ЎРГИМЧАК ТЎРИ МЎЪЖИЗАСИ ВА НАБАВИЙ НАСИҲАТ

7 йил аввал 5223 siyrat.uz

Аллоҳ таоло Қуръони каримни бандалари учун қиёматгача дастурул амал қилиб қўйди. Унда амал қилувчиларни икки дунё саодатига эриштирувчи насиҳатлар мавжуд. Насиҳатларнинг кўпини ҳеч қандай шарҳ ва изоҳсиз тушунасиз. Баъзиларини тушунишда эса бироз шарҳ ва изоҳга эҳтиёж сезасиз. Қуръони каримдаги насиҳатлар, асосан, икки хил: тўғридан – тўғри инсонга йўналтирилган ва зарбулмасал шаклида бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида Қуръони каримни: «Унинг ажойиботлари тугамас», деб васф қилганлар. Илм – фан тараққий топиб, кундан кунга Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларнинг бизга номаълум қирралари очилиб бормоқда. Унинг ажойиботлари тугамас, деганлари шу бўлса,  не ажаб. Ана шундай инсонни лол қолдирувчи, оламшумул ишлардан бири «Анкабут» сурасининг 41 – ояти: «Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки, билсалар эди» илмий мўжизасидир. Олдинги тафсир китобларида муфассирлар «...энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир» оятини қўрғони йўқлиги, ёмғир, шамол, иссиқ, совуқ ва бошқа офатлардан сақлай олмагани учун заиф, деб тафсир қилганлар. Лекин узлуксиз олиб борилган илмий тадқиқотлар оятнинг бошқа нозик қиррасини очиб берди. Текширувлар натижасида ўргимчак тўри инсон соч толасидан 400 баробар пишиқлиги аниқланган. Бошқача қилиб айтганда, инсоннинг бир дона соч толаси юз граммга яқин юк кўтара олади. Ҳатто баъзи ҳимоя воситалари ўргимчак тўри моддасидан ясалар экан. Ўргимчак тўри шу даражада мустаҳкам бўлса, заифлик нимада? Масаланинг ечими бошқа томонда. Олимлар ўргимчак инини қўйиб унинг яшаш шароити, оилавий ҳолатини ўрганишга киришдилар. Натижада ақлбовор қилмас мўъжизага гувоҳ бўлдилар. Ўргимчакнинг урғочиси эркагига нисбатан жуссаси каттароқ бўлар экан. Эркак ўргимчак ўз уйига, асосан, уч мақсадда кирар экан. Қорнини тўйдириш, ухлаб дам олиш ва «эр – хотинлик» учун. Мақсад ҳосил бўлганидан сўнг эркак ўргимчак зудлик билан инини тарк этар экан. Бўлмаса урғочиси уни еб қўяр экан. Ундан ташқари, ўргимчакнинг урғочиси ҳам фарзандлари оч қолганида емишга айланар экан. Ана сизга оила!!! Ана сизга заифлик!!! Ана сизга оиладаги «тартиб», эр – хотин, катталар ва фарзандлар ўртасидаги вазифалар, ҳақлар, одоблар ҳамда мажбуриятларнинг чилпарчин бўлгани!!! Аллоҳ таоло: «Кошки, билсалар эди», дея эътиборимизни қаратаётган муҳим насиҳатда: «Мусулмоннинг хонадони ҳам бузилишга яқин келиб қолган, фақат уч мақсад учун кириладиган, уйларнинг энг заифи ўргимчакнинг уйига, оиласига ўхшаб қолмасин!»  демоқчи гўё. Ҳаёт ҳар доим ҳам бирдек сокин, осойишта кечмайди. Баъзи инсонлар бахтли ҳаёт кечиришни орзу қиладилар-у, лекин унинг йўлига юрмайдилар. Беш қўл баробар эмас  деганларидек, оилавий муаммолар гирдобига ўралашиб қолиб, ундан чиқиш йўлини билмаётган кимсалар ҳам ҳаётда учраб туради. Бундай инсонларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нажот йўлини кўрсатиб берганлар. Ечим қандай? Нажот нимада? Бу савол олдин ҳам берилган экан. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу: — Эй Аллоҳнинг Расули! Нажот нимада?– деб сўради. — Тилингни тий, уйинг сени сиғдирсин ва хатоларингга йиғла– дедилар. Термизий ривояти. « ...уйинг сени сиғдирсин...». Қисқагина бу насиҳат жуда катта ибратни ўз ичига олган. Инсоннинг энг кўп вақти ўтадиган ошён – бу, унинг уйидир. Шундай экан, эр киши ўз зиммасидаги вазифаларни тўла адо этиб, оилавий муҳитни гўзал ҳолатга келтириши лозимдир. Бунинг учун унга бироз илм ҳам керак бўлади. Манбалар асосида Андижон шаҳар Ҳазрати Билол номли жоме масжиди имом – хатиби: Равшанбек Ўринбоев.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ