ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ КЎКСИЛАРИ 4 МАРТА ЁРИЛГАН

3 йил аввал 4336 siyrat.uz

Сийрат китобларида шаққус содр, яъни кўкрак ёрилиши ҳодисаси номи ила машҳур бўлган бу воқеа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида жами икки  маротаба содир бўлгани саҳиҳ ривоятларда келади. Лекин Муҳаммад ибн Алавий эса ўзларининг «Ал-инсон ал-комил» китобларида кўкрак ёрилиши тўрт маротаба бўлганини қуйида шундай зикр қилиб, буни сийратнавис олимлар санадлари билан ўз китобларида келтирганлар. Қуйида шу воқеага тегишли маълумотларни келтириб ўтамиз: Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўксилари 4 марта ёрилган: 1. Пайғамбар алайҳиссалом ёшлик чоғларида, Ҳалима онамизнинг ҳузурларида бўлганларида содир бўлади. 2. Пайғамбар алайҳиссалом ўн ёшлик чоғларида содир бўлади. Бундаги ҳикмат шуки, ўн ёш таклиф ёши – балоғат ёшига яқин эди. Шу эътибордан у Зот одатда кишилар содир етадиган қабиҳ, гуноҳ ишлардан йироқ бўлишлари учун қалблари ёрилиб мусаффо қилинган. 3. Пайғамбар бўлиш даври – Жаброил алайҳиссалом ул Зотга ваҳий олиб келганларида. Бу сафар кўкс ёрилишидаги ҳикмат муҳаққиқ олимлар таъкидлаганларидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни янада иззат-икром қилиш, қўллаб-қувватлаш ва энг асосийси у Зотни нозил бўлажак ваҳийни энг мусаффо ҳолатда, бақувват, мустаҳкам қалб ила қабул қилишларига тайёрлашдир. 4. Исро кечаси содир бўлган. Бу ҳақда икки саҳиҳ китобда зикр қилинган. Бундаги ҳикмат ҳам пешво уламолар таъкидлашларича, ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ортиқ даражада ҳурмат қилиш, эъзозлаш, қўллаб-қувватлаш ва асосан, Пайғамбар алайҳиссаломни Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш, суҳбатлашиш ҳамда Жамол ва Жалол Зотнинг нурлари, асрорлари, тажаллийсини кўришга шай туришлари учун тайёрлашдир. Ҳофиз Қастолоний айтади: «Сўнг яна шуни билишимиз лозимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксиларининг ёрилиши, қалбларининг чиқарилиши ва ундан бошқа шу каби содир бўлган барча ғайри табиий ишларнинг ҳақиқатини турлича таъвил қилмасдан, шундайлигича иймон келтиришимиз вожиб бўлади. Чунки бундай ишларни қилиш барча нарсага қодир бўлган улуғ Зот Аллоҳ таолога нисбатан муҳол эмасдир. Яна Қастолоний Суютий раҳматуллоҳи алайҳининг гапларини келтирадилар, у киши айтади: «Ҳозирги замонимизда айрим нодон кишиларнинг шаққус содр (кўкси ёрилиш) воқеасини инкор қилишлари ва бу нарсани маънавий ишга буриб юборишлари, унинг устига бу воқеани айтадиганларни ҳақиқатларни бузиб гапиришга мажбурлашлари очиқ-ойдин илмсизлик, нодонликдандир. Албатта, уларнинг бундай иш тутишлари Аллоҳ таоло уларга тавфиқ бермай, ёрдамсиз қолдиргани ва уларнинг фалсафа илмига чуқур шўнғиганлари, қолаверса, сийрат-суннат илмининг нозик қирраларидан узоқ бўлганлари натижасида келиб чиққан қўпол хатодир». Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сергак, хушёр қалб ато қилган. Шу сабабли Пайғамбар алайҳиссаломнинг диққат-эътиборлари доимо Аллоҳ таолога юзланган. Ўзларини ҳам, қалбларини ҳам ғафлат уйқуси босмаган. Шунинг учун ҳам уйқуда кўрган тушлари ваҳий турларидан бири саналарди. Шунингдек, саҳиҳ ҳадисларда зикр қилинганидек, У кишининг уйқулари таҳоратларини бузмасди. Саҳиҳи Бухорий ва бошқа китобларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунни бедор ўтказишлари ҳақидаги ҳадиси шарифда Оиша онамиздан ривоят қилинади: «Бир куни мен: «Ё Расулуллоҳ, витр намозини ўқишингиздан олдин ухлайсизми? деб сўрадим». Расулуллоҳ: «Эй Оиша, икки кўзим ухлайди. Қалбим уйғоқ туради», дедилар». Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у киши: «Пайғамбар алайҳиссалом ухлаётган ҳолатларида фаришталар келарди», дедилар. Имом Термизийнинг Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларнинг олдимизга келдилар-да: «Мен тушимда худди Жаброил алайҳиссалом бошим олдида, Микоил алайҳиссалом эса, оёғим олдида турганларини кўрдим. Уларнинг бири: — У ухлаяпти, – деди. Бошқаси эса: — Кўзи ухлаяпти, қалби уйғоқ, – деди. Кейин улар: — Бу соҳибингизни мисол қилса бўлади, – деб айтишди. Шунда бирлари: — Қани, унинг мисолини қилингларчи, – деди. Улар: — Унинг мисоли, худди ҳовли қуриб, унда зиёфат қилгандан кейин (бу зиёфатга) даъватчини юборган кишига ўхшайди. Бас, ким даъватчининг таклифига ижобат қилса, ҳовлига кириб, зиёфатдан ейди. Ким даъватчига ижобат қилмаса, ҳовлига кира олмайди, зиёфатдан ҳам қуруқ қолади, – деб мисол келтиришди. Шунда улар: —Энди бу мисолни Муҳаммад тушунмоғи учун изоҳланглар, – деб айтишди. Уларнинг бирлари яна: —У ухлаяпти, деди. Бошқаси эса: — Кўзи ухлаяпти, қалби уйғоқдир, – деб жавоб берди. Кейин улар (келтирган мисолларини) қуйидагича изоҳладилар: «Мазкур ҳовли жаннат, даъватчи эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Бас, ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилса, дарҳақиқат, Аллоҳ таолога итоат қилибди. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга осийлик қилса, дарҳақиқат, Аллоҳ таолога осийлик қилибди». Сунани Доримийда қуйидаги ҳадис келтирилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Кўзинг ухласин. Қулоғинг эшитсин. Қалбинг эса англасин», дейилди. Расулуллоҳ айтадилар: «Икки кўзим ухлади. Икки қулоғим эшитди. Ва қалбим англади». Кейин менга: «Саййид ҳовли қуриб, унда зиёфат уюштирди. Ва (зиёфатга) даъватчини юборди. Бас, ким даъватчига ижобат қилса, ҳовлига кириб зиёфатдан ейди ва ундан Саййид рози бўлади. Бас, ким даъватчига ижобат қилмаса, ҳовлига кирмайди, зиёфатдан ҳам қуруқ қолади ҳамда унга Саййиднинг ғазаби келади», деб айтилди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ таоло саййиддир. Муҳаммад даъватчидир. Ҳовли Исломдир. Зиёфат эса жаннатдир», деб изоҳлаб бердилар».

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ўғли таржимаси.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ