Пайғамбар чечаги

1 ўн йил аввал 2965 siyrat.uz

Пайғамбар чечаги

Бир куни… Пайғамбар алайҳиссалом оламни нурлантирган кўзлари билан ҳазрат Алига боқиб дедилар: – Ё Али! – Лаббай, ё Расулуллоҳ! – Аллоҳ таолони севасанми? – Ҳа, Расулуллоҳ! – Аллоҳнинг Расулини севасанми? – Ҳа, Расулуллоҳ! – Қизим Фотимани севасанми? – Ҳа, севаман, – бироз юзи қизариб деди ҳазрат Али. – Ҳасан билан Ҳусайнни ҳам севасанми? – Ҳа, Расулуллоҳ, севаман. – Ё Али! Кўнгил битта, севги тўртта… битта кўнгилга шунча севгини қандай сиғдиряпсан? – !.. Ҳозиржавоб Али нима дейишини билмай қолди. Аллоҳ таолонинг Расулига жавоб бера олмай, рухсат сўраб уйга қайтди. Шу қадар маҳзун эдики, ҳазрат Фотима кўрар-кўрмас нима бўлганини сўради. Ҳазрат Али бўлган воқеани дона-дона сўзлаб берди. Фикрини сўради. Пайғамбар чечаги қуёшдай кулимсираб деди: – Эй болаларимнинг отаси! Бориб набийлар набийига «Инсоннинг олд-орқаси, ўнг-чапи, ост-усти бўлгани каби кўнгилнинг шундай ёнлари бор. Мен ҳам Азиз ва Жалил Аллоҳни ақл ва иймоним-ла, Аллоҳ таолонинг Расулини руҳим ила, Фотимани инсоний нафсим билан, Ҳасан ва Ҳусайнни оталик шафқат ва марҳаматим-ла севаман. Кўнглимнинг ҳар жиҳатида бошқа бир севги яшайди», денг. Ҳазрат Али дарҳол ортга қайтиб, Пайғамбар алайҳиссаломга шуни сўзладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулимсираб: – Бу сенинг эмас, Пайғамбар шохидан узилган чечак сўзидир! – Тўғри, эй Аллоҳнинг Расули!

* * * Саодат даврининг бир куни… Бир қария Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб дардини англатди: – Эй Аллоҳнинг Расули! Кўриб турибсиз, қариман. Еб-ичишга ҳеч вақом йўқ. Эҳтиёжимни қондиришингизни истайман. Ўша дамларда у Зотнинг уйларида ҳам ҳеч нарсалари йўқ эди. Бироз ўйлаб туриб дедилар: – Сизни бир ерга юбораман, эҳтиёжингизни қондирасиз. – Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билади. Ҳазрат Абу Заррни чақириб, қарияни қизи Фотиманинг уйига олиб боришини айтдилар. Абу Зарр қарияни олиб жўнади. – Эй жаннат чечаги, бу қариянинг эҳтиёжини қондиринглар, деб Аллоҳнинг Расули юбордилар. Ҳазрат Фотима новдадай титраб кетди. Унинг шу онда бу қарияга берадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. Бир муддат ўйланиб тургач, узил-кесил қарорга келди ва ичкаридан кўз қорачиғидай асраб юрган маржонини олиб чиқди. Маржонни Уҳуд жангида шаҳид бўлган амакиси ҳазрат Ҳамза ҳадя қилганди. Қария Пайғамбар алайҳиссалом қизини дуо қилганича йўлга тушди. Масжид ёнидаги одам гавжум ерга бориб, кучи етгунча бақирди: – Буни оладиган борми? Қариянинг қўлидаги маржонни таниганлар Пайғамбар қизининг бундай фидойилигидан мамнун бўлиш билан бирга маржоннинг бозорга чиққанидан ранжидилар ҳам. – Қанчага сотасиз? – Битта улов сотиб олиш ва яшашга ҳам озроқ қолишга етадиган нархда сотмоқчиман. – Эй қария, мен шу нархда сотиб оламан. Маржон ҳазрат Ҳамзадан хотира эканлигини билган саҳобалардан бири қарияга истаганидан ҳам ортиқроқ пул берди ва қулини чақириб деди: – Буни Аллоҳнинг Расулига олиб бориб бер. Сени эса у Зотнинг ҳурмати учун озод этаман. Қувончдан боши кўкка етган қул Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маржонни топширди ва бўлган воқеани сўзлаб берди. Бундан мамнун бўлган Пайғамбар алайҳиссалом кулимсирадилар: – Буни қизим Фотимага бер. – Ҳозироқ, афандим. Маржон эгасига топширилди… Буюк Аллоҳнинг ҳикматига қарангки, бу маржон ҳам қариянинг эҳтиёжини қондирди, ҳам бир қулнинг озодликка чиқишига сабаб бўлди, ҳам яна эгасига қайтиб келди...



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ