Гулнинг гуллари

1 ўн йил аввал 2763 siyrat.uz

Гулнинг гуллари

Ислом туғилганига ўн бир йил бўлган эди. Бу ўн бир йил ичида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва мусулмонлар хўп азият чеккан, оғир синовларни бошдан ўтказган эдилар. Аммо эришилган ютуқлар, мусулмонлар сафининг кенгаяётгани, ён босувчиларнинг кўпаяётгани чекилган азобларни ювиб кетди. Мушриклар қандай чора ўйлаб топишларига қарамай, Ислом одамларнинг ҳаёт тарзига айланиб бораётган эди. Атиргул ғунчалари эса Ислом фазилатларини амалда яшаб кўрсатишар, тутумлари шу қадар покиза, беғубор бўлганидан мушриклар қизлар ҳақида бирор оғиз ёмон сўз айта олишмаган эди. Ҳазрат Зайнабнинг ҳўжайини Ислом динини қабул қилмагани учун ҳамон мушриклар тазйиқи остида эди. Аммо хотинидан ажраш талаб қилганлари сари Абул Осс унга тобора боғланиб борарди. Ҳазрат Зайнаб эса унинг иймон келтиришини тилаб туну кун дуо қиларди. Биринчи фарзандлари Али дунёга келганларида уйларида ҳукмрон файз, муҳаббат янада ортди. Атрофдагиларнинг барчаси оила қувончига шерик бўлар, энди «хола» мақомини олган қизлар эса гўдак бошида парвона эдилар. Аммо Алининг бевақт ўлими барчани ларзага солди, оила чуқур ҳасрат ичида қолди. Одам синаладиган шундай қайғули дамда ҳазрат Зайнаб ва Абул Осс ўзларини чин мўмин каби тутишди, илоҳий тақдир ҳукмига бўйсунишди. Пайғамбар алайҳиссалом ва у Зотнинг оилалари ҳам Ислом даъватида давом этишарди. Ҳижратда ҳам шунга ўхшаш ҳодиса содир бўлганди. Руқайя Ислом душманлари таъқибига учрайди. Улардан қочаётиб йиқилиб тушган ҳазрат Руқайя ҳали туғилмаган гўдагидан айрилганди. Қаттиқ йиқилган аёл шу ҳолида ҳам Ислом тарғибини тўхтатмаган эди. Маълум муддатдан сўнг буюк Аллоҳ ҳазрат Руқиайяга яна оналик бахтини ато этди. Бу ўғилга Абдуллоҳ исмини қўйишди ва ҳазрат Усмон «Абу Абдуллоҳ» – «Абдуллоҳнинг отаси» деб атала бошланди. Шу тариқа Ҳабашистонга икки киши бўлиб кетган оила Маккага уч киши бўлиб қайтди. Фарзанд доғи нелигини ўзи тотиб кўрган ҳазрат Руқайя ҳазрат Зайнабни ёлғиз қолдирмас, қўлдан келганча ёрдам берарди. Умуман, Пайғамбар алайҳиссалом оила аъзоларида жуда кам учрайдиган ўзаро меҳр, бирлик, бир-бирини аяш туйғулари кучли эди. Буни муслимлар ҳам, мушриклар ҳам эътироф этар, ҳаловатсиз оилаларга ўрнак қилиб кўрсатишарди. Ҳазрат Савдо ҳам уйдаги ва турмуш қурган қизларга шу қадар самимий меҳр ва шафқат билан муносабатда бўлардики, кўрган одам тўрт гулнинг ўз онаси деб ўйларди. Пайғамбар алайҳиссалом оилалари Ислом дўстлари қувончи, душманлари ғазабини келтирган ҳолда яшар, оиланинг ҳар бир аъзоси мўминлик вазифаларини мукаммал адо этиб борарди.

* * * Йил бўйи турли қабилаю уруғларни қабул қилган Маккаи мукаррама ҳаж мавсумида, айниқса, гавжумлашарди. Дунёнинг турли бурчакларидан кимдир ҳаж мақсадида, яна кимдир тижорат ишлари билан келарди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қулай фурсатни қўлдан чиқармай, Ислом ташвиқини кучайтирдилар, қолган муслимлар ҳам икки баравар ғайрат билан вазифаларини адо эта бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ясрибликлар (ҳозир Мадина шаҳри) жойлашган чодирларга қадар бориб, Исломга даъват эта бошладилар. Аммо у Зотнинг энг катта душманлари ва энг яқин қариндошлари Абу Лаҳаб ортларидан бориб, сўзларини ёлғонга, илоҳий муждани афсунга чиқарар эди. Ҳидоят – Аллоҳдан. Абу Лаҳабнинг шунча жон куйдиришига қарамай, ясрибликлардан олти киши Исломни қабул қилди. Бу муслимлар кейинги йили ўн икки киши бўлиб келишди ва машҳур биринчи байъат – қасамёдни қабул қилишди. Уларнинг хоҳишларига биноан, Мусъаб ибн Умайр ҳазратлари Ясрибга Исломни ўргатишга юборилди. Ҳазрат Мусъаб саъй-ҳаракатлари билан Ясриб муслимлари сони кейинги йилларда етмиш бештага ортди. Улар орасида иккита аёл ҳам бор эди ва шу йили иккинчи байъат қилинди – ясрибликлар мусулмонларни юртларига қучоқ очиб таклиф этишди. Мушрикларнинг беомон тазйиқларига қарамасдан Аллоҳнинг Расули келажакда давлат бўла оладиган улкан силжишни уддалаган эдилар. Байъатлар ана шу давлатга қўйилган тамал тошлари эди. Байъатларнинг Ислом тарихи, тараққиётидаги аҳамияти беқиёсдир. Уларда берилган сўз, олинган ваъдалар дунё тургунча ҳар бир мўминга йўл кўрсатувчи маёқ вазифасини ўташи шубҳасиз. Байъатда Пайғамбар алайҳиссалом олган ваъда, саҳобаи киромлар берган сўз марказлашган давлатнинг илк белгиси ва бутун борлиғини маслак йўлида қурбон қилишнинг гўзал намунаси эди. Байъатнинг қисқача мазмуни шундайдир: «Роҳат ва зулматда, танг ва фаровон пайтларда, қувончли ва қайғули кунларда, хуллас, ҳар қандай ҳолу вазиятда Аллоҳ ва Унинг Расули амрларига бўйин эгамиз. Қаерда бўлсак ҳам, фақат ҳақиқатни гапирамиз. Фақат Ислом амаллари билангина яшаймиз. Аллоҳ йўлида изтироб чекишдан қўрқмаймиз. Бу жон энди Аллоҳ ва Унинг Расули учун фидодир!» * * * Нубувват боғининг гуллари ҳам, булбуллари ҳам бу ҳодисаларни қувонч-ла кузатишар, Макка муслимларига ҳабашлардан бошқа яна бир дўст топилганига шукроналар айтишарди. Энди Пайғамбар алайҳиссаломни ўз ҳаётларидан ҳам устун қўйишларини қасам билан тасдиқланган байъатчилар бор эди. Яна улар заиф, нотавон кимсалар эмас, балки сўзи ўтадиган, душманларга бас кела оладиган қудратга эга йигитлар эди. Уларнинг дўстлиги самимий эди,улар Ясрибга келиш, бор-йўқларини бирга баҳам кўришга чақирарди. Бутун мусулмонлар байъатчилар ҳақига дуо этарди, Пайғамбар алайҳиссалом қизлари эса дуони узмасди. Уларнинг дуоси вожиб дуолардан эди. Сўзлари Арши Аълога чиқиб, заминга раҳмат бўлиб тушарди. Зотан, улар энг қийин дамларда ҳам Исломни маҳкам тутган, ғайриинсоний бардош билан изтиробларни енгган қизлар, Пайғамбар қизлари эди. Ҳар бири ёрқин нур, ойдин зиё эди. Сарвари коинот саҳобаларга марҳамат қилиб дедилар: «У ерга, Ясрибга ҳижрат қилинг. Буюк Аллоҳ сизларни яна бир жойга йиғади. У ерга – биродарларингиз ҳузурига – Ясрибга боринглар!» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрларига итоат этиб ҳар куни бир ёки икки саҳоба яширинча йўлга чиқа бошлади. Уларнинг барчаси кетиб бўлгунича афандимиз кетишни ўйламадилар. Маккада муслимлардан ҳазрат Абу Бакр ва ҳазрат Али каби бир-икки саҳобалар қолган эдилар. Исломнинг пайдо бўлганининг ўн учинчи йили эди. Мусулмонлар Ясрибга – Ислом давлати уруғини ўша тупроққа экиш учун даъват этилганди. Тарихдаги биринчи Ислом давлати тузилиши керак эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уйларида сафарга ҳозирлик кўрилаётганди. Буюк Аллоҳдан буйруқ келган, коинотлар сарвари ҳижрат қилишлари керак эди. Қизлар кўнглида севинч ва қайғу аралаш эди. Бир томондан оталари улуғ ишга жазм этганларини англашар ва фахрланишар эди, бошқа ёнда эса айрилиқ балоси… Хайрлашиш учун ҳамма қизлар ота уйига йиғилишди. Фақат ҳазрат Усмон билан Ясрибга кетган ҳазрат Руқайя йўқ эди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳеч одатланмаган вақтда йўлга чиқдилар, Маккани қуёш нурлари жизғанак қилаётган қоқ тушда. Бу пайтда бутун Макка аҳли уйда жон сақларди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шу боис ҳам шу вақтни танлагандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал ҳазрат Абу Бакрнинг уйларига кирдилар. Иккилари яширинча Савр тоғига чиқиб, у ердаги бир тоғда уч кун тунаб, сўнг Ясрибга йўл олдилар. Муслимларнинг бир-икки кишилаб Маккани тарк этаётганидан хабар топган мушриклар саросимага тушиб қолишди. Чунки улар бошқа ерда бирлашиб катта кучга айланиши, мушриклар динига таҳдид солиши мумкин эди. Бирор чора кўриш учун Дорун-надва деб ном қўйиб олишган кенгашларини чақирдилар. Қизғин мунозаралару турли таклифлардан сўнг мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришга қарор қилишди: «Уни ўлдиришдан бошқа чорамиз йўқ. Уни ўлдиришимиз шарт!» Бу қарор қабул қилинган онда икки жон Аллоҳ ҳамроҳлигида Маккадан чиқиб кетаётган эди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ