Ризвон байъати

3 йил аввал 3604 siyrat.uz

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар билан сулҳ тузишдан аввал Усмон ибн Аффонни шу иш тўғрисида гаплашиб келиш учун Қурайшнинг олдига юборган эдилар. Қурайш у ишини бир қанча муддат ушлаб турди. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга « Усмон ўлдирилди»деган хабар келган эди. У Зот: "Бу қавм билан жанг қилмагунимизча жойимиздан жилмаймиз», дедилар. Ва одамларни байъатга чақирдилар. Ана шу ердаги бир дарахт остида бўлиб ўтган бу байъат Ризвон байъати деб номланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг қўлларини бирма-бир олар эканлар, улар билан бирга сабот билан туришга, ортга қайтмасликка байъатлашар эдилар. Байъат охирида у Зот ўнг қўллари билан чап қўлларини ушлаб: «Бу Усмон тарафидан», дедилар. Байъат ниҳоясига етгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Усмон розияллоҳу анҳунинг ўлганлиги ҳақидаги хабар ёлғон эканлиги маълум бўлди.

 
Ибратли нукталар
Бу сулҳнинг ҳикмати ҳақида қисқача сўз. Ҳудайбия сулҳидан олинадиган дарслар, ибрат ва ҳикматлар ҳақида тўхталишимиздан аввал шу сўзларни айтмоқчимиз: Бу сулҳ иши унда пайғамбарлик амали ва таъсири кўринган бир Илоҳий тадбирнинг намойиши бўлди. У Зотнинг зафар қозонишлари Ёлғиз Аллоҳнинг Илмига яширинган ғайби макнунга боғлиқ сир эди. Шунинг учун биз бу сулҳ ишини муқаддимаси хотимаси билан Исломий ақидани тўғрилаш ва уни мустаҳкамлаш  йўлидаги  муҳим  асослардан,  деб ҳисоблаймиз. Энг аввал бу сулҳ ўз ичига олган Илоҳий ҳикматлар ҳақида сўз юритиб, кейин бу сулҳ воқеалари ўз ичига олган Шаръий ҳукмлардан сўзлайлик. Ана шундай ҳикматлардан бири: Ҳудайбия сулҳи Макка фатҳи олдидан муқаддима ўрнида бўлди. Бу Аллоҳ субҳонаҳу Ва таолонинг одати Илоҳиясидир. У Зот бир ишни амалга оширишни ирода қилишдан олдин унга далолат қиладиган муқаддималарни тайёрлаб қўяди. Гарчи мусулмонлар ўша пайтда буни   англамаган   бўлсалар-да −    қаёқдан   ҳам англасинлар, ахир келажак улардан ғойиб бўлса − лекин бир оз вақт ўтгандан сўнг мусулмонлар бу сулҳнинг аҳамиятини, у ўз ичига олган яхшиликни илғай бошладилар  Чунки одамлар бир-биридан омонликда бўлдилар мусулмонларга кофирлар билан аралашиб, уларни даъват қилиш, уларга Куръонни эшиттириш имқонияти туғилди. Улар билан тинч ва очиқчасига Ислом тўғрисида мунозаралар олиб бордилар.  Исломини  яшириб  юрганлар  очиққа чиқдилар. Ибн Исҳоқ Зуҳрийдан ривоят қилади:«Исломда Ҳудайбия сулҳидан кўра каттароқ фатҳ бўлмади. Сулҳ тузилиб, жанг тўхтатилиб, ҳар икки тараф бир-бирларидан омонликда бўлиб, бир-бирлари билан яқиндан танишиб, суҳбатлашгач, Ислом ҳақида тушунча    бериш    билан    бошланган    мажлис эшитганлар тарафидан Исломни қабул қилиш билан якунланди». Шундай қилиб, ўша икки йил мобайнида Исломга кирганлар адади ўша пайтгача бўлган мусулмонларнинг сонидан ошиб кетди. Шунинг учун Қуръони Карим бу сулҳга куйидаги оятда фатҳ исмини берди: «Албатта, Аллоҳ Ўз Пайғамбарига (у киши кўрган) тушни ҳаққи-рост қилди: албатта, сизлар (эй мўминлар), иншааллоҳ, Масжид ал-Ҳаромга тинч-омон, бошларингизни (сочларингизни) қирдирган ва (ёки) қисқартирган ҳолларингизда хавф-хатарсиз кирурсизлар. Бас, (Аллоҳ) сизлар билмаган нарсани билиб, ундан (Макка фатҳидан) олдин яқин бир ғалабани (Хайбар жангидаги ғалабани муяссар) қилди» (Фатҳ сураси, 27-оят). И з о ҳ: Муфассирлар ривоят қилишларича, Пайғамбар   алайҳиссалом   Ҳудайбия   сулҳидан илгари тушларида саҳобалари билан бирга Маккага кирганларини ва Каъбатуллоҳни тавоф қилишгач, айримлари сочларини    қирдириб,    айримлари қисқартириб     ҳаж-умра    маросимларини     адо этганларини кўрган ва саҳобаларга бу тушларини сўзлаб   берган   эканлар.   Бундай   хушхабардан бениҳоя шодланган саҳобалар Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга умра ибодатини адо этиш учун Маккаи мукаррама томон юриш қиладилар. Лекин Ҳудайбия водийсига етиб келганларида мушриклар тарафидан йўллари тўсилиб, икки ўртада ўтган оятларда мазкур бўлган сулҳ тузилгач, Маккага кира олмасдан    Мадинага    қайтиб    кетишаётганида мунофиқ кимсалар: «Муҳаммаднинг кўрган туши рост чиқмади-ку!» деб мусулмонлар орасида иғво тарқатганларида   юқоридаги   оят   нозил   бўлиб, Пайғамбар    алайҳиссаломнинг    тушлари    шак-шубҳасиз, ўнгидан келиши, аммо Аллоҳ таоло бандалар билмайдиган сир-асрорларни билиб Макка фатҳидан аввал Хайбар жангидаги ғалабани муяссар қилгани ҳақида хабар берилди. Мана шундан кейин орадан бир йил кечгач, Макка мусулмонлар томонидан фатҳ қилинди. Сулҳ воқеасига алоқадор ҳукмлар: Юқорида Ҳудайбия сулҳига алоқадор айрим Илоҳий ҳикматлар ҳақида гапириб ўтдик. Энди бу воқеага тааллуқли аҳкомлар тўғрисида қисқача тўхталмоқчимиз. Биринчи,   урушдан   бошқа   ишларда   ғайри мусулмонларнинг      ёрдамидан      фойдаланиш. Юқорида     айтиб     ўтганимиздек,     Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бишр ибн Суфённи Қурайш томонга улар ҳақида маълумот олиб келиш учун «кўз» қилиб юборган эдилар. Бишр ибн Суфён эса Хузоъа қабиласидан бўлган мушрик эди. Бу аввалроқ    биз    илгари    сурган    бир    фикрни таъкидлайди. Яъни ғайри муслимдан ёрдам олиш масаласида аввало шароитни ва ёрдам олинаётган кишининг шахсини ўрганилади. Агар у ишончли ва хиёнат қилишининг эҳтимоли йўқ бўлган киши бўлса, ундан фойдаланиш дуруст, акс ҳолда эса дуруст эмасдир. Иккинчи, Исломда маслаҳатлашувнинг табиийлиги. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ҳолларда маслаҳатлашув йўлини тутганларини кўрдик. Маслаҳатлашувда мусулмонлар ичидаги фикр важҳларини ўртага чиқариш, ўрталаридаги жорий масалани тўғри ечиш қобилиятига эга бўлган кишини топиш ёки уларнинг кўнгилларини кўтариш ҳикматлари бордир. Маслаҳат солган ҳоким уларнинг фикрларидан шариати исломиянинг далил ва аҳкомларига зид бўлмаган ҳолда кўнгли таскин топса, қабул қилади. Аксинча бўлса, Қуръону суннатга мувофиқ ўзи хоҳлаган ҳуқмни чиқариши мумкин бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияда   саҳобаларига   маслаҳат   солдилар. Шунда Абу Бақр розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, албатта, Сиз мана бу Байтуллоҳни (зиёрат қилиш) мақсадида чиққансиз, шунинг учун тўхтамасдан у томон бораверинг, бас, ким йўлимизни тўсадиган бўлса, у билан жанг қиламиз», деб маслаҳат берган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса аввал у кишининг маслаҳатларини қабул қилиб, Макка сари юришни давом эттирган эдилар. Лекин бир оз юрганларидан кейин туя чўкиб олгач ва бу иш мумкин эмаслигини билгач, у Зот Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг маслаҳатига амал қилишни тўхтатиб, ҳеч кимга маслаҳат солмаган ҳолда сулҳ тузишни бошладилар ва мушрикларнинг қўйган шартларига рози бўлдилар. Демак, маслаҳат, кенгаш, ваҳий ҳукмидан кейинги ўринда турар экан. Бугунги кундаги ваҳий ҳукми -Қуръон, суннат ва ижмойи умматдир. Учинчи,умра билан ҳажда эҳсор - тўсилишнинг ҳукми. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушриклар билан сулҳ тузиб бўлганларидан сўнг эҳромдан чиқишлари, жонлиқларини сўйиб, сочларини олдиришлари, йўлда тўсилиб қолган муҳрим - эҳром боғлаган киши эҳромдан чиқиб, ҳалолланиши дуруст эканлигига далилдир. Шу билан бирга, бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда мана шу тўхтатилган умра ёки ҳажни ҳатто бу иккиси у киши учун нафл бўлса ҳам, келгуси имконият бўлган йилларда қазосини ўташ лозимдир. Бунга мазкур Ҳудайбия сулҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга чиққан саҳобаларнинг барчаси (Хайбар ғазотида шаҳид бўлганларидан ташқари) яқинда зикр қилинажак умра қазосига чиққанларини далил қилиб келтирадилар.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ