Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – буюк намуна

688

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илк Ислом жамоасини бошқарган даврда ҳали давлат механизми, уни бошқариш системаси тўла тўкис шаклланмаган эди. Аммо шунга қарамай, тарихий-ҳуқуқий манбаларда қайд этилишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан Мадинаи Мунавварада амалга оширилган талай чора-тадбирлар фақат Исломдаги диний ғояларни амалга оширишдагина эмас, балки ҳуқуқий нормаларни ижтимоий ҳаётга тадбиқ этиш, илк Ислом давлатчилигини ривожлантириш ва маълум бир худудда ўзига хос сиёсатни амалга оширишда ҳам муҳим ўрин тутган. Масалан, буни подшоҳлар ва амирларга йўлланган мактубларда билишимиз мумкин. Мазкур мактублар Ислом дини ривожланишининг тўнғич васиқаларидан  эди. Уларни чет эл раҳбарларига етказиш, улар билан халқаро алоқалар қилиш бу йўлдаги биринчи қадамлар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан қайтиб келганларидан сўнг, 6-йилнинг охирларида подшоҳларни Исломга даъват қилиб, мактублар йўлладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари орасидан билим ва тажрибага эга бўлган кишиларни танлаб олиб, уларни подшоҳлар ҳузурига элчи сифатида юбордилар.
Мадинаи Мунавварадаги ўша вақтдаги ижтимоий ҳаёт ҳақида қисқача шуни айтамизки, мусулмонлар Қуръон, унинг тафсири ва ҳадис илмларини ўрганиш билан бирга, забт этилган давлатларнинг тили, адабиёти, урф-одатлари ва улар ўрганаётган илмларни ўрганишга ҳам  ҳаракат қила бошладилар. Савдо ва ҳунармандчилик, жамият ҳаётидаги ўзгаришлар турли муаммоларни келтириб чиқарди. Уларнинг ечимини топиш илм-фаннинг ривожига туртки берди. Араб-мусулмон давлатининг кенгайиши ва аҳолининг кўпайиши, шаҳарлар сонининг ошиши ва умумий тараққиёт даражаси араб тилидан бошқа тилларни ўрганишни тақозо эта бошлади. Мусулмонлар бошқа миллат ва давлат аҳолисини фатҳ эта бошлагач, Арабистон ярим оролидан ташқарида яшовчи халқларнинг тилларига муҳтожлик сезила бошланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам котибларидан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу форсий, румий, ҳабаший, оромий, иброний ва сурёний тилларида ёзар ва ўқир эди. Ибн Саъднинг хабар беришича, Зайд ибн Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруғи билан яҳудий тилини ўрганганлар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу турли ҳил тиллари билишликлари подшоҳлар ва амирларга мактуб ёзишда қўл келган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам подшоҳ ва амирларга ҳам ўзига хос тарзда мактуб битганлар. Ушбу ёзилган мактубларининг матнлари орасидаги фарқлар ўрганилиб, қуйидагилар келтирилди:
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мактубларини аксарида
« من محمد رسول الله إلى فلان» — «Муҳаммад Расулуллоҳдан фалончига» деган калималар билан бошланар эди. Масалан, Форс ҳукмдори Кисрога ёзилган мактубни мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, «من محمد رسول الله إلى كسرى عظيم فارس» – «Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад Расулуллоҳдан Форснинг буюк ҳукмдори Кисрога » деб мактубда битилган эди.
Гоҳида эса « هذا كتاب» — «Бу мактуб» деган лафз билан кириш қилинар эди. Масалан, Ҳабашистон подшоҳи Нажошийгага ёзилган мактубда
« بسم الله الرحمن الرحيم هذا كتاب من محمد رسول الله إلى النجاشي » — « Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бу Муҳаммад Расулуллоҳнинг Ҳабашистон подшоси Асҳама Нажошийга мактубидир», деб бошланган эди.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам подшоҳ ва амирларга ёзган мактубларининг аввалида мусулмонларнинг саломи билан бошлаганлар, яъни мусулмонларга нисбатан салом билан бошлар эдилар. Масалан Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Совийга ёзилган мактубда «سلام عليك» — «Сизга салом бўлсин», деб келтирилган. Гоҳида Ҳабашистон подшоҳи Нажошийгага ёзилган мактубда «السلام على من آمن بالله ورسوله» — «Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган кишиларга салом бўлсин», деб ҳам бошланган.
Мушрикларга нисбатан эса бундай «سلام على من اتبع الهدى» — «Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин», деган лафзлар билан бошланган. Масалан, Миср подшоси Муқавқисга, Форс ҳукмдори Кисрога, Рум подшоси Қайсарга, Ямома ҳокими Ҳавза ибн Алийга, Дамашқ ҳокими Ҳорис ибн Абу Шамир ал-Ғассонийга ва Умон подшоҳлари ҳисобланган Жуландий ўғиллари Жайфар ва Абдга ёзилган мактубларда шундай келтирилган. Баъзи ўринларда мактуб бошида салом тушиб қолган.
3. Кўпинча мактубларда подшоҳларнинг исми тўғридан-тўғри келтирилган, баъзи ҳолларда эса уларнинг шуҳрати олдин зикр қилиниб кейин исми келтирилган. Масалан: Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга ёзилган мактубда — الأصحم عظيم الحبشة — »Ҳабашистоннинг буюк подшоси Адҳама« деб келтирилган; Миср подшоси Муқавқисга ёзилган мактубда — المقوقس عظيم القبط – »Қибтнинг буюк ҳукмдори Муқавқис» деб ёзилган. Форс ҳукмдори Кисрога ёзилган мактубда — كسرى عظيم فارس – »Форснинг буюк ҳукмдори Кисро» дейилган; Рум подшоси Қайсарга ёзилган мактубда — هرقل عظيم الروم – »Румнинг буюк ҳукмдори Ҳирақл» деб келтирилган.
4. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ҳолларда ўзларини якка ҳолда зикр қилган бўлсалар, масалан: «أنا» — «мен», «لي» — «мен учун», «جاءني» — «менга келишича», «وفد عليَّ» — «менга юборилган» каби. Баъзи ҳолларда ўзларини жаъм ҳолида зикр қилганлар, масалан: «بلغنا» — «бизга юборилган» , «جاءنا» — «бизга келган» ва шу каби .
5. Мактуб ёзилган инсонга нисбатан мухотоблик кофи – «لك وعليك» тарзида келтирилган бўлиб, Иккиликда эса бундай кўринишда «أنتما ولكما وعليكما» ёзилган. Кўпликлда эса «أنتم ولكم وعليكم» ва шунга ўхшаш лафзлар кўринишида мурожаат қилинган.
6. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг подшоҳ ва амирларга ёзилган мактубларининг аввалида саломдан сўнг, Аллоҳ таъолога ҳамд айтилган. Масалан, Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Совийга ёзилган мактубда «فإني أحمد إليك الله الذي لا إله إلا هو» — «Мен сизга Ундан ўзга барҳақ маъбуд йўқ бўлган ягона Аллоҳни мақтайман», деган сўзлар билан келтирилган. Баъзи мактубларида эса ҳамд лафзлари келтирилмаган.
Гоҳо ҳамддан сўнг ташаҳҳуд айтилган. Масалан, Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Совийга ёзилган мактубда « وأشهد أن محمداً عبده ورسوله» — «Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман», деган сўзлар ёзилган. Гоҳида эса мактубларида ташаҳҳуд лафзлари айтилмаган.
Мактубни кириш қисмидан сўнг асосий қисмга баъзида «أما بعد» — «Аммо баъд» лафзи билан билан ўтилган. Масалан, Миср подшоси Муқавқисга ва Умон подшоҳлари ҳисобланган Жуландий ўғиллари Жайфар ва Абдга ёзилган мактубларда шундай келтирилган.
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг подшоҳ ва амирларга ёзилган мактубларининг хотимаси баъзида  мусулмонларга нисбатан  тўлиқ салом билан тугалланган «والسلام عليك ورحمة الله وبركاته» каби. Гоҳида эса қисқача салом лафзи билан тугатилган.
Мушрикларга нисбатан эса бундай « والسلام على من اتبع الهدى» — «Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин» — деган лафзлар билан тамомланган. Гоҳида салом лафзи мактуб сўнгида тушириб қолдирилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб борган ташқи сиёсат, давлатлараро ўзаро сиёсий алоқаларидан шуни айтиш керакки, инсонлар ичра элчиликка танланган бу буюк Зот ўз устиларига юкланган бу маъсулиятни, Ислом даъватини халқларга етказиш, Тавҳид байроғини дунё узра баланд кўтаришдек вазифани чуқур ҳис этдилар. Аллоҳ таоло тарафидан ато этилмиш чуқур зеҳн, фаҳму фаросат соҳиби бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам имкони борича энг қулай ва энг енгил услублар билан муомала ва музокаралар юритдилар. Бу ғоятда кучли ва аниқ, нозик муносабатлар мисолларини, Ҳудайбия сулҳи, бошқа қабилалар билан олиб борилган алоқалар, элчилар жўнатилиши билан боғлиқ кўринишларда учратамиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан шу ишни – Ислом келажагини кафолатлаш, янги ёш исломий жамиятни олға силжитиш ва уни олам узра ўз мавқейини эгаллашида асосий ҳал қилувчи омиллар деб ҳисоблаганлар. Айниқса, бу ўринда Ислом ривожида асосий босқич бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн йилга яқин ўтган Мадина даври ҳаётлари фақат ҳарб давригина эмас, балки айни пайтда, Ислом умматининг диний, сиёсий, ҳарбий, ижтимоий ва қонуний томонлардан камол топиш палласини – бутун ҳаётини қамраб олган энг муҳим паллани ташкил этади. Албатта, бир кишидан бошланган ва қисқа йиллар ичида бутун Арабистон яримороли ва тезда бошқа ажам юртларига кенгайган Ислом давлатининг бу зафарлари, энг аввало, ушбу динни юборган Зот Аллоҳ таолонинг мадади ва тавфиқидандир. Сўнг эса ушбу рисолатни амалга оширган ва ижро этган Зот Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратларининг етук раҳнамо, раҳбар ва йўлбошчи эканликларига  аниқ далилдир. Чунки бу даражадаги кенг кўламда олиб борилган, улкан машаққатлар ҳамда кўплаб қурбонлар эвазига юзага келган бу жамиятнинг доҳийси жуда кучли сиёсатчи ва узоқни кўра оладиган ва шу билан бирга, сабр ва таваккулнинг энг олий кўринишларини ўзида жам этган инсон эдилар.
Ислом ривожида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк намуна эканликларининг роли яна шундаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ато этган нубувват, Китоб ва Ҳикмат билан алоҳида-алоҳида, тафриқада, нафсу хоҳишларига қул бўлган ҳолда жоҳилий турмуш тарзи билан ҳаёт кечираётган араб қабилаларини ягона Ислом умматига бирлаштира олдилар. Араб уммати тафриқа ва бебошликдан сўнг ягона умматга бирлашди. Ва ана шу уммат-миллат келажакда келадиган бошқа дунё халқларига ўрнак-ибрат бўлиб қолди. Бу ҳақда оламлар Роббиси ўзи ҳам шундай шоҳидлик берган: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» .
Буларнинг бари бир асрнинг атиги тўртдан бирида амалга ошди. Ислом маданияти, ҳазораси шарқу ғарбга тарқалди. Тавҳид асосига, иймон қоидаларига ҳамда барча махлуқотларга Аллоҳнинг раҳмати ўлароқ, оламшумул давлат барпо қилинди. Ислом маданияти – илм, иймон, раҳмат ва дўстлик маданияти бўлиб қолди. Густав Лубун деган тарихчи шундай деб айтганди: «Тарих –мусулмон араблардан кўра раҳмлироқ фотиҳни кўрмаган». Шунинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюк намуна эгаси    эканликларига  далолат қилади.

Ғофурова Нигора

Мулоҳаза билдиринг