Пайғамбаримиз бизлар учун ўзимиздан ҳам кўра суюкли

3 йил аввал 3238 siyrat.uz

Аҳзоб сурасининг 6-оятида инсоният билиши керак бўлган аниқ ҳақиқат зикр қилинган:

النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ وَأَزْوَاجُهُ أُمَّهَاتُهُمْ

Аллоҳ таоло яна айтади: «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса уларнинг оналаридир». Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у Зотнинг азвожи мутоҳҳарларининг мўмин-мусулмонларга нисбатан тутган ўринлари ва қадр-қийматларини белгилаб бермоқда. «Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир». Яъни Пайғамбарнинг мўминлар учун тутган ўрни шунчалик улуғки, у асраб олган отадан ҳам, сулбий падаридан ҳам, ҳатто ҳар бир мўминнинг ўз нафсидан ҳам юқори даражададир. У Зотнинг бу даражаси доимий ва боқийдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир нарсада мўминлар учун ҳаммадан, ҳатто ўзларидан ҳам устун мақомдадир. Бу ғоятда олий мақомдир. Бу мақом дунёда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа инсонга берилмаган мақомдир. Бу мақомнинг улуғлигини янада чуқурроқ тушунишимиз учун ҳадиси шарифларга мурожаат этамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Менинг нафсим қудрат қўлида бўлган Зот билан қасамки, сизлардан бирортангиз мен то унга ўзидан, молу дунёсидан, боласидан ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди». Имом Бухорий ривоят қилган. Имом Бухорий ривоят қилган яна бошқа бир ҳадисда айтилади: «Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, эй Умар! Токи мени ўзингдан ҳам маҳбуброқ кўрмагунингча бўлмайди», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, албатта, сиз мен учун ҳамма нарсадан, ҳатто ўзимдан ҳам маҳбубсиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана, энди бўлди, эй Умар», дедилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларга уларнинг ўзларидан ҳам ҳақлироқ эканликлари фақат у Зоти бобаракотнинг шахс­лари билан чегараланмайди, балки у Зот келтирган таълимотлар ҳам мўминлар учун ҳамма нарсадан устун туриши лозим. У Зоти бобаракот ҳадисларидан бирида: «Сизлардан бирортангиз токи унинг ҳавои нафси мен келтирган нарсага эргашмагунича, мўмин бўла олмайди», деганлар. Мусулмон киши эргашадиган таълимот, ҳаётнинг қайси соҳасида бўлишидан қатъи назар, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган Қуръон ва суннатдир. Бу ояти каримага тааллуқли ривоятлардан бирида Имом Бухорий улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бундай деганларини ҳикоя қилади: «Ҳеч бир мўмин йўқки, мен унинг учун бу дунё ва охиратда одамларнинг энг ҳақдори бўлмасам, агар истасангиз, «Пайғамбар мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир» оятини ўқинглар. Бас, қайси бир мўмин ўзидан кейин мол-мулк, мерос қолдирса, уни қариндошлари олсин. Агар қарз ёки зое бўлган болалар қолдирса, эгаси менга келсин, мен унинг мавлосиман». Яъни вафот этган ўша мўминнинг қарзини мен тўлайман, етим қолган болаларига қарайман, демоқдалар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ