Аллоҳ таоло Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни муҳофаза қилишининг комиллиги (16) Давоми…

1010
  1. Ибн Исҳоқ ва бошқа сийрат олимлари айтадилар: Бир куни Абу Жаҳл қўлига катта тошни олиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Ул Зот Байтуллоҳ яқинида сажда қилган ҳолатда эдилар. Қурайш раҳбарлари бир четда туриб, Абу Жаҳлнинг тошни отишини кузатиб турардилар. Шунда Абу Жаҳл энди отаман деганида, бирдан тош қўлига ёпишиб қолади ва икки қўли кишанлангандек, қимирламай қолади. Дарҳол орқасига қараб чекинади. Кейин бу ҳолатидан халос бўлиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо қилишларини илтижо қилиб сўрайди. Ул Зот дуо қиладилар. Шу лаҳзада икки қўли ечилиб ўз ҳолига қайтади. Аслида бу ҳолат содир бўлишидан озгина илгари Абу Жаҳл Қурайш раҳбарлари билан ваъдалашиб, Муҳаммадни сажда қилаётганини кўрсам, катта тош билан уриб, бошини ёраман, деб қасам ичган эди. Шундай қилиб Абу Жаҳл қавмининг олдига қайтиб келганида, унинг ҳафсаласи пир бўлиб шаштидан қайтганининг сабабини сўрашганида: «Рўпарамдан умрим бино бўлиб, ҳеч ҳам кўрмаганим қўрқинчли, катта бир туя чиқиб, мени емоқчи бўлди», деб жавоб берди Абу Жаҳл. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бу воқеа айтилганида, «У Жаброил эди, агар Абу Жаҳл яқинлашганида эди, Жаброил уни жазолаган бўларди», дедилар.

Бу ҳақда Имом Бусирий шундай деган эди:

Қавм ул Зотни қатл қилишга ҳаракат қилди-ю,

Бироқ қиличлар бош тортди, қилич ҳам қайтди, тош ҳам қайтди.

Абу Жаҳл ўшанда Анқодек, баҳайбат ҳайвоннинг ўзи томон келаётганини кўрган эди.

  1. Самарқандий айтади: «Муғийра уруғидан бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш мақсадида олдиларига келганида, Аллоҳ таоло унинг кўзини кўр қилиб қўяди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмай қолади, лекин сўзларини эшитади. Кейин ортига шерикларининг олдига пайпасланиб қайтиб борганида, то улар ўзлари томон чақирмагунларича, уларни кўролмайди». Самарқандий гапларини давом эттириб айтади: «Мана шу икки қисса борасида Ёсин сурасининг 8-ояти нозил бўлган: «Дaрҳaқиқaт, биз улaрнинг бўйинлaригa, тo ияклaригaчa кишaнлaрни сoлиб қўйдик, бaс, улaр кeккaювчилaрдир».
  2. Ибн Исҳоқ ўз китобида зикр қилган воқеа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимо Аллоҳнинг ҳимоясида бўлганларига ёрқин бир намунадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалар билан Бани Назирга келиб, баланд бир қасрнинг девори остига ўтирадилар. Шунда қавмнинг Амр ибн Жаҳҳош номли бир бадбахти Расулуллоҳни ўлдиришга фурсат топилди, деб устларига тегирмон тошини улоқтириш пайига тушади. Жаброил алайҳиссаломдан бу ҳақда хабар топган Расулуллоҳ дарҳол ўринларидан туриб, Мадинага қайтиб кетадилар ва саҳобаларга Бани Назирнинг ўлдиришга уринганлари ҳақидаги хабарни билдирадилар.

Баъзилар: «Аллоҳ таолонинг:

يا أيها الذين آمنوا اذكروا نعمة الله عليكم إذ هم قوم أن يبسطوا إليكم أيديهم فكف أيديهم عنكم واتقوا الله وعلى الله فليتوكل المؤمنون سورة المائدة / 11 ، الآية .

 

«Эй имoн кeлтиргaнлaр! Aллoҳнинг сизлaргa (бeргaн) нeъмaтини эслaнгиз: бир қaвм (кишилaри) сизлaргa қўл кўтaриш (ҳужум қилиш)ни ният қилгaнидa, қўллaрини сизлaрдaн қaйтaргaн эди. Aллoҳдaн қўрқингиз! Мўминлaр фaқaт Aллoҳгa тaвaккул қилсинлaр!» деб марҳамат қилган сўзи айни мазкур қисса хусусида нозил бўлган», деб айтадилар.

  1. Самарқандий айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Назир қабиласига келдилар. Мақсад қатл қилинган Бани килоблик икки кишининг товонини тўлашга ёрдам беришларини сўраш эди. Сабаби бу икки кишини Амр ибн Умайя қатл қилган эди. Шунда ул Зотга ашаддий душманчилик қилган Ҳуяй ибн Ахтаб: «Ўтир, эй Абулқосим, аввал сени саҳобаларинг билан бир меҳмон қилайлик, кейин сен сўраган нарсангни ҳам берамиз», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумолар билан ўтирдилар. Шунда Ҳуяй улар олдларидан чиқиб, яҳудийлар билан ул Зотни қатл қилиш тўғрисида машварат қила бошлади. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бунинг хабарини берди. Ул Зот гўё қазойи ҳожат қилишни истагандек, ўринларидан туриб кетдилар. Юриб-юриб Мадинага кириб келдилар ва уларнинг ёмонлигидан омонда қолдилар».
  2. Тафсир уламолари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиснинг маъносини ривоят қилиб айтадилар: «Абу Жаҳл Қурайш ҳузурида:«Агар Муҳаммадни намоз ўқиётганини кўриб қолсам, бориб бўйнига оёғимни қўйиб, эзаман», дея қасам ичди. Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётган эдилар. Буни кўрган қурайшликлар дарҳол Абу Жаҳлга хабар бердилар. Абу Жаҳл ваъдасини бажариш мақсадида ул Зот томон юзланди. Олдларига яқинлашгач, бирдан қўллари билан ўзини ҳимоя қилган ҳолатда орқасига чекиниб, юз ўгириб кетди. Бу ҳолатни узоқдан кузатиб турган қурайшликлар ундан бунинг сабабини сўрашганларида: «Мен унинг олдига яқинлашганимда, олов-оташга тўла бир чуқурлик оғзига келиб қолдим. Сал қолса тушиб кетардим. Ва яна қанотларини қоқиб турган даҳшатли бир нарсани ҳам кўрдим. Қанотлари ернинг ҳамма жойини қуршаб олган эди», деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда: «Улар фаришталар эди. Агар у ўшанда яқинлашганида эди, унинг аъзоларидан тутиб тилкапора қилиб ташлашган бўлардилар», дедилар». Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари нозил бўлди:

كَلا إِنَّا الْإِنْسانَ لَيَطْغى [العلق: 6]

«Дaрҳaқиқaт, инсoн ҳaддидaн oшaр» (Алақ: 6) оятидан суранинг охиригача.

  1. Ривоят қилинишича, «Шайба ибн Усмон Ҳажабий Ҳунайн ғазоти куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга тўқнаш келади. Илгари Ҳамза розияллоҳу анҳу унинг отаси ва амакисини ўлдирган эди. Шунда Шайба ибн Усмон Расулуллоҳни кўриб: «Бугун Муҳаммаддан ўчимни оладиган кун экан», деб кўнглига тугиб қўйди. Уруш бошланиб, инсонлар бир-бирлари билан овора бўлиб қолганларида, Шайба ибн Усмон ул Зотнинг орқа томонларидан келиб, ўлдириш учун қиличини кўтаради. Шу ўринда Шайбанинг ўзи айтади: «Мен ўлдираман, деб яқинлашганимда, бирдан олдимдан яшиндан ҳам тезроқ аланга ловуллаб кўтарилди. Ундан қўрқиб, орқага чекиндим. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени сезиб қолиб, олдиларига чақирдилар. Ҳузурларига бордим. Кейин қўлларини кўксимга қўйдилар. Ҳолбуки ул Зот менга энг ёмон кўрган кишим эдилар. Қўлларини кўтаришлари билан менга нисбатан энг маҳбуб кишига айландилар. Сўнгра ул Зот: «Кел, олдимда туриб душманларга қарши кураш», деб айтдилар. Мен олдиларида туриб, ана шу қиличим билан душманга қарши урушдим, ўз жонимни гаровга қўйиш билан бўлса ҳам ул Зотни ҳимоя қила бошладим. Ана шу онларда фаразан отам душман томонида бўлганида, Расулуллоҳни ҳимоя қилиб, отамга ҳам қарши чиққан бўлардим», деди».
  2. Фазола ибн Умайрдан ривоят қилинади, у киши айтади: «Мен Фатҳ йили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни Байтуллоҳни тавоф қилаётган пайтда, ўлдиришни мақсад қилдим. У Зотга яқинлашганимда, бирдан: «Фазоламисан?» дедилар. Мен: «Ҳа», деб жавоб бердим. Ул Зот: «Ҳозир ўзингга ўзинг нималарни гапирган эдинг», дедилар. Мен: «Ҳеч нарса гапирмадим», деб жавоб бердим. Шунда Расулуллоҳ кулиб юбордилар-да: «Аллоҳ таоло сенинг хаёлингга келган нарсаларнинг гуноҳини кечирсин, деб ҳаққимга истиғфор айтдилар ва қўлларини кўксимга қўйдилар. Ўшанда қалбим ҳотиржам бўлиб қолди. Аллоҳга қасамки, қўлларини олишлари биланоқ, Аллоҳ таоло Расулуллоҳдан кўра менга маҳбуброқ бўлган бирор кишини яратмаган бўлса керак, деб ўйлаб қолдим. Фазола гапини давом эттиради: «Шундай қилиб, аҳлимга қайтдим. Йўлда мен илгари суҳбатлашиб юрадиган бир аёлнинг олдидан ўтиб қолдим, у: «Кел, суҳбатлашамиз», деди. Мен: «Йўқ», дея рад этдим. Шунда Фазола жўшқинланиб шундай дейди:

У: «Кел, суҳбатлашамиз», деди. Мен дедимки: «Йўқ, Аллоҳ ва Ислом шариати менга бундай қилишимга йўл қўймайди,

Фатҳ куни – бут-санамлар синдирилган куни Муҳаммад ва унинг қабиласини кўрмаганимда ҳам,

Аллоҳнинг динини очиқ ойдин, ширкнинг юзини зулматлар ила қопланган ҳолида кўрган бўлар эдим.

  1. Яна бир машҳур воқеалардан бири, Омир ибн Туфайл билан Арбад ибн Қайс Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келишади. Келишларидан олдин Омир ибн Туфайл Арбад ибн Қайсга: «Мен Муҳаммаднинг юзини сенга қарашидан чалғитиб тураман, шунда сен орқасидан ўтиб, урасан», деб айтган эди. Ҳар гал Арбад энди бирор нарса қиламан деса, Расулуллоҳни кўролмай қоларди. Кейин Омир уни ҳеч нарса қила олмаганини кўриб, койиб берганида, у: Аллоҳга қасамки, энди уни уришга уринаман десам, бирдан у ғойиб бўлиб, мен сенга тўғри келиб қолаётган бўлсам, нима қилай шунда, сени урайми, ахир?» деди.
  2. Аллоҳ таолонинг ул Зотни ҳимоя қилишига яна бир мисол: Кўплаб яҳудий ва коҳинлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғрисида нурлари яқин қолганини, яқин кунларда туғилиб қолишларини инсонларга неча бор огоҳлантирган эдилар. Қурайшликларга ул Зотнинг насаблари, шарафлари, туғилиш аломатлари, бошлиқ, раис бўлиш каби хусусиятларини баён қилган эдилар. Шунингдек, ҳали ўша киши уларни мағлуб этиши ҳақида хабар бериб, бу ҳолат юз беришидан илгари уни қатл этишга гижгижлаган эдилар. Лекин шундай бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло ул Зотни то Ўзининг иши тамомига етгунича ҳимоя қилиб асради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида айтганларидек, ул Зот бир ойлик сафар масофасидан душманларининг қалбларига қўрқув солиниши билан қўллаб-қувватланишлари ҳам Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлганларига яққол далилдир.

 

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсонул-комил (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам − комил инсон китобидан таржима қилинди).

Мулоҳаза билдиринг