Лахниъа Зу Шанотирнинг Яман мулкини эгаллаши

3 йил аввал 1820 siyrat.uz

 

Сўнгра Яман мулкига Ҳимярдан бўлган, аммо подшоҳликка ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Лахниъа Зу Шанотир исмли киши подшоҳ бўлди. У қавмнинг яхшиларини ўлдириб, мамлакат аҳолисининг уйларини вайрон қилди. Шунда ҳимярликлардан бир киши Лахниъага қарата ушбу шеърни ўқиди:

  Ўз болаларини ўлдириб, оилаларини сургун қила бошлади Ҳимяр қабиласи, У ўз қўли билан ўзи учун хорликни қура бошлади. У аҳмоқлигидан дунёсини вайрон қилар эди, Динига етказган зиёни бундан-да кўпроқ эди. Илгари ўтган кимсалардан ҳам ким зулм ва исрофни танлаган бўлса, бошига ёмонлик ва балолар келиб зиёнга учраган.      

Лахниъа бунинг устига фосиқ киши бўлиб, Лут Пайғамбар алайҳиссалом қавми қилган иш, яъни баччабозлик қилар эди. У подшоҳларнинг ўғилларига одам юборар, олиб келишганда уларни баланд ҳужрасига олиб чиқарди. Бу ҳужрани атайлаб шу иш учун қурдирган эди. Сўнгра энди подшоҳ бўла олмасин, дея шаҳзоданинг номусига тегар эди. Лахниъа ишини тамомлагач, қўриқчи ва аскарлари олдига чиқар ва мисвогини оғзига солиб оларди, яъни бу билан ўз ишидан фориғ бўлганини билдирарди. Бир куни у Ҳассоннинг укаси бўлмиш Зуръа Зу Нувос ибн Туббон Асъадга одам юборди. Зуръа Ҳассон ўлдирилган пайтда гўдак эди. У чиройли, кўркам йигит бўлиб улғайди, ўзига хос ақл соҳиби бўлиб етишди. Унинг олдига Лахниъанинг элчиси келганда, гап нимада эканлигини пайқади. Шунинг учун ингичка бир темир пичоқни оёқ кийими орасига яшириб олди. Сўнг Лахниъанинг олдига келди. Лахниъа билан холи қолгач, унга ташланди. Зу Нувос Лахниъа билан олишиб, ниҳоят уни ўлдирди. Сўнгра бошини кесиб, ташқаридан кўринадиган деразага қўйиб, мисвогини оғзига солиб ташқарига чиқди. «Зу Нувос, ҳўлми, қуруқми?»  дейишди қўриқчилар. Одатда улар Лахниъанинг ҳузуридан чиқаётган ҳар бир ёш шаҳзодани шу гаплар билан мазаҳ қилишар эди. Зу Нувос: «Қўриқчилар тез орада Лахниъанинг орқаси ҳўл ё қуруқлигини билиб оладилар», деди-да, орқасига қайтиб кетди. Одамлар келиб қарасалар, Лахниъанинг боши танасидан жудо қилинган ҳолда деразада турибди. Шундан сўнг улар Зу Нувоснинг ортидан етиб олдилар ва: «Бизга сендан бошқаси подшоҳ бўлишга лойиқ эмас. Чунки сен бизни ушбу ифлос кимсадан халос этдинг», дедилар.

   



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ