ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ УЛУҒЛАГАН ЗОТЛАРГА ТОШ ОТИШ

3 йил аввал 4308 siyrat.uz

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида олимларни мақтаб, «Олим билан илмсиз ибодат қилувчининг фарқи мен ва сизларнинг орангиздаги оддий инсоннинг орасидаги фарқчалик», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса «Инсонларга яхшиликни ўргатадиган олимларга Аллоҳнинг Ўзи, фаришталари, ҳатто инидаги чумоли, ҳатто денгиздаги балиқлар саловот айтишади»,  деб уларнинг қадри нақадар улуғ эканини билдириб ўтганлар. Бугун дунёда, айниқса, мусулмонлар истиқомат қиладиган ерларда авж олаётган фитна ва фасодларнинг энг катта сабабларидан бири инсонларни жаҳолат ботқоғидан илм нури сари етакловчи, ёмонликларга қалқон бўлувчи зотлар – олимларга таъна тошини отиш бўлаётир десак, муболаға қилмаган бўламиз. Олимларга таъна тошини отган шахс, аслида, ўзининг динига тош отган, тўғри йўлдан тойилган кимса ҳисобланади. Олимлар – Аллоҳнинг дўстларидир. Нававий раҳматуллохи алайҳ ўзининг «Ат тибян» китобида Абу Ҳанифа ва Шофеъий  раҳматуллоҳи алайҳларнинг: «Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар» (Юнус сураси 62) ояти тафсирида «Агар олимлар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаганида, мен уларнинг кимлигини билмас эдим»,  деган гапларини ривоят қилади. Яна имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Олимлар Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасида воситачидирлар. Ким уларга ғазаб қилса, ўзи билан Аллоҳ таоло ўртасидаги воситани узибди». Солиҳлар, тақволи зотлар, олимлар, пешволаримиз ҳақида яхши ўйда бўлишимиз даркор! Бу нарса бизда ақидамизнинг ажралмас қисмига айланган бўлиши лозим ва лобуд! Мана шунинг ўзиёқ мавзунинг ўта нозик ва қалтислигини кўрсатади. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал ақида ат Таҳавийя» асарида айтади: «Ўтган салафлар, уларга эргашган кейинги зотлар, яхшилик ва асар эгалари ҳамда фиқҳ ва назар соҳиблари бўлган уламолар фақат яхшилик билан эсланади. Ким уларни ёмонлик билан эсласа, у тўғри йўлда эмасдир». («Матн Ал ақида ат Таҳовийя» 126 – банд). Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ким олимларни паст санаса, охирати кетади. Ким амирларни паст санаса, дунёси кетади. Ким дўстларни паст санаса, муруввати кетади». ( «Ас сияр” 8/408). Абу Синон Асадий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Толиби илм диндан бир масала ўрганишдан олдин инсонларни ёмонлашни ўрганган бўлса, қачон зафар қучади?!»( «Тадрибул мадорик» 2/14). Жаъфар ибн Сулаймондан ривоят қилинади. У айтади: Молик ибн Динорнинг «Кишининг ёмонлигига солиҳ бўлмаслиги ва ўша ҳолда солиҳларга таъна қилиши кифоядир»,  деганини эшитдим. ( «Шуъабул имон» 5/316). Аҳмад ибн Азраъий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Аҳли илмларни, айниқса, катта олимларни ёмонлаш  кабира – катта  гуноҳлардан-дир». (Илмий баҳслар ва мақолалар энциклопедияси, «Аллоҳга тақво қил, эй айниган гўш ейувчи!» мақоласидан). Яхши инсонларга таъна қилиш фақат ўша ёмон ишни қилувчининг ўзига зарар. Бундай кимсалар олимларга, аҳли салоҳ зотларга ёмонлик қилиш билан ўзида фосиқлик сифатини пайдо қилади. «Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар». (Ҳужурот сураси 11 –оят). Улар ёмон инсонлардир. Улар ерда фасод уруғини сочувчилардир. Аллоҳ уларнинг ишига равнақ бермайди. «Зеро Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ўнгламас».(Юнус сураси 81 – оят). Улар Аллоҳ таолога уруш таклиф қилганлардир. Ҳадиси қудсийда: «Ким Менинг  дўстимга душманлик қилса, бас, Мен унга уруш эълон қилурман», (Бухорий ривояти, ҳ/р 6502.) дейилган. Улар ўзларига мазлум бўлган олимларнинг «дуо»сини тилаб оладиганлардир. Ҳадисларда гарчи фосиқ бўлса-да мазлумнинг дуоси ижобат эканлиги айтилган. У билан Аллоҳнинг ўртасида тўсиқ – парда бўлмайди. Энди ўзингиз бир ўйланг, Аллоҳнинг улар ҳақида «Агар Мендан сўраса, албатта, ато қиламан, агар паноҳ сўраса, паноҳ бераман», (Бухорий ривояти, ҳ/р 6502) деб мадҳ қилган дўстининг қилган дуоларини қандай ижобат қилмасин!? Жазо амалнинг жинсидан бўлади. Олимларга таъна қилувчилар қилмишлари жинсидан бўлган жазога тайёрланиб тураверсинлар!!! Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Бало сўзга боғлиқдир. Агар итни масхара қилсам, итга айланиб қолишдан қўрқаман». ( «Ал фаваид» 30 – саҳифа) Билиб қўйсин! Олимларнинг ғийбатини қилиш билан лаззатланадиган одам ҳунук хотима топиш хавфи бор. Бу жуда кўп тажрибадан ўтган ҳолатдир. Ҳофиз ибн Асокир раҳматуллоҳи алайҳ бу борада зархал ҳарфлар билан ёзиб қўядиган насиҳат қилганлар: «Олимларнинг гўшти заҳарлангандир. Уларни ёмонотлиқ қилувчи, обрўсини тўкувчиларга (тайёрлаган) Аллоҳнинг одати маълумдир. Ким уламоларни айблаш билан тилини бўш қўйса, Аллоҳ таоло уни ўлимидан олдин қалбини ўлдириб қўяди. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар». (Нур сураси 63 –оят) ( «Табйин ал казиб ал муфтаро».Ибн  Асокир  29 – саҳифа) «Табйин» китоби бобида ягона, жуда гўзал услубда ёзилган қимматли асардир. У ҳақида уламолар: «Ҳар бир суннийнинг ҳузурида «Табйин» китоби бўлмаса, ишларида басира – зийрайлик бўлмайди», дейишган. Олимларнинг гўшти заҳарланган-у, қолган бошқа инсонларники мубоҳми?! Йўқ! «Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устларига очиқ бўҳтон ва гуноҳни олибдилар». (Аҳзоб сураси, 58 – оят.) «Ҳар бир мусулмоннинг мусулмонга қони, обрўси ва моли ҳаромдир». (Муслим ривояти.) Ғийбат, чақимчилик, ёмон гумон, алдов ва зулмнинг ҳар қандай тури ҳаромдир. Мана шу иллатлар олимларга нисбатан қилинса, гуноҳи янада қаттиқроқ бўлади. Мухоллиддан ривоят қилинади: Ҳасан ибн Заквоннинг ҳузурида бир киши ёмонланди. Ҳасан эса: «Бас, тўхта! Олимларни бирор нарса билан зикр этмагинки, Аллоҳ қалбингни ўлдириб қўяди!» деди. Олимлар фақиҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Шофеъий (у қози, фақиҳ, йигирма тўрт мажалладли «Шарҳут танбеҳ» китоби соҳибидир) ҳақида айтадилар: «У кўпинча имом Нававий раҳматуллохи алайҳни ёмонлаб, ғийбатини қиларди». Жамол Мисрий айтади: «Фақиҳнинг вафоти чоғида тили осилиб, қорайиб кетганига гувоҳ бўлишди. Бунга эса уни имом Нававийни кўп ёмонлаганини сабаб қилиб келтирдилар».(Ад дурар 4/106.) Олимларга таъна тошини отишнинг энг хатарли томони уларнинг илмидан фойда олиш йўлини тўсишдир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хўрозни намозга чақиргани учун сўкишдан қайтардилар. (Аҳмад ривояти 5/192.) Намозга чорловчи хўрозни сўкишдан қайтарилган бўлса, Аллоҳга чақирувчи, пайғамбарларнинг меросхўрларини сўкадиганлар, улар шаънида тилини тиймаганлар борасида нима дейсиз? Қандай ҳам ёмон иш у!!! «Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?!» (Фуссилат сураси 33 – оят.) Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: «Бутун дунё зулматдан иборат. Олимларнинг мажлислари бундан мустаснодир». (Жомеъу баянил илми ва фазлиҳи 236 саҳифа.) . Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Олимларнинг гўшти заҳарлангандир. Ким уни ҳидласа, касал бўлади. Ким ундан еса ўлади», – деганлар». («Ал муъид фи адабил муфид вал мустафид» 71 саҳифа.) Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон олимларга тош отиб, ҳалок бўлганидан кўра ўша ҳаракатларини ўзидаги жаҳолатни кетказишга, олимларнинг хизматини қилиб, дуосини олиб, назар топиб ютуққа эришишга сарф этса бўлмайдими? Иккиси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор!!!

Равшанбек Ўринбой

   



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ