ЮСУФ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИНИ ЎҚИБ ОЛГАН ФОЙДАЛАРИМ

3 йил аввал 3182 siyrat.uz

1. Тушнинг учга бўлиниши: раҳмоний, шайтоний ва оддий туш.

Юсуф сурасида баён қилинган қиссада Юсуф алайҳиссалом ва Миср подшоси раҳмоний туш кўришди. Одатда шайтоний тушда инсон ёмон ва гуноҳ ишларни содир этади. Буд ва руҳларга сиғинадиган, фолбин ва сеҳр билан шуғулланадиган инсонлар доим шайтоний тушлар кўради. Оддий туш эса бир нарсани кўп ўйлаб ўша нарсани тушида кўриш ҳисобланади.

2. Яхшиликни амалга ошишини тўсиб қўювчи инсонлардан ўша яхшиликни яшириш жоизлиги

Чунки Яъқуб алайҳиссалом Юсуф алайҳиссаломга кўрган тушларини акаларига айтмасликни тайин қилдилар. {قَالَ يَا بُنَيَّ لَا تَقْصُصْ رُؤْيَاكَ عَلَى إِخْوَتِكَ فَيَكِيدُوا لَكَ كَيْدًا إِنَّ الشَّيْطَانَ لِلْإِنْسَانِ عَدُوٌّ مُبِينٌ} «Отаси) айтди: «Эй ўғилчам! Тушингни акаларингга сўзлаб юрмагин! Акс ҳолда сенга қаттиқ макр қилишади. Зеро шайтон инсонга аниқ душмандир». (Юсуф 5)

3. Аллоҳ азиз қиламан деган инсонни бутун дунё йиғилиб хор қилишга уринса ҳам, Аллоҳ уни азиз қилиб қўяди

Юсуф алайҳиссаломдан қутилиш учун қудуққа ташлашди. Йўловчилар қудуқдан топиб олгач, қул бозорга олиб чиқб сотишди. Лекин Аллоҳ азиз қиламан деган кишини ҳеч ким хор қила олмайди. Аллоҳ Юсуф алайҳиссаломга Миср подшоҳини муҳтож қилиб қўйди ва подшоҳ у кишини Миср азизи, яъни вазир  этиб тайинлади. {وَقَالَ الْمَلِكُ ائْتُونِي بِهِ أَسْتَخْلِصْهُ لِنَفْسِي فَلَمَّا كَلَّمَهُ قَالَ إِنَّكَ الْيَوْمَ لَدَيْنَا مَكِينٌ أَمِينٌ} Шоҳ: «Уни ҳузуримга келтирингиз, уни ўзимга хос кишилардан қилиб олай!» – деди. У билан сўзлашгач (шоҳ): «Сен бугун(дан бошлаб) бизнинг ҳузуримизда мартабали ва ишончли (шахс)дирсан», – деди. (Юсуф 54)

4. Фарзандлар орасида нафақат савға беришда, балки меҳр кўрсатишда ҳам одиллик қилиш. Акс ҳолда бу нарса фарзандлар ўртасида адоватни пайдо қилади.

Бу ҳолатни Юсуф алайҳиссалом ва акалари орасида бўлган муносабатдан билиб олиш мумкин. {فَلَمَّا ذَهَبُوا بِهِ وَأَجْمَعُوا أَنْ يَجْعَلُوهُ فِي غَيَابَةِ الْجُبِّ} «Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар)». (Юсуф 15).

5. Гуноҳ қилиб олай, кейин тавба қиламан деб, маъсият ва гуноҳ ишларга қўл уришнинг ёмонлиги.

Чунки«Юсуф (алайҳиссалом) ни ўлдириб ундан қутиламиз ва кейин тавба қилиб отамизга суюкли бўламиз», деган Юсуф алайҳиссаломнинг акаларининг оқибати ёмонлик билан тугади. {اقْتُلُوا يُوسُفَ أَوِ اطْرَحُوهُ أَرْضًا يَخْلُ لَكُمْ وَجْهُ أَبِيكُمْ وَتَكُونُوا مِنْ بَعْدِهِ قَوْمًا صَالِحِينَ} «(Кимдир деди): «Юсуфни ўлдирингиз ёки уни бирор ерга чиқариб ташлангиз, шунда отангизнинг ўзи сизларга қолар (фақат сизларга меҳр қўяр). Ундан кейин (тавба қилиб) солиҳ (киши)лар қавми бўлурсиз». (Юсуф 9)

6. Агар бир ишга муносиб одам чиқмаса, ўша ишга ўзини ҳақиқий муносиблигини билса, раҳбарга мени ўша ишга масъул қилиб қўйинг, дейишнинг жоизлиги. Лекин бунинг асосий шарти мансабга бўлган интилиш эмас, масъулият ҳисси бўлиши керак.

Чунки Юсуф алайҳиссалом Миср ҳокимига: «اجْعَلْنِي عَلَى خَزَائِنِ الْأَرْضِ», яъни «Мени шу ернинг хазинабони қилиб қўй», деб таклиф билдирдилар. Бу таклиф мансабга бўлган интилишдан эмас, омонатдорлик ҳиссидан эди. Агар мансабга бўлган интилишдан бўлса, ҳаром бўлади.

7. Бировни ишга олаётганда иккита нарсага эътибор бериш лозим. 1: Омонатдорлик. 2: Мутахассислик.

Чунки Юсууф алайҳиссалом юқоридаги таклифни айтганда бунинг сабабини баён қилиб: «إِنِّي حَفِيظٌ عَلِيمٌ», яъни «Зеро мен омонатдор ва (ўз ишини пухта) билувчидирман», дедилар.

8. Хушхабар билан келган кишига суюнчи сифатида бир нарсани беришнинг жоизлиги. Чунки Каъб ибн Молик табваси қабул бўлганлиги ҳақидаги хушхабарни олиб келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тўнларини ечиб берган эканлар.

9. Агар Аллоҳнинг ёрдами ва фазли бўлмаса, пайғамбарлар ҳам хато қилиши мумкин эди. Лекин Аллоҳ барча пағамбарларини исматига олган. Худди шунингдек, у олим бўладими, авлиё бўладими, Аллоҳнинг фазли ва ёрдами бўлмаса,тоат ва савоб амалларда бардавом бўла олмайди.

Бу ҳолатни Миср ҳокимининг аёли Юсуф алайҳиссаломни зино қилишга таклиф қилганда кўриш мумкин. У киши Аллоҳнинг марҳамати ила ўша заҳоти эшикка қараб қочдилар. {وَلَقَدْ هَمَّتْ بِهِ وَهَمَّ بِهَا لَوْلَا أَنْ رَأَى بُرْهَانَ رَبِّهِ كَذَلِكَ لِنَصْرِفَ عَنْهُ السُّوءَ وَالْفَحْشَاءَ إِنَّهُ مِنْ عِبَادِنَا الْمُخْلَصِينَ} «Батаҳқиқ, хотин унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон(далил)ини кўрмаганида, у(хотин)га интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳшни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у танланган бандаларимиздандир». (Юсуф 24)

10. Туҳматга қолган одам бегуноҳлигини исбот қилиш учун уриниши  жоизлиги.

Чунки Юсуф алайҳиссалом менинг бегуноҳлигимни Аллоҳ билади, деб ўтирмадилар. Аксинча, подшоҳ тушини ечимини ҳал қилганлари учун олдиларига қамоқдан озод бўлганларини билдириш учун келган одамга «То мен ҳақимда тўхмат қилган аёлларнинг ишини халққа етказмагунингча, бу ердан чиқмайман», деб бегуноҳ эканликларини халққа исбот қилишга уриндилар

11. Нафсга берилиб шаҳват домига тушишнинг оқибати ёмонлик ва хорлик билан тугаши.

Буни эри бўла туриб Юсуф алайҳиссаломга ошиқ бўлган аёл ва Юсуф алайҳиссаломни ўлдиришга уринган ака-укулари мисолида билиб олишимиз мумкин.

Одилхон қори Юнусхон ўғли.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ