РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ХУЛҚ-АТВОРЛАРИ МУКАММАЛЛИГИ

8 йил аввал 2717 siyrat.uz

Агар «Инсоннинг хулқ-атвори мукаммал даражада гўзал бўлиши унинг Пайғамбар эканига далил бўлмайди», деб эътироз билдирилса, унга жавобан «Пайғамбарликни даъво қилган киши хулқ-атвори мукаммал бўлса, Пайғамбар эканига далил бўлади», деб айтамиз. Зеро агар у киши ёлғончи бўлганида хулқ-атвори мукаммал бўлмас эди. Ёлғончилик ёмон хулқ-атвордан ҳисобланиб, бу сифат фақат нуқсонли ва пасткаш инсонда кузатилади. Одоб–ахлоқнинг мукаммал бўлиши ростўйликни ҳам ўз ичига олади. Ростгўйлик эса ростгўй кишининг сўзини қабул қилиш лозимлигини англатади. Демак, хулқнинг мукаммал бўлиши пайғамбарликка далил бўлар экан. Хулқ-атворнинг мукаммал бўлиши оддий нарса эмаски, уни ҳамма даъво қилса! Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ривоят қилган ҳадисларга яхшироқ назар солсак, хулқ-атворнинг бу даражада мукаммал бўлиши фақат Пайғамбардагина учраши мумкин эканига амин бўламиз. Келинг, саҳобаларнинг сўзларига қулоқ солайлик! Бошқалардан кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши биладиган, у Зот билан узоқ муддат бирга бўлган ва у Зотни ҳаққоний васфлаб бера оладиган саҳобий, у Зотнинг амакиваччалари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмас эдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, афв этиб, кечириб юборар эидар. Қўллари билан бирор кимсани урмаганлар. Лекин Аллоҳ таолонинг йўлида бор кучларини сарфлаб, ҳаракат қилар эдилар. Бирор хизматчи ёки чўрини койимаганлар. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар поймол қилинмаса, зулм кўрган мазлумнинг ҳаққи ўз ўрнига қайтгунча у билан бирга бўлар эдилар. Агар Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар поймол этилса, биринчилардан бўлиб бу ишга ғазаб қилар эдилар. Олдиларида икки ихтиёрли иш турса, фақат енгилини танлар эдилар. Уйларига кирсалар, оддий одамлар қиладиган ишларни қилар эдилар. Кийимларини тўғрилар, қўйларини соғар ва ўз ишларини ўзлари бажарар эдилар. Ўзларига тегишли бўлмаган мавзуда гапирмас, саҳобаларнинг ҳолидан хабар олар, уларни янги жорий бўлган ҳукмларга мослаштирар, бездирмас эдилар, ҳар бир қавмнинг эътиборга молик кишисини ҳурмат қилар ва ўз қавмига раҳбар қилиб тайинлар, инсонлардан уларни қийнаётган муаммолар ҳақида сўрар, чиройли нарсани чиройли деб, уни қўллар, хунук нарсани хунук деб, ундан узоқлаштирар, барча ишларда мўътадил бўлиб, ихтилофли ишларни қилмас эдилар. Ҳақ ишда хато қилмас, унда ҳаддан ҳам ошмасдилар. У Зотнинг атрофларидаги кишилар инсонларнинг энг яхшиси бўлиб, у Зотнинг наздиларида энг афзал киши доим холис бўлган киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наздиларида энг даражаси юқори киши эса чиройли суратда кўнгил сўрайдиган ва ёрдам берадиган киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерда ўтирсалар ёки турсалар, доим зикр қилар эдилар. Бир нечта киши ўтирган бўлса, уларнинг охири қаерда тугаган бўлса, ўша ерга ўтирардилар. Ёнларида ўтирган ҳар бир ҳамсуҳбатларига ўз улушини берар, ҳамсуҳбатлари бу Зотга энг яқин киши мен бўлсам керак, деган гумонга борар эди. Бирор киши билан бирга ўтирсалар ёки бирор ҳожат юзасидан суҳбат қилсалар, ўша киши биринчи бўлиб хайрлашгунига қадар сабр қилиб кутар эдилар. Бирор киши ўз ҳожатини сўраб келса, ўша нарсани берар ёки имкони бўлмаса, чиройли сўз билан жавоб қайтарар эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ чеҳрали, ахлоқлари енгил, мулойим табиатли, қўпол ҳам, қаттиқ қўл ҳам, шовқин чиқарувчи ҳам, бировларнинг айбини айтувчи ҳам, бахил ҳам эмас эдилар. Хоҳламаган нарсаларини сездирмасликка ҳаракат қилар, у Зотдан умидвор бўлган кишини ноумид қайтармас эдилар. Уч нарсани тарк қилган эдилар: тортишиш, кўп гапириш, ўзларига тегишли бўмаган нарсага берилиш. Инсонларнинг уч нарсасига аралашмас эдилар: бирор кишини камситмас ва айбламас, бирор кишининг камчиликларини қидирмас ва фақат савоби умид қилинадиган нарсаларни гапирар эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гапирсалар, ўтирганлар гўё бошларида қуш тургандай қотиб туришар, у Зот гапириб бўлганларидан кейин бошқалар гапирар эди. Атрофларидаги саҳобалар кулган нарсага кулар, улар ҳайратланган нарсалардан ҳайратланар эдилар. Бегона кишининг сўзлаши ва бирор нарсани сўрашидаги қўполлигига сабр қилар эдилар. Бирор кишининг сўзини то ўзи тугатмагунича бўлмас эдилар. Бордию сўзини бўладиган бўлсалар ҳам, қайтариш ёки ўринларидан туриб кетиш билан бўлардилар. Инсонлар ичида энг қалби сахий, ростгўй, табиатлари мулойим, яқинларини ҳурмат қиладиган Зот эдилар. У Зотни илк бор кўрган кишини ҳайбатлари босар, яқиндан таниб, бирга юрган киши у Зотни яхши кўриб қолар эди». Ҳинд ибн Абу Ҳола Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни қуйидагича васфлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узлуксиз маҳзун, доим фикрга чўмган ҳолда юрар эдилар. У Зот ҳеч роҳат кўрмаганлар. Узоқ сукут сақлар, бирор ҳожат бўлмаса гапирмас эдилар. Гапирсалар, бутун маъноларни ўзида жамлаган сўзларни гапирар эдилар. Сўзлари дона-дона, маънони ифодалашда ортиқча ҳам, кам ҳам бўлмас эди. У Зот баджаҳл ҳам, пасткаш ҳам эмас эдилар. Ҳар бир неъматни гарчи кичкина бўлса ҳам, улуғ санар, бирортасини камситмас эдилар. У Зотни дунё ва ундаги нарсалар ғазабга солмас эди. Ўзлари учун ғазаб қилмас ва ўч ҳам олмас эдилар». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқ-атворларини умумий тарзда баён этганимиздан кейин ўзимизга бир савол берайлик: «Мана шундай ҳурматга лойиқ, гўзал, чиройли ва фазилатли хулқлар яна кимда топилиши мумкин!» Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уммий бўлиб, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмас эдилар. Айни мана шунда катта ҳикматлар мавжуд бўлиб, Аллоҳ таоло мана шу уммий Зотни инсоният учун энг катта муаллим бўлишини ихтиёр қилди. Зеро Аллоҳ таолонинг Ўзи у Зотга таълим берди, тўғри йўлга йўллади ва тарбия берди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Аллоҳ сенга билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди (Нисо сураси, 113 оят). Аллоҳ таоло бошқа оятда шундай марҳамат қилади: Чошгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилмади ва ғазаб ҳам қилмади. (Ушбу ояти карима мушриклар: «Муҳаммаднинг Роббиси унга ғазаб қилди, уни тарк этди», деб гап тарқатганларида раддия сифатида тушган). Ва, албатта, охират сен учун бу дунёдан яхшидир. Ва тезда Роббинг сенга ато қиладир ва сен рози бўлурсан. У сени етим топиб, жойлаб қўймадими? Ва У сени ҳайрон топиб, ҳидоятга бошламадими? Ва У сени камбағал топиб, бой қилмадими? Аммо етимга қаҳр қилма. Ва, аммо, «соил»га зажр қилма. («Соил» келганда–бирор нарсаси бўлса бериши, бўлмаса яхши муомала қилиши керак) Ва, аммо, Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла (Зуҳо сураси). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу тарзда Роббиларидан чиройли хулқларни ўргандилар. У Зотнинг тарбиялари билан бирор тарбиячи шуғулланмади ёки бирор муаллим кўмак бермади. Одатда фақир етимларнинг қалби илоҳий одоблар билан безатилмаса–да, лекин у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоблари илоҳий одоб эди. Натижада, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мукаммал тарзда улғайдилар, инсонлар эса хали ҳануз нуқсонли эди. У Зот олий эдилар, инсонлар эса паст даражада эди. У Зот Аллоҳни ёлғиз дер эдилар, инсонлар эса бутга сиғинар эди. У Зот соғлом табиатли эдилар, инсонлар эса ҳақ йўлдан адашган эди. У Зотнинг эътиқодлари тўғри эди, инсонлар эса залолатда эди. У Зот доим яхшилик қилар эдилар, инсонлар эса жоҳил бўлиб, яхшилик қилишдан узоқда эди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

улуғликларидаги сирлар» китоби асосида

Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли тайёрлади.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ