Исён ёхуд тазйиқ

3 йил аввал 2412 siyrat.uz

Исён ёхуд тазйиқ

Исломнинг ёйилишига қаршилик қилишдан ҳам кўра, уни таг-томири билан қўпориб ташлаш ниятидаги мушриклар яна бирлашишди. Фитна туза бошлашди: – Уни ўлдиришдан бошқа чорамиз йўқ! – Уни ўлдиришга борганлар унга тарафдор бўлиб қолишаётганини билмагандай гапирасан-а, Абу Жаҳл. – Уларни ҳам ўлдириш керак, Валид. – Қандай қилиб? – Утба уни ва унга ўхшаган ҳар бир одамни ўлдиради. – Очиқроқ гапирсанг-чи, Абу Жаҳл. – Бунинг очиқ-сирли нимаси бор, Абу Лаҳаб. Мусулмонликни қабул қилган ҳар бир одам ўлимини бўйнига олаверсин. – Яъни… – Яъни улар билан бутунлай муносабатни йиғиштирайлик, демоқчиман, Утба. Мусулмонларга нарса сотмаймиз, мусулмонлар билан қариндошлигимиздан қатъий назар улар биздан ҳеч нарса, зарра қадар ёрдам ололмасин. Ҳаммасини бир жойга йиғиб, атрофини ўраб ташлаймиз ва бир томчи сув ҳам ўтказмаймиз. Шу тарзда ҳаммасидан қутуламиз. Балки Пайғамбарларини ўзлари қўлимизга олиб келиб топширишар. Шунда унинг кунини кўрсатамиз. Нима дейсизлар? – Жуда яхши, мен тарафдорман. – Фикрдошлигимиздан мамнунман, Абу Лаҳаб. Чунки у тарафга ўтиб кетишингиздан чўчиётгандим. – Нега, Абу Жаҳл? – У сизнинг туғишган жиянингиз бўлгани учун. – Кимим бўлса ҳам, бутларга қарши чиқиб, ўз ўлимига ўзи имзо чекди. – Ҳеч ким қарши эмасми? – Абу Жаҳл, бундай режани фақат биз қўллаймиз. – Унда буни қоғозга тушириб, ҳар биримиз имзолаймиз ва Каъба деворига осиб қўямиз. Шунда бу аҳдимиз расмий қарорга айланади. – Ҳа, шундай қиламиз. Мушриклар бу исён, аҳднома ё тазйиқ, нима деб аташдан қатъий назар шармандаликлари муҳрланган қоғозни Каъбага илиш даражасида сурбетлашиб кетишди. Мусулмонларни Абу Толиб маҳалласига йиғадиган бўлишди. Каъбага қоғоз билан кифояланмай, бутун Макка кўчаларига жарчи қўйишди. Мусулмонларнинг уйи эшигини белгилашди, иймон келтирганларни итариб-туртиб Абу Толиб маҳалласига йиғишди. Маҳалладаги мушриклар кўчирилиб, улар ўрнига жойлаштирилган мусулмонлар эзгин, чорасиз вазиятда эдилар. Мушриклар кўпчилик, кучли, мусулмонлар эса заиф ва озчилик эдилар. Энди нима еб, нимани ичишади, қандай яшашади? Мушриклар маҳалла атрофини ўраб, ҳар бурчакка энг бешафқат одамни соқчи қилиб қўйишди. Энди Абу Толиб маҳалласига қуш ҳам учиб ўтолмасди. Шу тарзда яшашнинг иложи бўлмаган бир жойда яшаш учун кураш бошланди…

* * * Кунлар ортидан ҳафталар, ҳафталар кетидан ойлар ўтиб, мусулмонларнинг ўлим исканжасида яшаётганларига бир йил бўлди. Бу бир йил давомида мўминларга тазйиқнинг энг шафқатсиз кўринишлари қилинди. Бир бурда нон ё бир ютум сув олиб ўтганларни аёвсиз калтаклаб, Каъба олдида сазойи этишди. Мана шу бир йил ичида Абу Толиб маҳалласига ейимлик-ичимлик ўтказмай, мусулмонларнинг ёппасига қирилиши учун қўлларидан келган ҳамма нарсани қилишди. Ҳаж мавсуми… Бу пайтда мусулмонлар аҳволи бирмунча енгиллашди. Аммо шуни ҳам кўп кўришиб, соқчиларни дарҳол кўпайтиришди. Ҳаж мавсумида Макка гавжум бўлади. Чунки бу ерга ибодат тилагидагилар билан бирга савдо карвонлари ҳам келади. Шаҳар талатўп, юриш қийинлашиб, назорат сусаяди. Дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳлар маданият алмашинувини ҳам амалга оширишар, шаҳарни ўрганиб, бу ер билан алоқа қилиш-қилмасликни ҳал этишарди. Шу боис мушриклар мусулмонлар устидаги назоратни сусайтиришга, уларнинг бозор-ўчарга аралашишига рухсат беришига мажбур бўлишди. Фақат ҳар бир муслим ортига одам қўйилди. Бу одамлар муслимлар харидини кимсасиз жойларда тортиб олишар, савдогарларни «Мусулмонлар билан савдо қилманг. Улар одамлар орасига фитна уруғини сочиб, Макка тинчини бузишди. Уларга яқинлашиш, суҳбатлашиш хавфидан ўзингизни асранг!» дея огоҳлантиришди. Тазйиқнинг иккинчи йилига келиб, Абу Толиб маҳалласини очлик азоб бераётган аёллар ва болаларнинг нолалари тутиб кетди. Хаста ва кекса кишиларнинг кўпчилиги ўлим тўшагида эди. Аммо қулоқлари билан кўнгиллари ҳам битиб қолган мушриклар очлик ва сувсизлик қийнаётган муслимлар оҳу фиғонларини эшитмас, кўрмас эди. Очлик шу қадар авжига чиқдики, муслимлар дарахт пўстлоқлари, илдизлар, барглар, турли ўт-ўланлар, ҳатто тери парчаларини ея бошлашди. Ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Ҳадижа бошлиқ мусулмонлар исканжадагиларга қўлдан келганча ёрдам беришар, бор-будларини ташиб тамомлашди. Бу хайрли ишга Абу Толиб ҳам қўшилган, мол-давлатини очлик қийнаётган мўминларга харжлаган эди. Шу боис у жияни динига кирмаган, иймон келтирмаган, мушрик бўлгани ҳолда мусулмонларга ёрдам бергани учун ўлимга ҳукм қилинганди. Мушрикларнинг бош мақсади Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, мусулмонлар ва Ислом эди. Яъни бу тазйиқ, изтиробларга чидай олмаган муслимлар Пайғамбар алайҳиссаломни мушрикларга топширишлари ё диндан қайтишлари  керак эди. Акс ҳолда ўлим кутарди. Аммо ўйлаганлари амалга ошмаётганди. Аксинча, мушрикларнинг айримлари қариндош мусулмонларга яширинча озиқ-овқат таший бошлашди. Бундан телбаланаётган мушриклар уларни жазолаб, Каъба олдида қийнай бошлашди. Аммо бу ибрат мусулмонларга ёрдамни тўхтатмади, уларга тарафдор мушриклар сони тобора ошаверди. * * * Исканжадаги мусулмонлар ичида Абул Осс ибн Рабиъ ҳам бор эди. Мушрик бўлгани ҳолда иймон аҳли билан тенг азоб тортар, аммо шу ҳолда ҳам ҳазрат Зайнаб ҳақида қайғурарди. Умр йўлдошига бўлган бундай севги, чуқур ҳурмат ва эътибор барчани таъсирлантирар, унинг ҳам иймон булоғидан сув ичишини тилаб муслимлар дуо этишарди. Мусулмон бўлмаганлари ҳолда Абул Оссни ўлим водийсида яшашга, бойлигини мўминлар учун сарфлашга нима мажбур қилди экан? Эсингизда бўлса, азиз китобхон, мушриклар Абул Оссга Зайнабдан ажрашиш талабини қўйишганида «Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабимдан ажрамайман!» деган эди. Айнан муҳаббат эди Абул Оссни бу фидокорликка чорлаган, муслимлар азобини бирга торттирган. Хўш, Зайнабнинг нимаси борки, мушрик муслимлар билан ҳамнафас, ҳамдард бўлиб юрибди? Зайнаб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тўнғич фарзандлари эди. Ота-онасида мавжуд барча фазилат, тарбия унда тўла, ҳатто ортиғи билан мужассам бўлганди. Уй ишларида онасининг асосий ёрдамчиси эди. Турмушга чиққанида ҳам ота-онасидан олган ибрати бўйича яшади, рўзғор юритди. Шу боис ҳам Абул Осс бир дам Зайнабсиз тура олмасди. Зайнаб ҳам ҳаётини усиз тасаввур этолмасди. Бу инсоният кўрмаган, кўриши гумон бўлган буюк муҳаббат достони эди. * * * Ҳазрат Ҳадижа… Фазилатларини минглаб китобда ҳам тўла битиб бўлмайдиган аёл! Вафодор аёл, фидокор она... Барча хайрли ишлар бошида турган аёл… Ўлим водийсида Ҳадижа онамиз аёллик, оналик билан бирга ҳамширалик, муаллималик ҳам қилардилар. Аёллар ун топишса, хамир қориб, нон пиширишар, бўлмаса, топган нарсаларидан емак ҳозирлашарди. Исканжа келтираётган барча маҳрумиятлар муслимлар иймони кучайишига, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Ислом динига муҳаббатлари ошишига сабаб бўлди. Қийноқ, очлик мушриклар ўйлагани каби мўминларни пароканда этиб, диндан қайтармади, аксинча, янада жипслаштириб, бир жону бир тан қилди. Кўргуликларга сабр, Аллоҳга шукр уларни жаннат боғларига, одам қиёфасини йўқотиб бўлган мушрикларни эса жаҳаннамга йўлларди. Кейин мўъжиза, илоҳий ёрдам… «Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган бўлсалар, мутлақо тўғри хабар бўлади. Шукрлар бўлсин!» Муслимлар бир ерда тура олмай қолишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мужда, муслимлардан тасдиқ ва шукр. Мушрикларда эса ҳайрат, лол бўлиш! У Зот марҳамат қилдилар: «Аллоҳ улар Каъбага осган қоғозга бир қуртни юборди. Қурт унинг «Бисмикалаҳумма» (Аллоҳ номи билан) деб ёзиб қўйилган жойидан ташқари ҳамма ёғини кемириб ташлади!» Хабар мушриклар қароргоҳига етиб борди. Мушриклар «Ниҳоят,  ёлғончиликлари фош бўлади», дея йиғилиб Каъбага шошишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сохталиги, даъволари ёлғонлиги, Ислом дини асоссизлигини исботлаш учун йўлга чиқишди. Аммо… Аммо бу нима? Бу қандай юз бериши мумкин? Бунга ақл бовар қилмайди. Ахир Абу Толиб маҳалласида туриб, Каъбани кўриш имконсиз-ку. Қарорларини қурт егани, яна фақат «Бисмикалаҳумма» калимасигина қолганини қандай билган? Ўзлари ҳам англамаётган, қабул қила олмаётган нарсани маслакдошлари, Макка аҳлига қандай тушунтиришар экан? Илгариги усулларини қўллашди: «Бу ҳам сеҳр-жоду», дея қоғозни девордан юлиб олишди. «Ишондим!» дегувчи, албатта, ғалаба қозонади, Бу Аллоҳнинг қонуни. Фақат сабр-қаноат ва шукр ҳамроҳ бўлиши керак. Шу тарзда исканжа охирлади… Уч йил давом этган ўлим водийсидаги ҳаёт мусулмонлар зафари билан якунланди. Ишонган ишончи ила юксалди, ишонмаган инкори ила янада тубанлашди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ