ҚАДР СУРАСИНИНГ ТАФСИРИ

1164

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ

  1. Албатта, Биз у(Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик.

Лайлатул Қадрнинг ушбу ном билан аталишининг сабаби – бу кечанинг қадри улуғлигидан, шу кечада бандаларнинг бир йиллик тақдирлари ўлчанадиган, ҳал қилинадиган бўлганидан эканини аввал ҳам айтиб ўтдик.

Ушбу оятда зикр қилинаётган ҳодиса, яъни Қуръоннинг нозил қилиниши унинг Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига нозил қилилишидир. Бу маъно Ибн Аббосдан ривоят қилинган. Ана ўша ҳодиса Қадр кечасида бўлганини ушбу оят очиқ-ойдин айтиб турибди. Қуръони Карим бу дунё осмонидан Пайғамбаримизга бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида нозил қилинган.

Демак, ушбу ояти кариманинг маъноси «Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Қадр кечасида нозил қилдик» бўлади. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи таъкидлаб айтмоқда.

وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ

  1. Қадр кечаси не эканини сенга нима билдирди?

Яъни «Унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз».

لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ

  1. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.

Чунки бу кечада Қуръони Карим нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзалдир.

Ушбу оят тафсирида аллома Ибн Касир, жумладан, қуйидагиларни ёзганлар: «Бир киши силоҳ олиб, Аллоҳнинг йўлида минг ой жиҳод қилгани ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб:

– Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг! – дедилар.

– Лайлатул  Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир, – деди Аллоҳ таоло».

Лайлатул Қадрнинг яна бир фазилати қуйидаги оятда баён қилинади:

تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ

  1. Унда фаришталар ва Руҳ Роббларининг изни билан барча ишлар учун тушадир.

Ушбу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар ила тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширадиган ишдир.

Лайлатул Қадрнинг учинчи фазилати қуйидаги оятда баён қилинади:

سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ

  1. У то тонг отгунича салом бўлиб турадир.

Яъни Қадр кечаси тонг отгунча салом – тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.

Уламоларимиз Қадр кечасининг қайси кеча эканини тайин қилишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Лайлатул Қадр Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасида», деган ривоятларини ихтиёр қилганлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», – деганлар. Бу кечани бедор ўтказиш ибодат билан, яъни намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

раҳматуллоҳи алайҳнинг «Тафсири Ҳилол» китобларидан.

Мулоҳаза билдиринг