Ҳазрат Умму Кулсумнинг вафоти

3 йил аввал 2400 siyrat.uz

Ҳазрат Умму Кулсумнинг вафоти

Ҳазрат Умму Кулсум тоби қочиб ётиб қолганида Пайғамбар алайҳиссалом Табук сафарида эдилар. Ҳазрат Усмон ҳам улар билан эдилар. Кун сайин оғирлашиб бораётган ҳазрат Умму Кулсумга ҳазрат Фотима билан бирга ҳамма ачинарди. Чунки шундай дамларда отаси ҳам, хожаси ҳам ёнида эмасди… Фарзанд кўрмаган эди. Синглиси Фотимадан сўнг энг яқини пайғамбар отаси ва хўжайини эди. Энди бу иккиси сафарда… Ислом лашкари Маккага кирганида Пайғамбар отаси ва ҳазрат Усмоннинг соғ-саломатлигини зшитган Умму Кулсумнинг аҳволи бироз ўнглангандай бўлди. Уларнинг дийдорига тўяр-тўймас… бу дунёни тарк этди… Ҳижратнинг тўққизинчи йили эди… Йигирма еттига энди кирган эди. Фарзанди ҳам йўқ эди. Ҳазрат Умму Кулсумнинг ўлими опаси ҳазрат Руқайяникига ўхшаб кетарди. Фарқи – ҳазрат Руқайянинг сўнгги дамларида хўжайини бирга, Пайғамбар отаси эса Бадр жангидан қайтаётган эди. Зафар қозониб қайтаётган ота қизининг ўлимига дуч келганди. Ҳозир ҳам Табук жангидан қайтган ва қизининг сўнгги дамларига базўр етишган эдилар. Бунинг устига ҳазрат Умму Кулсумнинг хасталигида хўжайини сафарда эди… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шу қадар ғамга ботдиларки, кўз ёшлари соқолларини ҳўл қилиб юборди. Қизининг ёнига кирганларида ҳазрат Умму Кулсумнинг жони узилаётганди. Ҳазрат Усмон чидай олмай йиғлаб юборди. Пайғамбар алайҳиссалом уни суяб ташқарига олиб чиқдилар. Аёллар ичкарига киришди. Ҳазрат София, ҳазрат Асмо бинти Умайс ва ҳазрат Умму Атийя Пайғамбар алайҳиссалом қизларини ювиб кафанлашди. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюргандилар: – Қизим Умму Кулсумни уч-беш ёки ундан кўпроқ марта ювинглар! Сўнг эркаклар маросимни бошлаб, Бақиъ қабристонига йўл олишди. Аввал ҳазрат Руқайя, сўнг ҳазрат Зайнаб, энди эса ҳазрат Умму Кулсум… Пайғамбар алайҳиссаломнинг уч севимли гуллари Бақиъ қабристонида ёнма-ён ётардилар. Ҳазрат Фотимагина қолганди. Жаноза намозини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ўқидилар. Қабрга қўйишаётганда ҳазрат Усмон ҳушидан айрилаёзди. Бир йил олдин севимли Зайнабини йўқотган Абул Осс унинг ёнида дарди янгиланиб йиғлаб турарди. Икки божа бир-бирини қучганча ғамларини тўкишарди. Иккисининг ҳолига чидай олмаган ҳазрат Али ҳам уларнинг ёнига бориб, қучоқлаганча йиғлаб юборди. Орада анча вақт ўтса-да, ўзини ўнглаб ола билмаган ҳазрат Усмонга Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилдилар: – Ўнта қизим бўлганида эди, (бири вафот этса, бошқасини) Усмонга берардим! Ҳаёт давом этаверишини уқтирган Пайғамбар алайҳиссалом улар буни исташмаса ҳамки, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Абул Оссни ўзлари уйлантириб қўйдилар, хайр тилаб, дуо қилдилар. Аммо ҳар иккиси ҳам янги оилаларидан рози бўлишса-да, севимли завжаларини унута олишмас, тўлдириб бўлмас бўшлиқни ҳис қилишарди юракларида. Ҳазрат Умму Кулсум ҳам вафот этди… Тўрт гулнинг фақат биттаси қолган эди…




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ