. Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларида аёлларнинг турли тасарруфлари ҳақида сўз кетган. Жумладан, Миср Азизининг хотини ва унинг тасарруфлари баён қилинган. Чунки ўша аёлнинг зоҳирда бир ишни қилиб, ботинда бошқа нарсани кўзлагани бор. У зоҳирда уйига аёлларни чақириб меҳмон қилади. Аммо аслида уларга Юсуф алайҳиссаломни кўрсатиб, ҳайрон қилмоқчи бўлади. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳам бу мақомда «Абу Бакр юмшоқкўнгил», демоқдалар, аммо аслида бу гапнинг замирида «У имом бўлса, одамлар тарқалиб кетармикан», деган маъно бор эди. Ушбу ҳадисдан ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг улуғ мақом эгаси эканликлари кўринмоқда. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида одамларга имом бўлиб намоз ўқиганлари ҳам собит бўлмоқда. Бу ҳол у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича давом этган. Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик чоғларида Абу Бакрга одамларга намозга ўтишга амр қилдилар. Бас, у уларга намозга ўтиб турди. Урва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида енгиллик сезиб, чиқдилар. У Зот чиққанларида Абу Бакр имомлик қилаётган эди. Абу Бакр у зотни кўриб, орқага тисарила бошлади. У Зот унга «Қандай бўлсанг, шундай туравер», деб ишора қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ёнига, унга тенглашиб ўтирдилар. Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига, одамлар Абу Бакрнинг намозига эргашиб, намоз ўқидилар», деди». Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам беморликларида Абу Бакрнинг орқасидан, кийимга ўраниб олиб, ўтириб намоз ўқидилар». Насаийнинг лафзида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавм ила ўқиган охирги намозлари Абу Бакрнинг ортида бир кийимга ўралиб олиб ўқиган намозларидир», дейилган. Имом Бухорий ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Абу Бакр Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан олдинги беморликларида одамларга намоз ўқиб берар эди. Ниҳоят, душанба куни келиб, улар намоз сафида турганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг пардасини очдилар ва тик турган ҳолларида бизга назар сола бошладилар. Юзлари худди мусҳафнинг варағига ўхшаш эди. Сўнгра табассум ила кулимсирадилар. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, хурсанд бўлганимиздан фитнага тушай дедик. Абу Бакр сафга етиб олиш учун орқасига тисарилди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга чиқадилар, деб ўйлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан «Намозингизни тугатаверинг», деб ишора қилдилар ва пардани туширдилар. У Зот ўша куни вафот этдилар».




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ