Рамазон – Қуръон ойидир

725

Шариъат ва олимлар истилоҳида Рамазон ойи бир қанча номлар билан номланади. Мисол тариқасида: “раҳмат ойи”, “тақво ойи”, “барака ойи”, меҳр-муҳаббат ойи”, “садақа ой”, “савобларни қўлга киритиш ойи”, “мағфират ойи” ва албатта “Қуръон ойи” деган номларни келтиришимиз мумкин. Бу ойда барча мусулмонларнинг эътибори бошқа ойларга қараганда Аллоҳнинг каломи Қуръонга кўпроқ қаратилади. Шундай экан, “Тарихда ўчмас из қолдирган олимлар Рамазон ойида қандай амал қилган эканлар?”, “Қуръонга қандай муносабатда бўлган эканлар?” деган савол туғилиши табиий. Мана шу саволларга жавоб ўлароқ баъзи манбалар асосида уларнинг шижоатлари, белни қаттиқ боғлашлари, доим савоб амалнинг ортида туришларини ҳикоя қилиб бермоқчимиз. Мақсадимиз — биз ҳам улар эришган мартабаларга эришсак, улар қўлга киритган савобларга етишсак! Аллоҳ таолонинг Ўзи барчамизга Рамазон ойида Ўзи рози бўладиган амалларни қилишни насиб этсин!

Имом Заҳабий ўзларининг “Сияру аъламун-Нубала” китобларида Ҳасан ибн Солиҳ Вақо ибн Иёсдан ривоят қилади:

“Саид ибн Жубайр Рамазон ойида Шом ва Хуфтон намозининг орасида Қуръонни хатм қилар эди. Улар Хуфтонни кечиктириб ўқишар эди” деди.

Абдураҳмон ибн Жавзий ўзининг “ал-Мунтазам фи тарихул мулук вал умам” китобида шундай хабарни келтиради:

Абдурамон ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади: Бизга Аҳмад ибн Али ибн Собит хабар берди, унга Абу Нуайим хабар берди, у Абул Хусайн ибн Ҳубайшдан эшитган экан, у Абул Аббас Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Саҳл ибн Атони эслаб: “У ҳар куни бир маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса, бир кунда уч маротаба хатм қилар эди. У бу амалда ўн нечадир йил бардавом бўлди. Зулҳижжа ойида сўнги хатмини тугатмасдан туриб вафот этиб қолди” деди.

Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-нубала” китобларида Муртазо ибн Афифни таржимаи холида:

“У фақир ва ўта сабирли инсон эди. Бир ойда ўттиз маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса олтмиш маротаба хатм қилар эди” деганлар.

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ан-Насавий: мен Абу Бакр ибн Ҳадоднинг шундай деган гапини эшитдим деди:

“Мен имом Шофеъийдан устози Робиъ Рамазон ойида Қуръонни намозда ўқиганларидан ташқари 60 маротаба хатм қилар эди деган гапини ўзимга олдим. Мени энг қодир бўлганим 59 та хатм бўлди, Рамазондан бошқа вақтларда эса, 30 маротаба хатм қилар эдим”.

“Сияру аъламун-Нубала” китобида шундай хабар келади: Салом ибн Абу Мутиъ: “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса, уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, хар куни бир маротаба хатм қилар эди” деди.

Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-Нубала” китобларида Имом ибн Асокирнинг таржимаи ҳолида шундай дейди: “У ҳар жума куни Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон келганда эса, ҳар куни хатм қилар, Рамазон ойида нафл намозларни кўп ўқир, кечаларни ярмигача ибодат қилиб ўтказар эди”.

“Сияру аъламун-Нубала” китобида шундай хабар келади: Робиъ ибн Сулаймондан ривоят қилинади: “Имом Шофеий Рамазон ойида 60 маротаба хатм қилар эди”. Абу Хатмдан қилинган ривоятда эса, “Уларни ҳаммасини намозда қилар эди” деган жумла қўшиб ривоят қилинган.

“Тарихи Боғдод” китобида  келишича Халифа Маъмун Рамазонда ўттиз уч маротаба Қуръонни хатм қилган экан.

Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича  Ибн Сирин Рамазонда тунлари ҳеч ухламас экан.

Тариху Бағдодда келишича Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий) ҳар куни кундузда бир маротаба хатм қилар эди. Таровиҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эди.

Насж ибн Саиддн ривоят қилинади: “Рамазоннинг биринчи кечаси бўлса, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг дўстлари жамланар эди. Имом Бухорий уларга намоз ўқиб берар, Қуръонни хатм қилгунча ҳар ракатда йигирма оятдан ўқир эди. Саҳарда эса, Қуръонни ярми ёки учдан бирини ўқир эди. Ҳар уч кечани саҳарида бир хатм тугар эди. Кундузлари бўлса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди. У зот кундузги хатмларини ифтор вақтида тугатар ва “Ҳар бир хатм тугашида битта ижобат бўлгувчи дуо бор” дер эди.

Ибн Ҳиббоннинг “ас-Сиқот”китобларида қуйдагича келади:

Асвод ибн Язид рамазонда Қуръонни икки кунда бир хатм қилар, Рамазондан бошқа ойларда эса, олти кунда бир хатм қилар эди.

“Ас-Сиқоот” номли китобда: “Али ибн Абдуллоҳ ал-Аздий Рамазонда Қуръонни ҳар кечқурун хатм қилар эди” деган хабар келган.

Имом Заҳабийнинг “Тазкиротул-Ҳуффоз” китобларида келишича Абул Ашҳаб: “Абу Ражо ал-Аторадий ҳар ўн кунда бир хатм қилиб берар эди” деган.

“Тазкиротул Ҳуффоз” китобда келишича Муҳаммад ибн Зуҳайр: “Отам имом, ҳофиз, Зуҳайр ибн Муҳаммад Абу Муҳаммад ал-Марвазий Рамазонда тўқсон маротаба хатм қилар эди” деган.

Азизлар Рамазон ойини ғанимат билиб ва улуғларимиздан Рамазон ойини қандай ўтказганлари ва ушбу ойда Қуръонга бўлган эътиборлари ва эҳтимомлари нақадар юксак бўлгани ҳақида иброат олишимиз ва бизлар ҳам Муборак Рамазон ойини Қуръон ойи эканини ҳис қилган ҳолда Қуръон ўқишга қаттиқ бел боғламоғимиз керак бўлади.

  Тошкент вилояти Қибрай тумани “Саъдулло ота” жоме

масжиди имом-хатиби Мирҳамидов Обид

Мулоҳаза билдиринг

*