Саййидуно Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг иймон келтуруш воқеалари

1 ўн йил аввал 2647 siyrat.uz

Саййидуно Ҳамза розияллоҳу анҳу иймон келтуруб, уч кун ўтмай саййидуно Умар розияллоҳу анҳу Исломға дохил бўлдилар. Сурати шундоғ бўлдики, ҳамширалари (сингиллари) фотима ва куёвлари Саъид ибн Зайд мусулмон бўлган эрдилар, лекин исломларин махфий тутур эрдилар. Саййидуно Ҳаббоб ибн Арат иккилариға Қуръон таълим берур эрдилар. Ҳаммалари ҳазрат Умардин ғоятда қўрқуб, динларин яширур эрдилар. Ҳазрат Умар Қурайшнинг ниҳоятда баҳодир ва диловар (жасур) навжувонларидин бўлуб, сиёсатда ақлларин зиёдалигидин хорижий мамлакатларға сафирлик ишлари бу жанобға боғлиқ эрди. Бу жаноб Қурайш жамоаси жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хусусларида кўп танг ва лоилож бўлғон сабабларидин жоҳилий ҳамиятлари келуб, қиличларин тақинуб: «Муҳаммадни ўлдуруб, бошини олуб келай», деб Ҳарамдин чиқуб кетдилар. Ўшал кунларда Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ нафар асҳоблари ила баробар Сафо қошида, саййидуно Ҳамза уйларида жамъ бўлғон эрдилар. Ҳазрат Умар кўчада кетуб туруб эрдилар, Нуайм ибн Абдуллоҳни йўлда кўрдилар. Нуайм ҳам мусулмон бўлуб, исломларин махфий тутган вақтлари эрди. Ҳазрат Умардин:«Қайси тарафға борурсан?» деб сўрадилар. Ҳазрат Умар:«Муҳаммадни ўлдургали борурман», дедилар. Ҳазрат Нуайм дедилар:«Эй Умар, сен мағрур бўлубдурсан. Агар сен ани ўлдурсанг, Бани Абду Маноф сени тирик юргали қўйурларми? Сен баҳодир бўлсанг, ўз хонадонингдин хабар ол ва аларни ислоҳ қил». Ҳазрат Умар савол қилдилар: «Менинг хонадонимдин кимлар мусулмон бўлубдур?»Ҳазрат Нуъайм:«Ҳамширанг Фотима ила амакизоданг, домодинг (куёвинг) саъид ибн Зайд мусулмон бўлғондурлар», дедилар. «Сен аввал булардин хабар ол, сўнгра бошқа иш қил», деб эрдилар, ҳазрат Умар, филҳол, ўз ҳамшираларин ва домодларин уйлариға бурулдулар. Иттифоқо, ўшал соатда алар қошларида саййидуно Ҳаббоб ибн Арат бор бўлуб, аларға сураи «тоҳа» ёзилган саҳифани таълим беруб туруб эрдилар. Вақтики, булар ҳазрат Умар шарфаларин эшитдилар, жаноб Ҳаббоб ўзларин бир тарафға олдилар ва саҳифани ҳазрат Фотима сонларин остиға яширдилар. Ва ҳазрат Умар бу уйға яқин етганларида ҳазрат Ҳаббобнинг ўқуб турган овозларин эшитуб эрдилар. Уйға кирган замонлари: «Бу нима овоз?» деб сўрадилар. Алар: «Ҳеч бир нарса йўқ», дедилар. Ҳазрат Умар дедилар:«Мен, албатта, бир овоз эшитдим ва ҳам эшитдимки, сизлар Муҳаммадға тобеъ бўлуб, диниға кирубдурсизлар», деб домодлариға ҳамла қилдилар ва ура бошладилар. Бу ҳолни кўргач, эрларин ажратиш учун Фотима яқин боруб эрдилар, ул кишини ҳам уруб, мажруҳ қилдилар. Кейин ҳамширалари ва домодлари дедилар:«оре, бизлар мусулмон бўлдук ва Худоға иймон келтурдик. Қўлунгдин нима келса қилгил». Кейин ҳазрат Умар ҳамшираларин қонға бўялганликларин кўруб, қилғон ишлариға пушаймон бўлдилар ва сингиллариға дедиларки: «эй ҳамшира, ҳозир мен келмасдин аввал ўқуб турган саҳифаларингни бергил. Мен ўқуб кўрай ва боқай. қани, Муҳаммад келтурган дин нечук дин экан?!» Ҳақиқатда ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ўқушни яхши билур эрдилар. Кейин ҳамшираларидин саҳифаи муборакани олуб, бироз ўқуб: «воҳ, воҳ, бу нақадар ширин ва маънолик сўздур», дедилар. Бу сўзни жаноб Ҳаббоб розияллоҳу анҳу турган ерларида эшитуб, филҳол югуруб қошлариға чиқдилар ва дедилар:«Эй Умар, мен умид қилурманки, Аллоҳ таоло жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларин сенинг ҳақингда қабул қилғон бўлса. Чунки ўтган куни ҳазрат Саййиди олам соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар: «Эй Худо, бу динингға Абул ҳакам ила, ё Умар ибн Хаттоб ила қувват ато қилгил», дедилар. Эй Умар, Худодин қўрқғил, бу дуо баракатиға сен ноил бўлғил». Ҳазрат Умар дедилар: «Эй Ҳаббоб, сен мени Муҳаммад бор ерға бошлағилки, мен анинг қошиға боруб, мусулмон бўлай». Ҳазрат Ҳаббоб дедилар: «Ул жаноб Сафо атрофида бир уйда бир неча ёронлари ила баробар ўлтурубдурлар». Бу сўзни эшитгач, ҳазрат қиличларин тақинуб, Набий карим соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлтурган уйлариға боруб, дарбозани қоқдилар. Овозларин эшитганлардин бирлари дарбоза ёриғидин кўруб, ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламға хабар бердиларки: «Умар қилич тақунғон ҳолда дарбоза қошида турубдур». Саййидуно Ҳамза ул одамға дедиларки: «Умарға кирмакға изн бер. Агар бир хайр умидида келган бўлса, матлубини берурмиз. Ва агар ёмон бир ниятда келган бўлса, ўз қиличи ила ўзини ҳалок этурмиз». Кейин ул одам изн берди. Ҳазрат Умар ичкариға кирдилар. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул жанобни кўруб, ўрунларидин турдилар ва ридоларидин тутуб, қаттиғ тортуб:«эй Ибн хаттоб, то худодин сенга бир бало ёнмағунча бу  гумроҳлиғингдан қайтмасмусан? дедилар. Ҳазрат Умар дедилар:«Мен бу ерга оламлар Роббиға ва Қуръонға иймон келтурмак учун хизматлариға келдим». Бу сўзни эшитуб, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам такбир айтдилар. Овозларин эшитган саҳобалар билдиларки, ҳазрат Умар мусулмон бўлубдурлар. Кейин тамом саҳобалар тарқашдилар ва дилларида жазм этдиларки, иншааллоҳ, жаноб Умар ва жаноб Ҳамза розияллоҳу анҳумо вужудлари ила Аллоҳ таоло ва Расулиға мададкор бўлур.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ