БИЗ-ЧИ? БИЗ ҚАНДАЙ УММАТМИЗ?

7 йил аввал 2652 siyrat.uz

Ҳаммамизга маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун умрларини умматнинг нажоти ва саодати йўлида сарфладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун берилган катта имкониятларни ҳам умматларига сақлаб қўйдилар. Бу ҳақда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эдилар: «Барча пайғамбарларнинг мустажоб бўладиган дуоси бор эди. Улар шу дунёда бу имкониятдан фойдаланишди. Мен эса бу имкониятни умматим учун қиёматга олиб қўйганман». Дунёдан кўз юмаётганда ҳам умматлари ҳақида қайғуриб, уларга нажотга эриштирадиган амалларни баён қилдилар ва бу ишларни тарк қилмасликларини сўрадилар. Энди қандай қилиб шундай Зотни яхши кўрмаслик мумкин?! Қуйида саҳобаларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қай даражада яхши кўрганларини ёритиб берувчи баъзи лавҳаларни сизларга ҳавола қиламиз: Бир куни Пайғамбаримизнинг ( cоллаллоҳу алайҳи васаллам) озод қилган қуллари Савбон розияллоҳу анҳу юзлари қизариб, титраб кириб келдилар. Унинг бу ҳолатини кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Савбон, сенга нима бўлди, бетобмисан?» деб сўрадилар. Шунда Савбон розияллоҳу анҳу жавоб бердилар : «Бетоб эмасман, аммо озгина вақт Сизни кўрмай қолсам, даҳшатга тушаман. Ҳозиргина охиратни эсладим. Шубҳасиз, Сиз Жаннатда пайғамбарлар билан бирга бўласиз. Мен эса гарчи Аллоҳ раҳматига ноил бўлиб Жаннатга кирсам ҳам, Сиз билан бўлолмайман. Ахир Сизнинг мақомингиз юксак. Агар Жаннатга киролмасам, Сизни ҳеч қачон кўра олмайман. Шуни ўйлаб, титраб кетаяпман», дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом боқий дунёга риҳлат этган кунларнинг бирида бир аёл келиб, Оиша онамиздан Пайғамбаримизнинг ( соллаллоҳу алайҳи васаллам)  қабрларини кўрсатишларини илтимос қилибди. Оиша онамиз муборак қабрни кўрсатганларида, у аёл қабр ёнига борибди-да, изтиробнинг зўридан жон таслим қилибди. Машҳур Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин азон айтолмай қолибдилар. Ҳар сафар «Ашҳаду анна Муҳаммадур Расулуллоҳ» дейишлари билан ҳушдан кетаверар эканлар. Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат мана шундай самимий ва рост бўлади! Биз-чи, биз қандай умматмиз?! Наманган вилоят, Косонсой туман, «Хазрати Умари Одил» жомеъ масжиди имом ноиби Авазбек Юсупов.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ