Сафар ойларида юз берган хуш воқеалар

3 йил аввал 3336 siyrat.uz

   Халқ орасида баъзи удумлар борки, улар бидъат-хурофотдан бошқа нарса эмас. Шулардан бири сафар ойидан шумланишдир. Яъни бу ойда тўй қилганлар бахтсиз бўлиши, сафарга чиққанлар ҳалокатга йўлиқиши, бирор каттароқ ишга қўл урганлар омадсизликка йўлиқиши ҳақида турли миш-мишлар юради. Хўш, тарих бизга сафарнинг бу «хислатлари» ҳақида нима дейди? Мана, унинг ой хусусидаги гувоҳлиги:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина ҳижратида сафар ойининг йигирма еттинчи кечаси уйларини ўраб олган душманлар орасидан мўъжизавий суратда чиқиб, Савр ғорига борганлар ва у ерда уч кун яширинганлар, сўнг душманларни доғда қолдириб, Мадина сари равона бўлганлар.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий иккинчи йил сафар ойида қизлари Фотима розияллоҳу анҳони Али розияллоҳу анҳуга турмушга берганлар.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий бешинчи йил сафар ойида Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланганлар.

4. Ҳижрий иккинчи йил сафар ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари етмиш кишилик муҳожирлар гуруҳига бош бўлиб, Қурайш карвонини қаршилашга чиққанлар. Ваддон деган жойгача етиб бордилар, бироқ бирон ёмонликка дуч келмадилар. Бу юриш Абво ва Ваддон ғазоти деб ном олган.

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий еттинчи йил сафар ойида яҳудийларнинг Хайбардаги қалъалари билан Қуро водийсини фатҳ қилганлар.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шу йили сафар ойида Фадак ва Таймо яҳудийлари билан сулҳ тузганлар.

7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шу йили сафар ойида Абон ибн Саид розияллоҳу анҳу бошчилигида Наждга сария (жанговор гуруҳ) йўллаганлар. Улар ўзларига юклатилган вазифани адо этганларидан сўнг қайтиб келишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбарда учрашишди. Бу пайтда ул Зот Хайбарни фатҳ этиб бўлган эдилар.

8. Макка фатҳидан олдин, ҳижрий саккизинчи йил сафар ойида машҳур саркарда Холид ибн Валид [1], Миср фотиҳи Амр ибн Ос, Каъба калити эгаси Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳум сингари буюк саҳобалар исломни қабул қилишган.

9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий саккизинчи йил сафар ойида Ғолиб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бошчилигида икки юз кишидан иборат сарияни Бану Мулавваҳ қабиласи устига қасос олиш мақсадида юборганлар. Бу қабила аъзолари Башир ибн Сувайд розияллоҳу анҳунинг ҳамроҳларини ўлдиришган эди. Сария тунда бориб, қабилага ҳамла қилиб, ўлдирганларини ўлдириб, чорваларини ҳайдаб кетди. Ортидан душманнинг каттагина қўшини қувиб чиқди ва мусулмонларга яқинлашиб қолганларида ёмғир қуйиб, улкан сел оқими икки гуруҳ ўртасини тўсиб қўйди. Саҳобалар саломат қайтиб келдилар.

10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий тўққизинчи йил сафар ойида Хасъам номли қишлоққа Қутба ибн Омир розияллоҳу анҳу бошчилигидаги йигирма кишилик сарияни юбордилар. Натижада мусулмонлар Мадинага катта ўлжалар билан қайтиб келишди.

11. Ҳижратнинг тўққизинчи йили сафар ойида Узра қабиласидан ўн икки киши элчи бўлиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам элчиларни яхши кутиб олдилар, уларга Шом фатҳи ҳақида мужда бердилар, фолбинлардан савол сўрашдан ва Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйишдан қайтардилар. Улар Исломни қабул қилиб, Мадинада бир неча кун тургач, юртларига қайтиб кетишди.

12. Ҳижратнинг тўққизинчи йили сафар ойида Нажрон [2] ўлкасидан келган элчилар билан жизя [3] тўлаш эвазига сулҳ (тинчлик битими)ни туздилар. Улар жизянинг ярмини ражаб ойида, қолган ярмини сафар ойида берадиган бўлишди.

13. Ҳижрий ўн олтинчи йил сафар ойида Ироқнинг Мадоин шаҳри ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалиги даврида фатҳ қилинди.

14. Ҳижрий қирқ биринчи йил сафар ойида имом Ҳасан розияллоҳу анҳу қўшини билан Куфа шаҳридан Мадоин шаҳрига қараб йўлга чиқди. Мадоинда Муовия розияллоҳу анҳу қўшини билан кутиб турганди. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг ушбу сафари икки гуруҳ мусулмонларнинг иттифоқи билан тугади.

15. Ҳижрий тўқсон тўққизинчи йил сафар ойида адолатли подшоҳ Умар ибн Абдул Азиз раҳматуллоҳи алайҳи подшоҳликка сайланди.

16. Ҳижрий икки юз олтмишинчи йил сафар ойида имом Табароний раҳматуллоҳи алайҳи туғилган.

17. Ҳижрий уч юз етмишинчи йил сафар ойида Абу Али ибн Сино раҳматуллоҳи алайҳи туғилган.

18. Ҳижрий етти юз йигирма иккинчи йил сафар ойида имом Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи туғилган.

19. Ҳижрий етти юз эллик олтинчи йил сафар ойида имом Нуриддин Саховий раҳматуллоҳи алайҳи Қоҳирада қозилик вазифасига тайинланган.

20. Ҳижрий етти юз олтмиш учинчи йил сафар ойида қозиюл қузот Садриддин Думайрий раҳматуллоҳи алайҳи Суриядаги Ҳалаб шаҳрида, қози Аминуддин ибн Ваҳбон раҳматуллоҳи алайҳи эса Ҳамо шаҳрида қозилик вазифасига тайинланган...

Абдул Азим ЗИЁУДДИН


[1] Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ҳижрий саккизинчи йили 47 ёшида мусулмон бўлган. Ҳижрий йигирма биринчи йили 60 ёшида вафот этган.

[2] Нажрон – Маккадан Яман томонга боришда етти марҳала (310 км) масофадаги, етмиш учта қишлоқдан иборат катта бир ўлка. Нажрон аҳлининг юз мингта жангчиси бўлиб, насронийлик динида эдилар.

[3] Икки мингта кийим-бош билан икки минг уқия кумуш (закот нисобининг 400 баробари).

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ