ҚАДР КЕЧАСИНИНГ БЕЛГИ ВА АЛОМАТЛАРИ

7 йил аввал 12812 siyrat.uz

Қадр кечасининг аломатлари тўғрисида келган ҳадисларни ўрганиб чиқиб, ушбу улуғ куннинг еттита улкан аломатларини уламоларимиз санаб ўтганлар. Қуйида шуларни келтириб ўтами:

1. Қадр кечасида сокинлик ҳукм суради. Атроф мусаффо, ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади.

2. Осмонда юлдузлар учмайди, бошқа жисмлар қалтис ҳаракат қилмайди. Касалликлар пайдо бўлмайди.

3. Ҳаво мўътадил бўлади, жуда иссиқ ҳам, жуда совуқ ҳам бўлмайди.

4. Эрталаб қуёш қизариб, тоғорага ўхшаш, ёғдуси жуда заиф бўлиб уфқдан бош кўтаради. Сабаби ўша тун ва кунда кўп фаришталар ерга тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини ҳам тўсиб қўяди.

5. Қадр кечасида ёмғир, қор ёғмайди, ёғса ҳам, ўта майин ва ёқимли бўлади. Шўр сувлар чучук бўлади.

6. Дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туради.

7. Ўша куни шайтонлар чиқишига йўл қўйилмайди.

Мазкур аломатларга қуйидаги саҳиҳ ҳадислар далил бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қадр кечасини тавсифлаб, бундай дедилар: «Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган, (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади»(Имом Абу Довуд ва Баззор ривояти).Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар:«Албатта, Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёп-ёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг аломатларидан бири қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга ўхшаб, нурсиз чарақламасдан чиқади. Ўша куни шайтонлар чиқишига ҳам йўл қўйилмайди»(Имом Аҳмад ривояти).Ибн Абу Осим Набил Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У Рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечалардан биридадир. У кеча очиқ ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, гўё ой борга ўхшайди. У кеча тонг отгунигача шайтонлар чиқмайди», дедилар». Қадр кечасининг Рамазон ойига яширилишининг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёматни яшириш ҳикмати кабидир. Шунинг учун Қадр кечаси мўминлар тоат этишга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги лозим. Абул Олия (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир аъробий кимса Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига келиб, «Лайлатул қадр қачон бўлади?» деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга бундай дедилар: «Лайлатул қадрни Рамазоннинг илк ва энг сўнгги ҳамда тоқ кечаларидан изланглар!»(Имом Абу Довуд).Парвардигори олам ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдиради. Қадр кечасини аниқ билиб, тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир.Имом Табарий ва Имом Байҳақий ривоятларида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар ҳам зикр этилади.Барчамизни Қадр кечасини топишга муваффақ айласин. Абдувоҳид ЎРОЗОВ.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ