Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг хасталанишлари

1 ўн йил аввал 3614 siyrat.uz

Усома ибн Зайдни Балқога юбориш: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинайи мунавварага қайтишлари билан мусулмонларни Рум ғазотига тайёргарлик кўришга буюрдилар. Бу ғазотга амир қилиб Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни тайёрладилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этишлари олдидаги касаллик бошланган пайт эди.

Усома ёш йигит бўлгани учун мунофиқлар бутун бошли муҳожир ва ансорлар жамоасига бир ёш болани амир қилиб қўйди, деб норозилик сўзларини айта бошлашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар олдига чиқиб шундай хутба қилдилар (бошларини бойлаб олган эдилар): «Агар Усома ибн Зайднинг амирлигидан норози бўлаётган бўлсангиз, ундан аввал отасининг амирлигидан ҳам норози бўлгансиз. Унинг отаси амирликка лойиқ киши эди, менга ҳам энг суюкли инсон эди. Унинг ўғли Усома ҳам амирликка энг лойиқ ва менга отасидан кейин энг суюкли инсондир. Шунинг учун мен уни сизларга тавсия қиламан, чунки у сизларнинг солиҳ кишиларингиздандир». Шундан кейин одамлар тайёргарлик кўриб, Усома бошчилигида йўлга чикдилар ва Журф деган жойда аскаргоҳ қурдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоблари қочиши
Шу орада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соғликлари анча ёмонлашиб қолди. Мазкур лашкар ҳам аскаргохда Аллоҳнинг бу тўғридаги ҳукмини кутиб туриб қолдилар. Ибн Исҳоқ билан Ибн Саъд Абу Мувайҳибадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликлари бошланиши ҳақида ривоят қиладилар: Абу Мувайҳиба айтади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни кечаси мени чақириб дедилар: «Эй Абу Мувайҳиба, менга мана бу Бақийъ қабристони аҳли учун истиғфор сўрашим буюрилди, мен билан юр». Мен у Зот билан бирга бордим. Аҳли қабр олдида туриб шундай дедилар: «Ассалому алайкум, эй қабр аҳли, барча одамлар келадиган жойга келганингиз сизларга роҳатли, муборак бўлсин. Фитналар бирининг кетидан иккинчиси худди зулматли кеча каби кескин кириб келмоқда. Кейингиси аввалгисидан ёмонроқ, бадтарроқ». Сўнг менга қараб шундай дедилар: «Менга дунё ҳазиналарининг калитлари ва унда абадий қолиш берилди-да, кейин ўша нарсалар билан Роббимнинг дийдори ва жаннатга кириш ўртасида ихтиёр берилди». Абу Мувайҳиба айтди:«Ота-онам Сизга фидо бўлсин, дунё хазиналари калитларини ва унда абадий қолишни олиб, сўнг жаннатни танланг», деди. У Зот:«Йўқ, Валлоҳи эй Абу Мувайҳиба, мен Роббимнинг дийдори билан жаннатни танладим», дедилар. Сўнг Бақийъ қабристонидаги аҳли қабрлар учун истиғфор сўраб қайтиб кетдилар. Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини олиб кетган беморлик бошланди». Аввал бошларига қаттиқ оғриқ кирди. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақийъ қабристонидан қайтгач, Оиша онамиз у Зотнинг истиқболларига чиқаркан: «Вой бошим», деди. Шунда у Зот: «Йўқ, Оиша, вой бошим, деб мен айтмоқчиман», дедилар. Сўнг оғриқ кучайиб, вақти-вақти билан қаттиқ иситма кира бошлади. Оиша онамиз у Зотга Қуръондан «Қул аъузу...»ларни ўқиб дам солиб турардилар. Бу ҳижрий ўн биринчи йилнинг Сафар ойи охирларида бошланди. Имом Бухорий ва Муслим Урвадан ривоят қиладилар: Оиша розияллоҳу анҳо Урвага шундай билдирган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, «Қул аъузу...»ларни ўқиб, ўзларини қўллари билан силардилар. Охирги беморликларида мен у Зотга ўша сураларни ўқиб дам солиб турдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари у Зот беморлик пайтларини Оиша розияллоҳу анҳонинг уйида ўтказишга рағбатлари борлигини илғашди. Чунки улар у Зотнинг Оишага бўлган муҳаббатларини, унинг уйига кирганда кайфиятлари чоғ бўлишини билишар эди. Шунинг учун улар бунга рози бўлишди. У Зот Оишанинг уйига Маймуна онамизнинг уйидан Фазл ибн Аббос ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумоларга суяниб чиқдилар. Оиша онамизнинг уйида оғриқ кучайди. У Зот саҳобаларнинг безовталикларини, маҳзун бўлиб қолганларини сезиб турардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Устимдан пақирлаб сув қуйинглар, шояд, (оғриқ енгиллаб) одамлар олдига чиқсам», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади:«У Зотни бир (катта) тоғорага ўтқизиб, устларидан пақирлаб сув қуя бошладик, ҳатто қўллари билан кифоя қилганини билдириб ишора қилдилар. Сўнг одамларнинг олдига чиқиб, хутба қилдилар. У Зотнинг минбарга чиқиб айтган биринчи сўзлари Уҳуд жанги қатнашчиларига дуо қилиш, улар учун истиғфор сўраш бўлди. Сўнгра шундай дедилар: «Аллоҳ бу қулга дунё гўзаллиги билан Ўз Даргоҳидаги нарсадан танлаганини беришини айтди. Бу банда эса У Зотнинг Даргоҳидаги нарсани танлади», дедилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлаб юборди. (Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нимани назарда тутаётганларини тушунганди). Абу Бакр:«Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин...,» деб гап бошламоқчи эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Шошмай тур, эй Абу Бакр», деб сўзларини давом эттирдилар: «Эй одамлар, молида ҳам, суҳбатида ҳам инсонларнинг менга энг хайрихоҳи Абу Бакрдир. Агар Роббимдан бошқа яна бир халил - чин дўст олсам, Абу Бакрни халил қилиб олган бўлардим. Лекин исломий ака-укалик (етарлидир). Масжидга (олиб чиқувчи) Абу Бакрнинг эшигидан бошқа биронта эшик қолмасдан (ёпиб ташлансин)... Мендан кейин сизларнинг ширк келтиришингиздан қўрқмайман (чунки сизлар ундай қилмайсизлар). Лекин мен сизлар дунёга берилиб, унинг йўлида ким ўзар қилишингиздан қўрқаман», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига дардлари яна ҳам оғирлашиб қайтдилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик пайтларида менга шундай дедилар: «Менга отанг Абу Бакрни чақир, бир мактуб ёзиб бераман. Чунки мен биронтаси умидвор бўлиб, мен лойиқман, деб қолишидан қўрқаман. Аллоҳ ҳам, мўминлар ҳам фақат Абу Бакрга рози бўладилар». Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг чиқиб одамлар билан бирга намоз ўқишга қувватлари етмай қолди. Шунда дедилар: «Абу Бакрга буюринглар, одамларга (имом бўлиб) намоз ўқисин». Оиша розияллоҳу анҳо:«Эй Расулуллоҳ, (отам) Абу Бакр кўзи ёшли (таъсирчан) киши, агар Сизнинг мақомингизда турса, йиғидан ўзини тўхтата олмай, одамларга етказа олмайди», деди. У Зот: «Сизлар (аёллар) Юсуф соҳибаларисизлар, (яъни одамларни адаштириб юборасизлар) буюринглар, Абу Бакр одамларга (имом бўлиб) намоз ўқисин», дедилар. Шундан кейин Абу Бакр одамлар билан намоз ўқийдиган бўлди. Шу орада бир марта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (ўзларида енгиллик ҳис қилганлари сабабли) масжидга чиқдилар. Абу Бакр одамларга имом бўлиб намоз ўқиётган эди. Абу Бакр орқага тисарилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жойингда туравер маъносида ишора қилдилар ва Абу Бакрнинг ёнига келиб ўтирдилар. Абу Бакр ўтирган ҳолатда намоз ўқиётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб намоз ўқир, одамлар эса Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг намозига эргашиб намоз ўқишар эди. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу чиқишларидан жуда хурсанд бўлдилар. Лекин бу у Зотнинг намозга охирги чиқишлари эди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади:«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдим, у Зотнинг нафаслари қисаётган эди. Мен: «Эй Расулуллоҳ, нафасингиз қаттиқ қисяптими?» дедим. У Зот: «Ҳа, сизлардан икки кишининг нафаси қисганчалик қисяпти», дедилар. Мен:«Демак, ажри ҳам икки баробар бўлар экан-да?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, бирон мусулмонга бир касаллик сабабли қийинчилик етса, албатта, Аллоҳ таоло ўша сабабли унинг гуноҳларини худди дарахт баргларини тўккандек, тўкиб ўчиради», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир матони юзларига ташлаб олардилар. Оғриқ кучайиб кетганда уни юзларидан олиб, шундай дедилар: «Аллоҳ яҳуд ва насронийларни лаънатласин. Улар пайғамбарларининг қабрларини саждагоҳ қилиб олдилар», дедилар. У Зот бу сўзлари билан мусулонлар ҳам уларга ўхшаш йўл тутишдан сақланишлари кераклигини уқтирдилар, гўё.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ