Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли-аёлларига ва фарзандларига раҳм-шафқатлари [19]

3 йил аввал 5379 siyrat.uz

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра ўз фарзандларига меҳрибонроқ кишини кўрмадим. Фарзандлари Иброҳим розияллоҳу анҳу Мадина оилаларидан бирида эмизилар эди. Узот ўғилларини кўргани борсалар, биз ҳам бирга борар эдик. Уйга кирганларида, уйдан тутун чиқарди. Иброҳимнинг эмизикли отаси темирчи ва заргар эди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимни қўлларига олардилар ва уни ўпиб яна жойига қўярдилар», деди. Амр ибн Саид айтади: «Иброҳим вафот этганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўғлим Иброҳим кўкрак сутидан чиқмаган гўдаклигида вафот этди. Унинг икки энагаси бор. Ҳали улар жаннатда эмизиш даврларини тўлдириб қўядилар», дедилар. Иброҳим вафот этанида ўн олти ёки ўн етти ойлик гўдак эди». (Имом Нававийнинг шарҳларидан) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уй ишларида ҳам оилаларига қарашардилар. Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳодан: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳллари орасида нима қилардилар», деб сўрадим. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларининг хизматида бўлардилар. Агар намоз ҳозир бўлса, намозга чиқардилар. У Зот катта занг кишилардан бўлмаганлар. Балки кўпинча ўз ишларини ўзлари бажарардилар», дедилар. Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг «Муснад»ларида келган ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимларини ўзлари тикардилар, кавушларини ямардилар ва сизлар ўз уйингизда нима қилсангиз, шуни қилардилар», дедилар. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Оиша розияллоҳу анҳога: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида нима қилардилар?» дейилди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (оддий) одамлардан бири эдилар. Кийимларини тозалар, қўйларини соғардилар», дедилар.   Ёшларга, етим-есирларга, бевалар, касаллар ва заифҳолларга раҳм-шафқатлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мен намозни ўқимоқчи бўлиб бошлайман-да, гўдак йиғисини эшитиб қолсам, йиғиси сабабли онасининг қаттиқ изтиробга тушишини билганимдан, намозни енгил қиламан», дедилар». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларга жуда меҳрибон эдилар. Оиша онамиздан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Алининг икки фарзанди Ҳасан ва Ҳусайнни ўптилар.  Ҳузурларида Ақроъ ибн Ҳобис ат-Тамимий бор эди. Шунда Ақроъ: «Менинг ўнта фарзандим бор. Лекин мен уларнинг бирортасини ҳечҳам ўпмаганман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: «Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди», дедилар». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади,  у киши айтадилар: «Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб:» Сизлар ёш гўдакларингизни ўпар экансизлар, биз эса уларни ўпмаймиз», деди.  Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ахир Аллоҳ таоло сенинг қалбингдан раҳм-шафқатни чиқариб ташлаган бўлса, менинг қўлимдан нима ҳам келарди?» дедилар». Яъни кимнинг қалбида ёшлар, гўдакларга нисбатан раҳм-шафқат бўлса, бу шафқат ўз соҳибини ёшларни ўпишга ундайди. Ана энди кимнинг қалбидан ўша раҳм-шафқат олиб қўйилган бўлса, уларни ўпишликдан тийилади. Барро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, Ул Зот елкаларида Ҳасанни кўтариб:«Эй Аллоҳ, мен уни яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», деб айтардилар». (Имом Бухорий ва Муслим ҳамда Имом Термизий ривоятлари) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Аҳли байтингиздан қайси бири сизга маҳбуброқ», дейилди. Ул «Зот: «Ҳасан ва Ҳусайн», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога:«Менга икки фарзандимни чақир”, деб айтардилар. Кейин Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни бағирларига босиб қучоқлардилар. (Имом Термизий ривояти) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёшларни шодлантириб, уларни хурсанд қилишга қизиқардилар. Ҳузурларига энг аввал пишган мевалардан келтирилса, олдиларидаги ёшларга тарқатардилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига энг аввал пишган мевалар келтирилса, ундан олиб кўзларига кейин лабларига қўйиб: «Ё Аллоҳ, бунинг аввалини кўрсатганингдек, охирини ҳам кўрсатгин», деб дуо қилардилар. Кейин меваларни ҳузурларидаги ёшларга тарқатардилар. (Имом Табароний ривояти. Ушбу ҳадисни Ибн Синний Абу Ҳурайрадан ривоят қилган) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳим вафот этганида кўзларидан ёш оққанди. Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларидан ёш тўкила бошлади. Шунда Абдурроҳман ибн Авф: «Сиз ҳамми, ё Расулуллоҳ?! (яъни сиз ҳам йиғлайсизми), дедилар. Ул Зот: «Эй Ибн Авф, бу раҳм-шафқатдандир», дедилар. Бошқа ривоятда эса: «Кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар. (Имом Бухорий ривояти. Баъзи жумлаларини Имом Муслим ривоят қилган) Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у Зот айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзандлари Иброҳим вафот этаётган ҳолатида кўтариб олиб келинганда, у Зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: «Ё Расулуллоҳ, нимага йиғлаяпсиз?» деди. Шунда: «Бу Аллоҳ таоло бандаларининг қалбига жойлаган раҳматидир. Албатта, Аллоҳ таоло фақат раҳм-шафқатли бандаларига раҳм қилади», дедилар».  (Муттафақун алайҳи) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етим-есирлар билан бирга юришдан ҳазар қилмасдилар. Балки улар билан бирга юрардилар, уларнинг ҳожатларини раво қилардилар.  (Имом Насоий шу маънодаги ҳадисни ривоят қилган) Заифҳол, бетоб бўлган мусулмонларнинг олдиларига бориб, зиёрат қилардилар, жанозаларида қатнашардилар. (Бу маънодаги ҳадисни Абу Яъло ва Табароний ривоят қилишган) Етимларга нисбатан ўзлари гўзал муомалада бўлардилар, уларга яхшилик қилардилар ва саҳобаларни ҳам шундай қилишга, етимларни ўз қарамоғига олишларига тарғиб қилиб, унинг фазилатларини баён қилардилар. Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мен билан етимни қарамоғига олган киши жаннатда мана шундоқ бўлади», деб кўрсаткич ва ўрта қўлларини бирлаштириб ишора қилдилар. (Имом Бухорий ривояти) Бошқа бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонлардаги энг яхши уй − бу, унда етимга хайр-саховат қилинадиганидир», деб айтганлар. (Ибн Можа ривояти) Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам бирор саҳобаларини оғир, машаққатли ҳолатда, қийналиб турганини кўрсалар, жуда маҳзун бўлардилар, қалблари эриб, у ҳолатдан таъсирланиб йиғлар эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни зиёрат қилиб келганларида, у Зот билан Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Пайғамбар алайҳиссалом у кишини кўриб йиғладилар, у Зот билан бирга бўлганлар ҳам йиғладилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти) Усмон ибн Мазъун вафот этганларида Пайғамбар алайҳиссалом йиғлаган ҳолатларида у кишини ўптилар, бу ҳақида Оиша розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:«Ўшанда мен Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўз-ёшлари Усмоннинг яноқларига тўкилаётганини кўрдим». Бошқа бир ривоятда: «Пайғамбар алайҳиссалом Усмоннинг икки кўзи орасини ўптилар, сўнг узоқ йиғладилар», дейилган». Ҳайвонларга раҳмат бўлганлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларга шафқатли бўлиб, уларни аяшга буюрардилар. Ҳайвонларни боқувчи егаларини уларга азият бериш, оғир юкларни юклаш, тоқати кўтара олмайдиган ишлар билан қийнашдан қайтарардилар. Пайғамбар алайҳиссалом қорни бели билан бирлашиб кетай деган, яъни очликнинг қаттиқлигидан озиб кетган бир туя олдидан ўтаётиб: «Бу гапира олмайдиган чорвалар борасида Аллоҳ таолодан қўрқинглар. (Яъни уларга гўзал муносабатда бўлиш, зарар етказмаслик, ҳаққини риоя қилиш, муҳтож бўладиган нарсасини бериш ва азият бермаслик борасида) Уларни (минмоқчи бўлсангизлар) минишга ярайдиган, юришга қуввати етадиган ҳолида мининглар, агар емоқчи бўлсангизлар, семиз, соғ ҳолида енглар», дедилар. (Абу Довуд ва Ибн Хузайма ўз саҳиҳ китобларида ривоят қилганлар) Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ансорийнинг боғига кирганларида, бир туяга кўзлари тушади. Туя ҳам Пайғамбар  соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан икки кўзи ёшланган ҳолида  ул Зот томон интилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келиб, икки қулоғидан силаб қўйдилар. Туя тинчланди. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу туянинг эгаси ким? Бу туя кимга қарашли?» дедилар. Ансорий бир йигит келди. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Аллоҳ таоло сенга мулк қилиб берган мана бу ҳайвон хусусида Аллоҳдан қўрқ! У менга оғир, тоқати етмайдиган юкларни юклаб азият бераётганингдан шикоят қилди», дедилар. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган ҳамда Имом Ҳоким ўзларининг «Ал-Мустадрак»ларида ҳам ривоят қилган.) Пайғамбар алайҳиссалом заруратсиз ҳайвонларни тўхтатиб олиб, устида узоқ туриб азият беришдан қайтарганлар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг олдидан ўтсалар, улар ўз уловлари устида ўтирган эдилар. Шунда уЗот: «Уловларингизга саломат ҳолида мининглар, саломат ҳолида тарк қилинглар. Уловларни йўлларда, бозорларда гурунглашиб туришингиз учун ўтирадиган жой (курси) қилиб олманглар. Зеро айрим уловлар эгасидан кўра яхшироқ ва Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилувчи бўлади», дедилар. (Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Табаронийлар ривояти) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбақани ўлдиришдан қайтариб: «Унинг қуриллаши тасбеҳ айтишидир», деб айтганлар. (Насоий ривояти) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир мушукни боғлаб қўйиб на унга таом бериб суғорган ва на ердаги қурт-қумурсқалардан озуқаланиб ейишига йўл қўйган аёл жаҳаннамга киради», деб айтганлар. (Бухорий ва бошқа ровийлар ривоят қилишган) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам йўлда кетаётиб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Кейин қайтиб чиқиб, чанқоқлигидан тупроқни ялаётган итни кўрди. Ҳалиги одам: «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб мағфират қилди», дедилар. Ё Расулуллоҳ! Бизга ҳайвонларда ажр борми», дейишди. «Ҳа! Ҳар бир ҳўл жигарлида (тирик жонда) ажр бор», дедилар». (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам» номли китобларидан иқтибос олинди) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганида бир бурга чақди. У киши бургани лаънатлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Бургани лаънатламанглар, чунки у пайғамбарлардан бирини намозга уйғотган», дедилар». (Имом Табароний ривояти. Тилларда машҳур бўлганида «Бургани сўкманглар...» дейилган. Умуман, бурга ҳақидаги ривоятни баъзилар заъиф деганлар) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни бир-бирига гижгижлатиб уриштиришдан қайтарганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларнинг боласига бирор бир фожеа етказишдан ҳам қайтарардилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ул Зот ҳожатга кетдилар. Биз Ҳумаррани (кичик қуш) иккита жўжаси билан кўриб қолдик, кейин жўжаларини олдик. Шунда Ҳумарра (безовталанганидан) пириллаб уча бошлади. Расулуллоҳ уни кўриб: «Қай бирингиз бунинг боласига фожеа етқазди?! Унинг боласини қайтаринглар!»− дедилар. Яна у Зот алайҳиссалом чумолининг уясини куйдириб юборганимизни ҳам кўриб қолдилар ва: «Буни ким куйдирди?!» дедилар. «Биз», дедик.«Албатта, оловнинг Роббисидан бошқа ҳеч кимнинг олов билан азоблашга ҳаққи йўқ», дедилар». (Абу Довуд ривояти) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларни ейиш мақсадида эмас, балки бефойда ўлдиришдан қайтариб шундай дер эдилар: «Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш Қиёмат куни Аллоҳ таолога: «Ё Роббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор бир манфаатни кўзлаб ўлдирмади», деб шикоят қилади». (Насоий ривояти) Шунингдек, у Зот алайҳиссалом ҳайвонларни сўйишда раҳм-шафқатли, юмшоқ муносабатда бўлишни уқтирардилар. Қўйни ётқизиб, устида пичоғини ўткирлаб турган кишига: «Сен нима, уни икки марталаб ўлдирмоқчисан? (яъни  ҳайвонни ) Уни ётқизишдан олдин пичоғингни ўткирласанг бўлмасмиди?», деб танбеҳ берганлар. (Табароний ривояти) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни ва жониворларни (ўқ отишга) мўлжал қилинадиган нишон қилиб олишдан  ҳам қайтарардилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари)       «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам комил инсон) китоби асосида тайёрланди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ