РАМАЗОН РЎЗАСИНИНГ НИЯТИ

3 йил аввал 26686 siyrat.uz

Барча ибодатларда бўлгани каби рўзада ҳам ният фарз ҳисобланади. Шунинг учун ҳар бир инсон ушбу улуғ ибодатни ният қилиш орқали адо қилади. Биров тонгдан қуёш ботгунга қадар ниятсиз ейиш, ичиш ва жимоъ қилишдан сақланса, унинг бу амали рўза ибодатига кирмайди.

Ният қилиш қандай бўлади:

Ният қалб амалидир. Рўза тутишни кўнглидан ўтказиш рўза нияти бўлади. Рўза тутишни кўнглидан ўтказиш билан бирга тил билан айтиш муcтаҳабдир. Саҳарлик қилиш учун туришнинг ўзи рўза нияти ўрнига ўтади.

Худди шунингдек, ният қилишда тонгдан қуёш ботгунга қадар вақтни ният қилиш шартдир. Чунки «совм» яъни рўза сўзи луғатда бир лаҳза бўлса-да ўзини тийиш, деган маънони англатади. Шунинг учун рўзамиз шунчаки бир лаҳза тийилишдан фарқ қилиши учун тонгдан бошлаб қуёш ботгунга қадар бўлган вақтни ниятимизга қўшиб қўямиз. Рамазон ойининг ҳар бир куни рўзаси учун алоҳида ният қилиш лозим.

Ниятнинг бошланиш ва охирги вақти:

Барча амалларда ниятнинг бошланиш вақти ўша амалнинг кириши билан бошланади. Шунга кўра Рамазон рўзасининг нияти тонг отиши яъни субҳи содиқдан бошланади. Аммо тонг вақтини ухламасдан кутиб ўтириш машаққат бўлгани учун, кечқурун ният қилса ҳам бўлади. Агар кечқурун ният қилишни унутиб тонг отганда ухлаб қолган бўлса, унда зоҳватул кубро вақтигача. яъни  катта чошгоҳ вақти кирмасидан олдин ният қилиб олса бўлади. Катта чошгоҳ вақтини Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ «Ниқоя» китобининг шарҳида қуйидагича баён қилганлар:

Унинг (яъни наҳоруш шаръийнинг) вақти тонг чиққандан қуёш ботгунга қадар. Энди унинг ярми эса яъни катта чошгоҳнинг вақти эса кунинг ярмигача бўлган вақтдир. Мусанниф инсоннинг хаёлига луғавий наҳор келмаслиги учун наҳорни «наҳоруш шаръий» , деб қайд қилиб қўйдилар.

Луғавий наҳор бу қуёш чиққандан қуёш ботгунга қадар бўлган вақт.

Шаръий наҳор эса: тонг чиққандан қуёш ботгунга қадар бўлган вақтдир.

Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳидоя» китобининг шарҳида «Нисфун наҳориш шаръий» иборасини қуйидагича шарҳлаганлар:

«اعلم أنَّ النهار الشرعي من الصبح إلى المغرب، والضحوة الكبرى منتصفه، فينبغي أن تكون النية موجودة قبل الضحوة الكبرى »

«Шуни билки, шаръий наҳор бу субҳи содиқдан қуёш ботгунга қадар бўлган вақт. Зоҳватул кубро(катта чошгоҳ) эса ўша вақтнинг тенг ярмидир. Рўза дурус бўлиши учун катта чошгоҳ вақти кирмасдан олдин ният қилиб олиш лозим».

Демак, рўза ниятининг аввалги вақти субҳи содиқдан бошланса, охирги вақти: куннинг аввалги ярмигача давом этар экан. Бу, тахминан, Тошкент вақти билан соат 11:30 ларгача ният қилиб олиш лозим дегани.

Кимда ким ушбу вақтгача ухлаб қолиб, ният қилишга улгурмаган бўлса(яъни 11:30 дан кейин уйғониб қолса), у ўша куни рўзасини ўтказиб юборган бўлади. Ва қазосини тутиб беради. Лекин одоб юзасидан ўша куни қуёш ботгунга қадар еб ичиш ва жимо қилишдан ўзини тияди. (Валлоҳу Аълам)

Абу Абдуллоҳ Бухорий.

 



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ