АГАР ЯХШИ КЎРСАНГИЗ, УЛ ЗОТДЕК БЎЛИНГ!

7 йил аввал 3570 siyrat.uz

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсани асло айбламаганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таомни асло айбламаганлар. Иштаҳалари тортса, ер эдилар. Бўлмаса, тарк қилардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлиққан одамга биринчи салом берар эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам камбағаллар билар ҳаммажлис бўлар эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мажлис интиҳосигача ўтирар эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийи эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шижоатли инсон эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам чимилдиқдаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса сўралганда йўқ демаганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилга ҳалим, азиятга бардошли эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни ўнг тарафдан бошлаб қилар эдилар. Таҳоратда аъзоларни ювиш, оёқ кийим кийиш, соч тараш каби ишларда ўнг тарафни суяр эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суҳбатдошининг юзига табассум билан боқар, унинг қўлидан тутар эдилар. Суҳбатдошлари биринчи бўлиб қўлини тортиб олмагунча, қўлларини ундан тортиб олмас эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлашмоқчи бўлган инсонга илиқлик ила муомала қилар эдилар, ҳаттоки у Зот билан суҳбатлашган одам: «Мен ул Зотга одамларнинг энг суюклиси бўлсам керак», деб ўйларди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор киши сўзи билан хурсанд қилишни ҳохласа унга қулоқ тутиб, тинглар эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биров у кишини ҳаддан ошиқ мақташидан қайтарганларидек, бирор киши ул Зот учун ўрнидан туришини ҳам ёқтирмас эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нарсани ёқтирмасалар, юзлардан билинар эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам (бировни) қўллари билан ҳеч қачон урмаганлар. Аллоҳ йўлида бўлгани бундан мустасно. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни бировга ёрдам беришдан кибр каби иллатлар тўсиб қўймасди. Чунки у Зотда кибр йўқ эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан этакларини тортган эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғон гапга ғазаб қилар эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам оз бўлса-да давомли амални суяр эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга имом бўлганда намозни енгил, ўзлари алоҳида ўқиганда эса узун ўқирдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламоқчи бўлсалар, ўнг қўлларини ўнг ёноқлари остига қўяр эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жунуб ҳолда уйқуга кетмоқчи бўлсалар, мустаҳаб қилиб, таҳорат қилиб олардилар. (Юқоридаги ҳолат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари эмас. Бу ишни умматга енгиллик қилиб, жунуб бўлган одам дарҳол ғусл қилиши вожиб эмаслиги, баъзида шароит бўлмагани боис бироз вақт ўтиб покланиши жоизлигини баён қилганлар. Шароит бўлиб, имкон топилди дегунча покланиб олиш нур устига нурдир) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсандчилик келганда шукур саждасини қилар эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қавмдан хавф қилсалар: «Аллоҳумма иннаа нажъалука фий нуҳуриҳим ва наъузу бика мин шуруриҳим», дер эдилар. Дуонинг таржимаси: «Эй Аллоҳим! Душман қаршисида Ўзинг (мадад) бўлишингни ва уларни ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман». Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари суйган нарсани кўрсалар: «Алҳамду лиллаҳил лазий би ниъматиҳи татиммус солиҳаат», кариҳ нарсани кўрсалар: «Алҳамду лиллаҳи ала кулли ҳаал», дер эдилар. Дуоларнинг таржимаси: «Аллоҳга ҳамд бўлсинки, неъматлари ила солиҳ амаллар батамом бўлур», «Ҳар бир ҳолатда Аллоҳга ҳамд бўлсин». Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилган вақтларида ўзларидан бошлар эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фажр – бамдод намозини ўқиб бўлгач, ўнг тамонлари билан (бироз) ёнбошлаб олардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маййит дафнидан фориғ бўлиб, турган ҳолларида: «Биродарингизга Аллоҳдан истиғфор ва сабот сўранглар. Чунки у ҳозир сўралмоқда»,  дер эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвоклари бош тамонида (турган ҳолда) ухлар эдилар. Уйғонсалар, ишни мисвок қилишдан бошлардилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам овқат еганда уч бармоқлари билан ер, қўлларини артишдан олдин уни ялаб қўярдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳни ҳар доим зикр қилар эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам зуҳо намозини тўрт ракъат ўқир эдилар. Уни Аллоҳ хоҳлаганча зиёда қилар эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба ва пайшанба рўзасига мустаҳкам эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўйра устида ухлар, озига рози бўлар эдилар. Ёстиқларига хурмо барги тўлдирилган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳусни хулқли бўлишларига қарамай, яна дуоларида: Аллоҳдан ахлоқини гўзал қилишини, ёмон хулқлардан паноҳ беришини сўрардилар. Ул Зотга Аллоҳнинг салом ва саловоти бўлсин! «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди». (Аҳзоб сураси, 21 - оят) Демак, ҳақиқий мўъмин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашади. Суннатлари ва йўлларига амал қилади. Эй мусулмон дўстим! Сенга савол бериб айтаманки, Набийингни яхши кўрасанми?! Ул Зотга ёрдам беришни хоҳлайсанми?! Бўлмаса нима учун ул Зотнинг йўли, суннатига амал қилмайсан?! Итоат этмайсан! Осий бўласан! Эй Аллоҳим. Ўзинг ва Расулинг муҳаббатини ўзимиздан, фарзандларимиздан ва чанқагандаги (ичиладиган) муздек сувдан ҳам суюкли қилгин! Мутаржим: Равшан Бахтиёр



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ