РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ПАЙҒАМБАР БЎЛИБ КЕЛИШЛАРИДАН ОЛДИН ИНСОНИЯТНИНГ ҲОЛАТИ

3 йил аввал 3397 siyrat.uz

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлиб келишларидан олдин ер юзи аҳолиси икки қисмга бўлинган эди. Биринчи қисм: Аҳли китоблар. Улар яҳудий ва насронийлар. Иккинчи қисм: Самовий китобга эга бўлмаганлар. Биринчи қисм: Аҳли китоблар Яҳудийлар пайғамбарларни ёлғончига чиқариб, улардан кўпларини ўлдиришгача бордилар. Тавротни ўзгартирдилар, судхўрлик билан шуғулландилар, тузилган аҳдларни буздилар, Исо алайҳиссаломни ёлғончига чиқариб, ўзини ҳам, онасини ҳам курмакда турмайдиган айблар билан ҳақорат қилдилар ва у Зотни ўлдириш учун бор имкониятларини сарфладилар, дунё ортидан қутирган итдек қувиб, шаҳвоний истакларга ботиб кетдилар. Бундан олдин Мусо алайҳиссаломга ҳам қаттиқ қайсарликлар кўрсатган бўлиб, уларнинг энг яхшилари Мусо алайҳиссаломни Парвардигор билан гаплашаётганини эшитган эди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ҳукмларни буюрар, қайтариқлардан қайтарар ва вазифаларни бажариш борасида аҳд олар эди. Булут очилгандан сўнг улар Мусо алайҳиссаломга: «Эй Мусо, Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча сенга ишонмаймиз» (Бақара сураси, 55 оят), дедилар. Яхшиларининг аҳволи мана шундай бўлгандан кейин, ёмонларининг аҳволини қандай деб ўйлайсиз!? Насронийлар ҳам Аллоҳ таолони инсоният ичида бирор киши ҳақорат қилмаган нарсалар билан ёмонлади. Улар Аллоҳ таолони яккаю ёлғиз, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким тенг бўлмаган ягона ҳожатларни қондирувчи Зот эканига иқрор бўлмадилар. Бунинг ўрнига Аллоҳ учтанинг учинчиси, Марям Унинг хотини, Масиҳ эса ўғли дедилар. Бу шундай сўзки: Ундан осмонлар парчаланиб, ер ёрилиб, тоғлар қулаб йиқилай, дейдир. Роҳманнинг боласи бор, деганларига. Роҳманга бола тутиш лойиқ эмасдир. Осмонлару ердаги барча кимсалар Роҳманга банда бўлган ҳолларида келурлар. Батаҳқиқ, У Зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир. Уларнинг барчалари У Зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар (Марям сураси, 90 95 оятлар). Ваҳоланки, уларнинг ўзларининг муқаддас китобида ҳам Масиҳ ҳар бир инсонда учрайдиган очлик, чанқоқ, чарчаш, уйқу, йиғлаш, заифлик, хафалик, оч юриш, азобланиш, калтак ейиш, ўлиш, йўқотиш, танбеҳ, ўрганиш, безовта бўлиш ва шаҳвати қўзиш каби инсонга хос барча сифатлар билан сифатланган экани айтиб ўтилган. Масалан, Юҳанно Инжилида (19/28): «Исо: «Мен чанқадим», деди», деб келган. Матто Инжили (8/24): «У ухлаётган эди»; Юҳанно Инжили (4/6): «Исо сафардан сўнг толиққан эди, шу тарзда қудуқ олдида ўтирди»; Маркс Инжили (14/33): «Исо лол қолиб, хафа бўла бошлади»; Юҳанно Инжили (11/35): «Исо йиғлади»; Луко Инжили (11/35): «Исо уларга: «Бу пасхани сизлар билан ейишни шаҳватим жуда истади», деди». Исо алайҳиссалом чанқайдиган, ухлайдиган, чарчайдиган, йиғлайдиган ва шаҳвати истайдиган бўлса, қандай қилиб илоҳ бўлиши мумкин. Шунингдек, у заиф бир махлуқ (яратилган мавжудот)дан ҳам қўрқади. Юҳанно Инжилида (11/53-54): «Ўша кундан бошлаб уни ўлдириш борасида маслаҳат қилиб юрдилар. Шунинг учун Исо яҳудийлар орасида ошкора юра олмади», дейилган. Исо алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам Аллоҳ таоло тарафидан юборилган Пайғамбар эканликларини эътироф қилиб ўтганлар. Бу Инжилнинг кўп ўринларида айтиб ўтилган. Масалан, Юҳанно Инжили (5/24): «Сизларга ҳақ сўзни айтаман, ким мени тинглаётган бўлса, у мени юборган Зотга ҳам иймон келтиради», дейилган. Юҳанно Инжили (7/28): «Мен ўзимдан ўзим келганим йўқ, мени юборган Зот Ҳақдур». Инжилнинг ўзида ҳам Масиҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг бандаларидан бир банда эканликлари айтиб ўтилган. Бу эса у Зотнинг илоҳ эмасликларини ифодалайди. Матто Инжили (12/18): «Бу менинг танлаб олган бандам ва нафсим мамнун бўладиган ҳабибимдир. Унга руҳимдан қўяман ва у умматларга ҳақнинг хабарини етказади». Кейинчалик бир нечта табъаларда бу ердаги «бандам» деган сўз «ўғлим» деган сўзга ўзгартирилган. Баъзиларида эса сақланиб қолган. Бу насронийларнинг динларида қилган бузғунчиликларнинг ҳаммаси эмас. Улар ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол санар, маст қилувчи ичимликларни ичишар, тўнғиз гўштини истеъмол қилар, хатнани тарк қилар, зино қилишар, барча ифлос нарсаларни мубоҳ санашар, аёл киши устидан ҳукмрон  бўлиб, уни инсон қиёфасидаги шайтон деб ҳисоблар, Аллоҳ таолони қўйиб, роҳибларига ибодат қилишар, руҳоний нимани ҳалол деса ҳалол, нимани ҳаром деса ҳаром бўлар, дин у белгилаган чегарада бўлар, бошқаларнинг гуноҳини кечирар, илоҳий марҳаматларни ато қилар ва дўзах азобидан сақлаб қолар эди. Иккинчи қисм: самовий китобга эга бўлмаганлар Улар орасида бутга ибодат қиладиганлари, оловга сиғинадиганлари, Шайтонга итоат қиладиганлари ва ҳеч қайси нарсага ибодат қилмай, ҳайрону лол қолиб ўтиб кетадиганлари ҳам бор эди. Уларнинг ўхшаш тарафи шундаки, улар ширк келтирар, пайғамбарларни ёлғончига чиқарар, шариатларни инкор қилар, қиёмат ва инсонлар тўпланадиган ҳашр куни бўлишига ишонишмас, Ягона яратувчи бор деб, бирор динга амал қилишмас, ибодат қилувчилар билан ибодат қилмас ва Аллоҳ таолони яккаю ёлғиз деб эътиқод қилувчилар билан ёлғиз деб эътиқод қилмас эдилар. Инсониятнинг энг афзали Пайғамбар бўлиб юборилишидан олдинги аҳвол мана шундай эди. Инсониятнинг йўлини тўғрилаш, ҳидоят ва соғлом фитрат йўлига йўллаш мақсадида Ислом рисолатининг қуёши чиқиши учун барча шароитлар муҳайё эди. Шайх Аҳмад Дидат инсониятнинг энг афзали Пайғамбар бўлиб юборилишига бошқа инсонларнинг муҳтож эканини шундай изоҳлайди: «Агар ҳозирги кунгача бўлган дунё тарихини ўргансангиз, шунга амин бўласизки, Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Расул этиб юборилганини эълон қилишга буюрган вақт энг зулматли кунлар эди. Ўша вақтда икки ишдан бири бўлишига эҳтиёж бор эди. Бутун инсониятни ёлғон, бидъат, худбинлик, кўпхудолик, залолат, зулм ва бир инсоннинг бошқа бир инсонга зўравонлик қилишидан халос этиш, пайғамбар ва расуллар хотамининг рисолати Аллоҳ таоло тарафидан барча инсонларга бўлиши учун ер юзининг ҳар бир бурчагидаги ҳар бир халққа пайғамбарлар хотамини юбориш ёки ер юзидаги барча халқларга умумий битта пайғамбарлар хотамини юбориш лозим эди. Аллоҳ таолонинг хоҳиши ва ҳикмати пайғамбарликни тугатиб берувчи рисолат учун пайғамбарлар ва расуллар хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлашни ва у Зот бутун инсониятга юборилишларидан олдин ер юзидаги энг орқада қолган минтақадан, яъни Арабистон ярим оролидан чиқишини талаб этди. Ҳақиқат шуки, Ислом дини Пайғамбарининг рисолати бутун инсоният учун юборилгандир. Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни Қуръони каримга ушбу оят билан муҳрлаб қўйган: «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик»(Анбиё сураси, 107-оят). Бир миллатни бошқасидан ажратиш ёки бир миллатни бошқасидан афзал қилишга ўрин йўқ. Шунингдек, «Танланган халқ», «Иброҳим алайҳиссалом уруғи», «Довуд алайҳиссалом насли», «Ҳинду орё фортолар», «Яҳудийлар», «Жувйимлар», «Араблар», «Ажамлар»,«Турклар»,«Тожиклар», «Европаликлар», «Осиёликлар»,«Оқ танлилар»,«Қора танлилар», «Орийлар», «Сомийлар», «Мўғуллар», «Африкаликлар», «Америкаликлар», «Австралияликлар» ёки «Полшаликлар» деб аташга ўрин йўқ. Чунки бу рисолат Аллоҳ таоло руҳий масъулиятни кўтариш қудратини ато қилган ҳар бир инсон ва махлуқотга аталгандир. У бутун оламга соғлом асосларни олиб келади». Бу рисолатнинг нури туфайли ер юзи нурафшон бўлди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «У гарчи мушриклар ёқтимаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир» (Тавба сураси, 33-оят). «Батаҳқиқ, Аллоҳ мўминларга ўзларидан Пайғамбар юбориб, неъмат берди. У аларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадир, уларни поклайдир, китоб ва ҳикматни ўргатадир. Гарчи олдин очиқ-ойдин адашувда бўлсалар ҳам» (Оли Имрон сураси, 164-оят). Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарлик шодасидаги охирги дона бўлишини ихтиёр этди. У Зот Арабистон ярим оролидан чиқиб, барчани тавҳидга чорладилар. Пайғамбарлик даъвоси рост эканига далолат қилувчи ёрқин далилларни баён этар эдилар. Қайсар кофирларга ҳужжат кетидан ҳужжат келтирар, улардан етадиган турли азобу уқубатларга сабр қилар эдилар. Улар бир неча бор у Зотга суиқасд қилмоқчи бўлдилар. Ўз она шаҳарларидан чиқариб юбордилар. Иқтисодий қамал қилиб, у Зотнинг атрофидаги саҳобаларга жабру зулм кўрсатдилар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло ўз нусратини нозил қилди. Натижада Макка фатҳ қилиниб, Ислом диёрига айланди. Ушбу фатҳдан сўнг рисолат қуёши бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ўтиб, кўз олдимизда катта бир умматга айланди. Унинг чегараси Испанияда Сожа дарёсидан Ҳиндистонда Фанж дарёсигача чўзилган эди. Бутун ер юзида мақтов минораларига маданият намояндаларини кўтарди. Бу пайтда Европа ўрта асрлар жаҳолатининг зулматида кун кечирар эди. «Маданият қиссаси» китобининг муаллифи Виллиам Дурант шундай деган эди: «Ислом беш аср давомида 700–йиллардан бошлаб 1200–йил атрофларигача бутун оламга куч ва қувватта, тартиб- интизомда, мулкни сарфлаш, чиройли табиатда, хулқ-атворда, турмуш даражасини кўтариш, инсонпарвар қонунларни ишлаб чиқишда, диний бағрикенгликда, одобда, илмий мунозарада, турли илмлар, табобат, фалсафа ва бошқа нарсаларда раҳбарлик қилган».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

улуғликларидаги сирлар» китоби асосида

Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли тайёрлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ