Маҳзун йил

1 ўн йил аввал 2137 siyrat.uz

Маҳзун йил

Уйларига қайтишди… Уч йил давом этган ўлим водийсидаги зўраки ҳаёт охирига етган, муслимларнинг ярмидан кўпи талон-тарож этилган, уй-жойининг кули кўкка совурилган эди. Исломнинг туғилишидан то шу кунга қадар ўн йил ўтган эди… Шу ўн йил ичида иймон эгалари неларни кўрмади, неларни бошидан кечирмади. Улар учун ҳозирланган оғир имтиҳонлардан энг азиз нарсалари – эътиқодларини асраган, юксалтирган ҳолда ўтдилар.

* * * Ҳазрат Зайнаб дилда шукр, тилда дуо ила уйига қайтди. Ҳамиша суянчи бўлиб келган хўжайини отасига пайғамбарлик нозил қилинганидан буён янада ишончли, севувчи, асровчи паноҳга айланганди. Аммо шулар, ҳатто ўлим водийсида бирга кечирганлари уч йиллик ҳаёт, муслимлар тортган азобни бирга чекиш ҳам уни Исломга киритмаган эди. Ҳазрат Зайнаб уни ҳамиша Исломга даъват этар, аммо буни кўнгилга ботмайдиган, ғашга тегмайдиган тарзда амалга оширарди. «Насиб», деб ўйларди Зайнаб. «Насибаси бўлса, мусулмон бўлади, эртами-кечми Исломга киради». Ҳазрат Руқайя эса ҳар жиҳатдан кўнгли тўқ эди. Ҳазрат Усмон саҳобаларнинг энг кўзга кўрингани, бор мол-мулкини зарра оғриниш, иккиланиш аломатларисиз Ислом йўлида сарфлайдиган зот  эди. Аслида Абул Осс ҳам ҳам шундай қилган, ягона фарқи муслим эмаслигида эди. Ҳазрат Умму Кулсум билан ҳазрат Фотималар ҳам ота-онаси каби бахтли ҳаёт умидида яшашар, ҳар ишда уларга ёрдам беришга интилишарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бор кучларини даъватга сарфлар, бутун оилалари билан илоҳий хабарни ҳаётда яшаб (илоҳий хабар асосида яшаб) ўрнак кўрсатардилар. Мусулмонлар сафи кенгайиб, ҳаёт изга тушаётгандай эди. Аммо… Аммо бирдан Абу Толиб хасталаниб ётиб қолди. Аҳволи соат сайин оғирлашарди. Қисқа вақт ичида ўлим тўшагига ётди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва бутун муслимлар қўлларидан келгунча унга ёрдам беришар, аммо Абу Толибнинг умри поёнига етганини ҳамма англарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли амакиларининг Исломга кириб, мусулмон бўлишини айниқса истардилар. Аммо илоҳий тақдирга кўра, Абу Толиб охиратга Ислом билан шарафланмасдан кетди… Бундай ўлимга Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошлиқ барча муслимлар ачинишди, лекин тақдирга тадбир йўқ. Мушриклардан ҳимоя қилувчи тоғ бўлган Абу Толиб вафоти Ислом душманларини қутуртириб юборди. Таъқиб ва тазйиқ янги куч билан бошидан бошланди. Абу Толибни йўқотиш ҳузуни барча муслимлар қалбини яралади. Ҳали ўзига келиб улгурмаган Пайғамбар алайҳиссаломни яна бир аччиқ синов кутарди – ҳазрат Хадижа касалланиб қолдилар. Таъзия билдириб келаётганлар тарихдаги биринчи мўмина аҳволи тобора оғирлашаётганини кўриб ачинишарди. Абу Толиб вафотидан уч кун ўтгач, ҳазрат Хадижа оламдан ўтдилар. Оғир мунг, кадар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларини нимталар, аммо қизларига далда бўлиш учун ғайритабиий сабр намунасини кўрсатардилар. Айрилиқнинг аччиқ ва изтиробли шароби тўрт гул вужудини қақшатаётган бўлса-да, оталарига тасалли беришга, ҳузунларини кўрсатмасликка ўзларида куч топишарди. Бутун оила чидаши мумкин бўлмаган кўргуликка сабр этишарди. Калимаи шаҳодат билан чиққан сўнгги нафаси абадиятга олиб кетган аёллар султони нафақат оиласи, мусулмонлар, Макка аҳлини, балки асрлар кейин яшайдиганларни ҳам ғамга ботирди. Чунки у аёллар султони эди… Чунки у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар томонлама қўллаб-қувватларди… Чунки у «Ишондим!» деган ҳар мусулмоннинг онаси эди… Муслимлар етим қолишди. Ҳазрат Хадижа онамизнинг жаноза намозларини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўзлари ўқидилар. Ҳозир Мақбараи Муалло аталадиган Хожун қабристонига қўйилдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам, тўрт гул ҳам, бутун Ислом дунёси ҳам муборак қабри шарифга маҳзун боқдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари 25 йил бирга умргузаронлик қилган аёлнинг қабрига боқиб, бундан 10-15 йил илгариги вақтни эсладилар… Ҳиро тоғида узлатга чекинганларида ҳазрат Хадича ҳар куни емак таширдилар. Яъни 9-10 километрлик масофани босиб ўтар, тепага тирмашиб чиқар ва бундан жуда роҳатланардилар. Бир кун ҳазрат Хадижа яна таом келтираётганларида Жаброил алайҳиссалом шундай дегандилар: «Ё Расулуллоҳ! Узоқдан келаётган шу одам Хадижадир. Қўлида емак солинган халтаси бор. Ёнингизга келганида Роббингиздан ва мендан салом айтинг! Жаннатда унга аталган инжу қаср солинган, у ерда на ғам-алам, на сиқилиш, на-да ранж-меҳнат бўлади!» … Қизлар ҳам қабрга боқиб чуқур ўйга толишганди… Болалик пайтлари, Исломнинг туғилиши, суюкли оналарининг суюкли оталарига бўлган чексиз муҳаббат, чуқур эҳтиромлари… Ҳақоратлар, таъқиб, исканжа… Абу Лаҳабнинг қилмишлари… Биринчи ва иккинчи Ҳабашистон  ҳижрати… Ўлим водийсидаги ҳаёт… Оғир, азобли синовлар… Буларга қарши буюк сабр ва туганмас меҳр… – Энди онамиз йўқ! Ҳазрат Фотима чидай олмай, охири қичқириб йиғлаб юборди. Шунчалар алам билан ҳўнградики, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам йиғлаб юбордилар. – Энди биз сенга оналик қиламиз, Фотима! – деди ҳазрат Зайнаб. Ўша пайтда ҳазрат Фотима 12 ёшда, ҳазрат Умму Кулсум 16, ҳазрат Руқайя 18, ҳазрат Зайнаб эса 20-21 ёшда эдилар. Оналари ҳаққига дуо ўқиб, ёшли кўзлари, ёшли кўнгил билан уйга қайтишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом-чи? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳазрат Хадижа бутун борлиқнинг тимсоли эдилар. Сиқилганида таскин берган, мушриклар берган азобни енгиллатган, илоҳий вазифасида кўмаклашган, Аллоҳ ризоси ва марҳаматига ноил бўлган, вафодор, фидокорликда тенги йўқ суюклисини йўқотгандилар. Нафақат севгилиси, таянчидан ҳам жудо бўлган эдилар. Энди Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам ота, ҳам оналик қилишлари лозим эди қизларга. Шунда ҳам ҳазрат Хадижа ўрнини боса олишга кўзлари етмас эди. Мазкур йил «маҳзун йил» деб аталди ва шу ном билан тарихга кирди. Аввал Абу Толиб, кейин ҳазрат Ҳадижа – икки буюк шахснинг ўлими барчани қайғуга солди. Айниқса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оилаларини. Чунки бу улкан йўқотиш у Зотнинг оилаларига дахлдор эди. Бу – Ислом туғилишининг ўнинчи йиллари эди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ