АБУ СУФЁН ИБН ҲОРИСНИНГ КЕЧИРИЛИШИ

8 йил аввал 2659 siyrat.uz

Абу Суфён ибн Ҳорис Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччаси ва эмикдош биродари эди. Уни ҳам Ҳалимаи Саъдия разияллоҳу анҳо эмизган эди. Ёшлигидан Расулуллоҳнинг  ўртоғи бўлган. Аммо Пайғамбар бўлганларидан сўнг у Зотга ҳеч кимга қилмаган душманликларни қилди. Расулуллоҳни ва саҳобаларини қаттиқ масхара қилар эди. Шу зайлда 20 йил давомида Расулуллоҳга душманлик қилиб мусулмонларни ҳажв қилди. Қурайш қабиласи Расулуллоҳга қарши жанг қилиши учун чиққан уришларнинг бирортасидан ҳам қолмади. Кейин эса Аллоҳ таоло унинг кўнглини Исломга мойил қилди. Ҳолбуки, унинг қонини тўкишлик ҳалол қилинган эди. Абвода Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга рўпара келди. Абу Суфён айтади: «Менга кўзлари тушиши билан мендан юзини ўгириб олдилар. Бу ҳолат бир неча бор такрорланди. Расулуллоҳ мендан юз ўгирганини кўришиб мусулмонларнинг ҳаммалари юз ўгирдилар.Ансорлардан бирор кишини ўртага солиши умидида Умарга қарадим. У  эса «Эй Аллоҳнинг душмани! Сен эмасми Расулуллоҳга ва асҳобларига озор берган?! Душманлигинг машриқу мағрибни тўлдирди-ку!» деди. Сўнгра Аббоснинг олдига кириб: «Эй амаки, мен Исломга киришим билан ўз яқинлигим ва ашрафим туфайли Расулуллоҳни хурсанд қиламан, деб умид қилган эдим, аммо ўзингиз кўриб тургандек бўлди. Энди ўзингиз гаплашиб мендан рози бўлишга кўндириб беринг», дедим. «Йўқ! Аллоҳга қасамки, шу ҳолатни кўриб туриб у Зот билан сен тўғрингда асло гаплашмагайман!» Алий билан гаплашсам у ҳам ўша гапдан бошқа сўз айтмади. Бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшигининг олдига ўтириб олдим. Аммо на Расулуллоҳ, на мусулмонлардан бирор киши менга бир оғиз ҳам гапирмадилар. Қаёққа борсалар ҳам, ўғлим Жаъфарни олиб эшигининг олдида ўтиравердим. Бироқ мендан фақатгина юз ўгирар эдилар. Бирга юравердим. Макка фатҳи кунларида ҳам бирга бўлдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абтаҳга тушганларида ёнларига яқин бордим. Бу сафар аввалгидан кўра  мулойим назар ташладиларки, ҳатто табассум қилсалар, деб умид қилдим. У Зотнинг ҳузурларига бани Абдулмутталибнинг аёллари байъат қилиш учун келганларида менинг хотиним ҳам бирга келди. Унинг Исломга кириши менга нисбатан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари яна ҳам юмшашига сабаб бўлди. Ҳунайн ғазоти куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хачирларини тўхтатиб қиличларини яланғочладилар. Мен ҳам қўлимда қилич билан отимдан сакраб тушдим. Аббос хачирнинг жуганининг бир тарафини, мен иккинчи тарафидан тутдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ким?» деб сўрадилар. Аббос: «Бу – сенинг биродаринг, амакингнинг ўғли Абу суфён ибн Ҳорис. Эй Аллоҳнинг Расули! Энди ундан рози бўлиб қўйгин»,  деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хўп, майли. Менга душманлик  учун қилган ҳар бир адоватини Аллоҳ кечирсин!» дедилар. Жангда қатнашдим. Мен энди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам томон ёғилаётган душман найзаларидан асло ҳайиқмас эдим. Қачонки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни мўлжалга олганларида менга: «Олдинга ўт!» дедилар. Шундай ҳамла қилдимки, душманлар ўз ўринларидан чекинишга мажбур бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ортимдан изма-из келдилар. Уларнинг ҳар бирини бир фарсаҳдан узоқликка улоқтириб юбордим, натижада ҳар тарафга тум-тарақай бўлиб кетишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ховуч тупроқ олиб мушрикларга томонга: «Шоҳатил вужуҳ»( Юзларинг дабдала бўлсин!) деб сочиб юбордилар. Сўнгра: «Каъбанинг Раббисига қасамки, хор бўлгайсизлар!»дедилар».  



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ