Сабр

3 йил аввал 2751 siyrat.uz

Сабр

Уни билишарди, жуда яхши билишарди. Шунинг учун Муҳаммадул-Амин, деб аташарди уни. Шунчалар яхши билганлари, ҳамиша сўзсиз ишонганлари ҳолда ҳозир инкор этишар, душманлик қилишарди ва бу олчоқликларнинг охири кўринмасди. «Сабр!» дерди Афандимиз, «Сабр!» Ўғиллари Абдуллоҳ вафот этганда қилган ишлари онгсиз ҳайвонларни ҳам танг қолдирди. Улар фарзанд доғида куйиб ўтирган оилага таскин бераётган одамларга «Муҳаммаднинг насли кесилди. У энди бефарзанд бўлди», дейишар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яраларига туз сепишарди. Шунда дили вайрон, кўнгли ярим Набий алайҳиссалом буюк Аллоҳга арз қилдилар. Ва Кавсар сураси нозил бўлиб, мушрикларга «Бефарзанд сизсиз!» дея жавоб берилди. Қосим деган ўғиллари Афандимизга ҳали пайғамбарлик юборилмасидан бурун 2 ёшида вафот этган эди. Энди Абдуллоҳ ҳам дунёдан ўтгач, заҳар тиллари билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломни яралашган, аммо муносиб жавобларини олиб, инларига биқинишган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўрт даста гуллари ҳам бор эди. Аммо мушрикона тафаккур уларни одам ҳисоблашга ожизлик қиларди. Буюк Аллоҳ эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом наслини қизлари воситасида давом эттиришни ихтиёр қилганди. Ҳукм Унинг ҳукми эди.

* * * Дастлаб ваҳийларга енгил қарашган, жиддий қабул қилишмаганди. Кейинроқ низо қўзғай бошлашди. Тобора тубанлашиб, гуноҳга ботаётган эди мушриклар. Абул Оссни ҳеч тинч қўймай, Зайнабга талоқ беришини талаб қилишарди. Аммо улар тазйиқ ўтказгани сари Абул Осснинг аёлига муҳаббати ортар, йўқотишдан чўчир эди. Отасининг уйига ўзи олиб бориб келар, ёнига пашшани ҳам йўлатмасди. Зайнабнинг ҳам муҳаббати, ҳурмати тобора ортар, уни қувонтириш учун қўлидан келган ҳамма ишни қиларди, «Оҳ, мусулмон бўлса эди, Аллоҳим!» дея кўнглида эрини тинимсиз дуо қилиб юрарди. Бу иккиси шундай муносиб, гўзал, тушунчали, бир-бирига шунчалар мос жуфт эдиларки, дунё бундай жуфтликни кўрмаган, балки кейин ҳам кўрмаслиги мумкин эди. Бунда ҳазрат Хадижанинг ҳиссалари бор эди. Ҳазрат Хадича кўпни кўрган, кайвони аёл эдилар. Зайнабнигина эмас, қолган қизларини ҳам нозик дид, инжа атвор билан тарбиялагандилар. Фақат Зайнаб тўнғич бўлгани учун мустақилроқ, эркароқ ўсди. Сингилларига ибрат бўлиш билан бирга кези келганда опалик ҳам қилар, «кичик она» тажрибасини йиғар эди. Онасининг отасига муносабатини кўрган, ўзи ҳам шундай бўлишга аҳд қилган эди. Аёл одам ўрнида кўрилмаган бир даврда ҳазрат Хадижа қизларини баркамол қилиб етиштирган, фарзанд, хотин, келин, она сифатида нимани билиши лозим бўлса, барчасини ўргатган эдилар. Жамиятни остин-устун қилган аёл сифатида  ижтимоий мавқега ҳам эга эдилар. Бир пайтлар парвозга шай қуш каби эди. Она ўгитлари унга қанот эди. Шу боис у Абул Осснинг ягона гули, тенгсиз чечаги эди. Ҳазрат Зайнаб мушриклар ҳаракатини четдан кузатар, улар кетгач эса, ҳеч нарса бўлмагандек тутарди ўзини. Абул Оссга сўзи ўтмаган Абу Лаҳаб ва қолган мушриклар ғазабдан қутуришар, энг манфур тубанликларгача боришарди. Аммо шунча дағдаға, ҳақорат, тазйиқларга қарамай, мусулмонлар сони кундан-кунга ортиб борарди. Абу Жаҳл пишқирди: – Мен ҳали унга кўрсатиб қўяман! Пайғамбаримиз алайҳиссалом Каъбани тавоф этиб, намозга турдилар. Абу Жаҳл ҳам ўрнидан туриб, у Зотнинг ёнларига борди. Одам оғзи бормайдиган сўзларни айтди, инсон қўли бормайдиган ишларни қилди. Атрофдагилар қаҳ-қаҳ уриб кулишар, жаҳолат ботқоғига тобора ботишарди. Шундай муносабатга лойиқ нима иш қилган эдилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам? У Зот бу ҳақоратларга илоҳий сабр намунасини кўрсатиб индамай кетдилар. Бироздан сўнг Байтуллоҳ ёнига овдан қайтаётган Ҳамза келди. Каъбани тавоф этиб, уйига йўл олаётганида бояги ҳодиса гувоҳи бўлган озод қилинган жория деди: – Ҳамза, арслон овчиси Ҳамза! – Нима гап? – Жиянингизга нималар бўлганини биласизми? – Нима бўлди? – Ҳеч нарсадан хабарингиз йўқми? – Гапирсанг-чи! – Абу Жаҳл… – Нима қилди, тез-тез гапир?! – Жаҳлингиз чиқди-а? – Албатта, жаҳлим чиқади-да, нима қилди Абу Жаҳл? – «Нима қилмади?» деб сўранг! – Тез гапир, дедим. – Менга нега бақирасиз? Жиянингизга хўжайинлик қилинг! – Гапирасанми ёки?.. – Бўпти, бўпти… айтаман. – Қани, тез бўл! – Жиянингиз Каъбани тавоф этиб, намоз бошлаши биланоқ… – Нима?! – Абу Жаҳл келиб, уни турткилаб итарди, оғзига келганини қайтармай роса сўкди. – Жияним-чи? – Одам қилмайдиган бу ишларга нима ҳам қилиш мумкин? – Оббо… нима қилди? – Ҳеч нарса! – Тушунмадим. – Айтяпман-ку, ҳеч нарса демай кетиб қолди. – Ё тавба! – Ҳақорат қилиб сўккани етмагандай, Абу Жаҳл жиянингизга қўл ҳам кўтарди. – Мен унга кўрсатаман ҳали! Шундай дея Ҳамза жаҳл билан тўғри Каъбага кетди. Абу Жаҳл бошқа мушриклар билан ўтирганча Пайғамбаримиз алайҳиссалом шаънларига ҳақорат ёғдирарди. Шунчалар қизишиб кетганларидан Ҳамзанинг келганини ҳам сезмай қолишди. – Бу ерда нима бўляпти? – ҳайқирди Ҳамза. – Нима бўларди, жиянингизни гапиряпмиз. – Нима деб гапиряпсизлар? – Қанақа фитналар қўзғаб юрганини… – Ўйлаб гапир, Абу Жаҳл! Жиянимни фитначи, ёлғончи демоқчимисан? – Демоқчимасман,  ёлғончи деяпман. – Нима? Қўлидаги камон билан Абу Жаҳлнинг бошини уриб ёрди. Нега калтак еганини тушунмаган Абу Жаҳл қонга беланганча ерга йиқилди. – Жияним ҳақида ҳеч кимнинг ҳеч нарса дейишига ҳаққи йўқ! Ҳали у ҳазрат Муҳаммад бўлиб кетади… – Аммо… – Бир нарса демоқчимисан, Валид? – Йўғ-е… – Ё сен гапирмоқчимисан, Абу Лаҳаб? – Унга ишонгандай гапиряпсан, Ҳамза. – Буёғи билан ишинг бўлмасин. Унга ёмон гапиришдан олдин мен билан юзлашишни ўйланглар. Шу тарзда ҳар бирини огоҳлантириб чиққач, жияни кетган томонга йўналди. Етиб олиб бўлган воқеани айтиб берди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг жавоблари ўйлантирарли бўлди. – Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирмаганингиздан кейин қилган ишларингизнинг аҳамияти йўқ. Сиздай одам қандай қилиб бутларга сиғиниши мумкин? – Ишондим! Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирдим!.. Ҳамза энди ҳазрат Ҳамза бўлган эди… * * * Ҳазрат Усмон яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди. Бу гал бироз маъюс, ҳатто хижолат чеккандай эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол гап нимадалигини англадилар. Қизлари Руқайянинг қўлини сўраб келганди ҳазрат Усмон. Бутун оила бу масалани муҳокама қилишди, аммо ҳал қилиш ,табиийки, Руқайянинг ихтиёрида эди. Ва ҳаяжон билан жавоб кутаётган ҳазрат Усмон хушхабар эшитди. Қисқа муддатда тўйлари бўлиб ўтди. Бутун дунёга ўрнак бўларли яна бир оила қурилди. Узатилиб кетаётган Руқайя ортидан онаси, опа-сингиллари йиғлаб қолишди. Уй ҳувиллаб қолгандай бўлди… Ҳаёт шунақа… Янги оила фақат шу тарздагина қурилади. Энди борди-келдилар бошланади. Худди Зайнабдаги каби. * * * Ҳазрат Хадижа жуда чарчаган бўлишларига қарамай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ёлғиз қолдирмас, бирга еб-ичар, бирга оч қолардилар. Умму Кулсум ва Фотималар оналари ёнида, оталарини қўллаб-қувватлашар, ҳатто ҳазрат Зайнаб билан ҳазрат Руқайя ҳам тез-тез келиб туришарди. Мусулмонларга қилинаётган муомалани кўрган қизлари Варақанинг қанчалар ҳақ бўлганига иймон келтиришарди. Ҳазрат Зайнаб ҳар келганида Фотимани ўйнаб келгани кўчага чиқарарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Кўчага чиққан Фотима узоқдан келаётган шовқинга қизиқиб, ўша томонга юрди. Инсонлик қиёфасини йўқотган бир гала мушриклар Зиннура исмли жорияни ур калтак – сур калтак қилиб, чўлга судраб кетишаётганди. Зиннура иймон келтириб, муслима бўлган эди. Маккада ҳеч кими йўқ, ҳимоясиз, ночор эди. Иймони билан шарафланган илк мусулмонлардан бўлган бу қизни мушриклар саодат денгизида чўмилиш бахтидан бебаҳра қилишмоқчи эди. Итариб-суриб, бақир-чақир билан кетаётган бу иймонсизлар тўдаси Фотимани чўчитиб юборди. Бечора Зиннурани қайноқ қумга ётқизишди. Қум доналари чўғ каби қиз баданига ботар, қуёш нурлари аёвсиз куйдирарди. Бу ҳам етмагандай қизни қамчи билан савалашарди. Азоблардан ўлаёзган Зиннура тинмай «Аҳад, аҳад», «Аллоҳ бир, Аллоҳ ягона» деб қичқирарди. Вужудининг ҳар бир зарраси иймон нури билан йўғрилган Зиннура Аллоҳ ягоналигини такрорлаганда мушриклар урар, уларнинг азоби кучайган сари қиз «Аллоҳ!» деб ҳайқирарди. Бундай ҳаракат мушрикларни телбалантирар, азоб усулларини тобора кучайтирарди. Қайноқ қум, аёвсиз қуёш, инсон тоқат қилолмайдиган қийноқлар натижасида Зиннуранинг кўзлари кўрмай қолди. – Кўрдингми, Лот, Манот, Уззо кўзларингни кўр қилди. – Йўқ, – ҳайқирди қиз. – Кўзларимни Аллоҳ пардалади. Бергувчи ҳам, олгувчи ҳам ёлғиз Удир! Истаса, яна кўзларимга нур ато қилади! – Ато этармиш, хеҳ!.. Сабр либосига бурканган, иймон нурини кўнглига маҳкам жойлаган Зиннуранинг кўзлари бирдан очилди. «Аллоҳ», дея ҳайқирди бирдан. Шунчаликки, бутун борлиқ ларзага келди, қўрқиб кетган мушриклар арқонни ташлаб қочишди. Зиннура «Аллоҳу акбар!» деб саждага эгилди. Бир зумгина саросимага тушган мушриклар ўзларига келишди: – Бу у (Пайғамбар алайҳиссалом)нинг жодусидир, – дейишди, – жодуси бизга ҳам таъсир қилмасин яна, – деб қамчиларини отиб жўнаб қолишди. «Ҳақиқат қуёши»дан кўз юмганларга нима ҳам дердик?.. Кўришни истамаганлар мангу маҳрумдирлар бу нурдан. Мушриклар кўздан ғойиб бўлишгач, Фотима қиз ёнига борди. Ўрнидан туришига кўмаклашди. Уйга қайтиб, бўлган воқеани отасига сўзлаб берди. – Отажон, қачон қутуламиз бу азоблардан?! – дея титраб йиғлаб юборди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ипакдек мулойим сочларини силаб, бағирларига босдилар-да, оҳиста «Сабр», дедилар. Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Югуриб эшикни очган Фотиманинг қаршисида опалари ва поччалари туришарди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ