Буюк фатҳ

6 йил аввал 2741 siyrat.uz

Буюк фатҳ

Ҳижратнинг саккизинчи йили… Пайғамбар алайҳиссалом амрлари билан йиғилган Ислом лашкари ўн мингга етган, бутун Мадина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларига мунтазир эди. Сафар қилинади, аммо қаерга? Бир неча кишигина буни билар, қолганлари эса бехабар ҳолда Пайғамбар алайҳиссаломга итоат этишарди. Йўлга тушган қўшинга янги-янги мусулмонлар келиб қўшилишда давом этарди. Маккага етгунига қадар лашкар аниқ манзилни билмади. Шаҳарга етай деганда, Марруззаҳрон деган жойга қароргоҳ қуришди. – Ҳар бирингиз алоҳида машъал ёқингиз. Ўн минг одамнинг ўн минг машъали кўкда порлаган юлдузлар каби эди… Бу буюк фатҳда Пайғамбар алайҳиссалом қизларидан ҳазрат УммуКулсум ва ҳазрат Фотималар ҳам иштирок этишганди. Ислом лашкари «Биз, албатта, келамиз» деганлари Маккага юмуқ кўз ва қалбларни Ислом нури билан очиш учун келганди. Аллоҳнинг Расули саҳобалари билан баравар Макка фатҳига чиққандилар. Зўрлик билан қувиб юборилган ватанларига қайтишаётганди улар… Муҳожирларни оғир кунда бағрига босган, уйининг тўрини, қалбининг қўрини берган ансорлар билан келишганди… Коинот Сарвари «Ким Каъбага кирса, Абу Суфённинг уйига кирса, ўз уйида бўлиб, кўчага чиқмаса, омондир», дедилар. Шу тариқа қон тўкилишининг олди олинди. Юриш режаси тузиб олиниб, ҳар бир бўлимга алоҳида топшириқлар берилди. Қайси бўлим Маккага қаердан кириши, қандай ҳаракат қилиши белгилаб олинди. Биринчи бўлиб жанг бошламаслик, қаршилик кўрсатилгандагина ўқ узиш, қилич ишлатиш амри берилди. Аммо бир гуруҳ одамлар бор эдики, улар «ҳатто Каъба ёпинчиғи остига бекинган бўлсалар ҳам, ўлдирилиши лозим» эди. Пайғамбар алайҳиссалом қўшинлари еру кўкни такбир билан ларзага келтирганча Маккага тўрт томондан кирдилар. Байроқ Хожунга тикилиши керак эди. Тақдирнинг ажиб ўйинини қарангки, бир вақтлар мушриклар муслимларга қарши иттифоқ тузиб, онт ичган ерда Пайғамбар алайҳиссалом байроғи ҳилпирарди. Макка бир томчи қон тўкилмасдан фатҳ этилди. Бутлардан юз ўгиргани, «Роббим Аллоҳ», дегани учун ақл бовар қилмас қийноқларга солинган ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу Каъбаи Муаззаманинг томига чиқиб, бор овозда «Аллоҳу акбар!» деганча азон айтди. Шу тарзда бутун Макка Ислом нурига чулғанди.

* * * Ғалабадан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари билан бирга ҳазрат Хадижа розияллоҳу анҳо қабри зиёратига бордилар. Ҳар бир одим уларни тобора ўтмишга яқинлаштирарди… Оналари ҳазрат Хадижа билан бирга кечирган яхши-ёмон кунлари, кўрган қийинчиликлари, эришган бахт-саодатлари… Салом беришди, хаёл оламида алик олишди. Дил-ла суҳбатлаша бошлашди. Нени сўйлаганлари номаълум, аммо узоқ вақт қолиб кетишди. Сўнг бошқа қабрларни ҳам зиёрат қилишди. * * * Маккаи мунавварада улар кирмаган ер, бориб кўрмаган биродарлари, деярли, қолмади. Макка фатҳи ортидан содир бўлган Хунайн жангида ҳам иштирок этган ҳазрат Фотима аввал улкан вайронагарчилик, сўнг эса буюк зафарни кўрди…



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ