Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ижтимоий-сиёсий ҳолат

3 йил аввал 2814 siyrat.uz

Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам элчи қилиб жўнатилмасларидан олдинги ҳолат ва ижтимоий ҳаётдаги меъёрларнинг бузилганини бирма-бир санаб ўтамиз: Оила қуриш: Ҳаммага маълумки, оила бу жамиятнинг бир бўлаги бўлиб, бир нечта оилалар йиғиндисидан жамият вужудга келади. Агар оила салоҳиятли бўлса, жамият ҳам салоҳиятли бўлади. Демак, жамият рисоладагидек бўлиши, ҳамма ҳавас қиладиган илғор, пешқадам ва намунали бўлиши учун оилага катта эътибор бериш керак. Зеро катта давлатлар таназзулга учраб, барҳам топишига асоссий сабаб ўша давлатдаги ёмон оилалардан чиққан ноқобил фарзандлар сабаб бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар қилиб жўнатилмасларидан олдинги ҳолатга эътибор берадиган бўлсак, оила қуришнинг тўрт хил кўринишига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз жоҳилиятдаги никоҳнинг қуйидаги тўрт кўринишини санаб берганлар: Биринчи: бугунги кундаги никоҳ каби никоҳлар. Яъни йигит қизнинг валийси ҳузурига одам жўнатиб, белгиланган маҳрни бериб қизни никоҳига олади. Иккинчи: киши ҳайздан покланган хотинини бировнинг олдига жўнатиб, ундан бола орттиришни буюрарди. Хотини ўша кимсадан ҳомиладор бўлмагунга қадар унга яқинлашмасди. Ҳомиладорлиги аниқ бўлганидан кейингина, хоҳласа, яқинлик қиларди. Мазкур никоҳ тури аслзодалардан фарзанд кўриш учун қилинар ва у «никоҳул истибзоъ, яъни бегона эркакдан талаб қилиш» деб аталар эди. Учинчи: беш-ўн киши бирикиб бир аёлнинг олдига кириб, у билан яқинлик қиларди. Аёл ҳомиладор бўлиб кўзи ёригач, бир неча кунни ўтказиб ҳалиги кишиларни чақиртирарди. Уларнинг ҳеч бири келишдан бўйин товлай олмасди. Ҳамма йиғилгач, аёл: «Сизлар нима иш қилганингизни биласиз. Мана, энди бола туғилди. Бу – сенинг ўғлинг, эй фалончи» деб, ўзи хоҳлаган бир кишининг номини айтарди ва бола ўшаники бўлиб қоларди. Тўртинчи: бир аёлнинг тўшагига кўп киши кириб чиқарди. Аёл ҳам кирган кишига йўқ демасди. Бундай аёллар фоҳишалар бўлиб, хоҳловчилар учун белги бўлсин деб, эшикларига байроқ қадаб қўйишарди. Аёл ҳомиладор бўлиб кўзи ёригач, ҳалиги кимсалар йиғилар ва қиёфага қараб ҳукм чиқарувчи кишини чақириб келинар эди. У кимни айтса, бола ўшаники бўлиб қоларди ва ҳеч ким бундан ўзини четга тортолмасди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Ислом рисолати билан жўнатгач, мазкур жоҳилият никоҳларини йўқ қилиб, фақат бугунги Ислом никоҳини қолдирди». Жоҳилият аҳли ўртасида хотинлари сонини истаган миқдорга етказиш, опа-сингилни бир кишининг никоҳида жамлаш, оталари вафот этса ёки хотинларини талоқ қилса, улар(дан ўз онаси бўлмаганлари)га уйланиш маълум ҳол эди. Эркакларнинг қўлида бўлган талоқ ҳуқуқи ҳам ҳеч қандай сон билан чекланмаган эди. Ўзаро алоқалар: ҳаммага маълумки, бир давлат равнақ топиши ва ривожланган мамлакатлар сафига қўшилиши учун  ўша давлатнинг одамлари, уруғ-аймоғлари, маҳаллалари, қишлоқлари, вилоятлари, боринки, барча соҳа вакиллари ўзаро иноқ ва аҳил бўлиши керак. Агар мана шу омилни қайси давлат ўзида шакллантира олса, демак, бу давлат келажаги порлоқ жамият ҳисобланади. Ислом дини келмасидан олдин арабларда ўзаро муносабатлар яхши ўрнатилмаган эди. Қабилаларнинг бир-бирлари билан бўлган алоқалари жуда заиф эди. Уларнинг бутун куч-қувватлари ички урушларда йўқ бўлиб кетарди. Фақат дин билан хурофот аралашмасидан ташкил топган айрим урф-одат ва маросимлардан чўчишгина ўртадаги вазиятни бироз юмшатарди. Лекин умумий олганда, ўзаро зиддият катта эди. Энг ачинарлиси, арзимаган нарсани деб қабилалар ўн йил, йигирма йил давомида ўзаро урушишар эди. Зодагонлар ва аслзадалар оддий халқни қийнар ва молини одамлар кўз ўнгида тортиб оларди. Бошқача қилиб айтганда, ўрмон қоидаси ҳукмрон эди. Аёлларга муносабат: жоҳилият даврида арабларда, нафақат арабларда, балки бутун дунёда аёлларнинг шаъни топталиб, ўзлари хўрланиб, худди буюмдек ундан бунга, бундан унга кўчиб юришарди. Баъзи ўлкаларда эса агар бир аёлнинг эри ўлса, ўша аёлни эрига қўшиб ёқиб юборишар эди. Қабилалар ўртасидаги урушларда ғолиб томон мағлубнинг аёлларини зўрлаб кейин ўлдиришар эди. Жоҳилият аҳли ўртасида хотинлари сонини истаган миқдорга етказиш, опа-сингилни бир кишининг никоҳида жамлаш, оталари вафот этса ёки хотинларини талоқ қилса, улар(дан ўз онаси бўлмаганлари)га уйланиш маълум ҳол эди. Эркакларнинг қўлида бўлган талоқ ҳуқуқи ҳам ҳеч қандай сон билан чекланмаган эди. Исломдан олдин арабларда ўлган одамнинг мероси тақсимланаётганда ўликнинг аёл қариндошларига мерос берилмас эди. Кимдир келажакда уятга қолмаслик ва тарбия қилмаслик учун қизларини кўмиб ташларди. Айримлар фақирлик ва йўқчиликдан қўрқиб ўз болаларини ўлдирарди. Лекин бу ёмон одат араблар ўртасида кенг тарқалмаган бўлиб, ҳамма ҳам шундай қилавермасди. Чунки улар душмандан ҳимоялашиш учун фарзандга жуда муҳтож эдилар. Хуллас, ижтимоий аҳвол заифлик ва қашшоқликнинг энг авж нуқтасида турарди. Жаҳолат ҳукмрон, хурофот кучга тўлган, халқ чорвалар каби кун кечирар, аёл сотилар, сотиб олинар ва ҳатто унга жонсиз буюм каби муомала қилинар, кишилар ўртасида муносабатлар тарқоқ ва узуқ-юлуқ, мавжуд ҳукуматларнинг ягона қайғуси халқни талаб, ўз хазинасини тўлдириш эди. Ахлоқий меъёрлар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан элчи қилиб жўнатилмасларидан олдин, араблар ва бошқа халқларда ахлоқ нормалари бузилган эди. Рибохўрлик авжига чиққан. Одамлар қиморбозликнинг кетидан бойиган, сув ўрнига май ва шаробларни ичимлик сифатида истеъмол қиланадиган, ейдиган озуқаси ҳаромданми ёки ҳалолданми фарқига бормайдиган, ҳатто ўлимтикнинг гўштини истеъмол қиладиган, қариндош-уруғ, қўни-қўшничилик ҳақларига риоя қилмайдиган, зино ва фаҳш авжига чиққан бир давр эди. Бу ҳақда Жаъфар розияллоҳу анҳу Ҳабашистон подшохи Нажоший раҳматуллоҳи алайҳга шундай деганлар: «Эй подшоҳ, биз жоҳилият аҳли бўлган қавм эдик. Бут-санамларга ибодат қилардик, ўлимтик ердик, бузуқликлар қилардик, қариндош-уруғчиликни узардик, ёмон қўшничилик қилардик, кучлиларимиз заифларимизни ерди». Демак, Ислом дини келмасидан олдин араблар инсонийлик доирасидан чиқиб бўлган эди. Лекин шуни айтиб ўтиш лозимки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва у кишига ўхшаган оз сонли инсонлар, ўз ақл-заковати билан жирканч ва фаҳш ишларидан йироқда бўлишган.

Акмал Мирҳамидов




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ