Файмиюн, Солиҳ ва насронийликнинг Нажронда ёйилиши

1 ўн йил аввал 1802 siyrat.uz

Ибн Исҳоқ:Менга Ахнаснинг озод қилинган қули Муғира ибн Абу Лабид – Ваҳб ибн Мунаббаҳ ал-Ямонийдан сўзлаб деди: Ушбу диннинг Нажронда пайдо бўлиши шундай бўлган: Исо ибн Марям алайҳиссалом динида бўлган Файмиюн исмли яхши амаллар қилувчи, ибодатли, зоҳид, дуоси қабул бўлувчи одам бор эди. У қишлоқларни кезиб юрар, мободо қишлоқ ҳалқи таниб қолишса, дарҳол бу қишлоқни тарк этиб, бошқасига кўчиб кетарди. У ўз қўли билан меҳнат қилиб, топганини ер эди. Файмиюн бино қурувчи уста бўлиб, якшанба кунини улуғлар ва шу куни ишламас эди. Ўша куни саҳрога чиқиб, то оқшом тушгунича намоз ўқирди. У Шом қишлоқларидан бирида ушбу тарзда амал қилиб юрганида, унинг бу ишидан Солиҳ номли бир киши хабардор бўлиб қолди. Солиҳ уни шундай яхши кўриб қолдики, илгари ҳеч кимни бунчалик яхши кўрмаган эди. У Файмиюннинг орқасидан, ўзига сездирмасдан эргашиб юрарди. Файмиюн одатига кўра, бир якшанба куни саҳрога чиқиб намоз ўқий бошлади. У намоз ўқиётганида у томонга катта илон яқинлашиб келди. Файмиюн илонни кўргач, дуо қилган эди, илон ўша заҳоти ўлди. Аммо Солиҳ уни узоқдан кузатаётгани учун нима бўлганини билмас эди. У Файмиюнга қараб: «Эй Файмиюн, сен тарафга илон келмоқда», деб қичқирди. Файмиюн унга қарамай намозида давом этди. Намозини ўқиб тугатгач, орқасига қайтиб кетди. У Солиҳнинг ўз ҳолидан воқиф бўлганини билиб қолди. Солиҳ ҳам Файмиюн ўзини кўриб қолганини биларди. Унинг олдига келиб: «Эй Файмиюн, Аллоҳга қасамки, мен ҳеч кимни сени яхши кўрганимдек яхши кўрмаганман. Мен сенга ошно бўлмоқчиман ва қаерда бўлсанг ҳам сен билан бирга бўлмоқчиман»,  деди. У эса: «Бу сенинг хоҳишинг, менинг ишимни биласан, агар шуларга кучинг етса, марҳамат»,  деди. Солиҳ шундан сўнг унинг этагидан маҳкам тутди. Қишлоқ аҳли аста-секин унинг ҳолини сеза бошладилар. Унинг олдига биронта касал одам келса, шифо тилаб ҳақига дуо қилар, бемор эса шифо топар эди. Аммо унинг ўзини бемор ҳузурига чақирилса, келмас эди. Қишлоқ одамларидан бирининг кўзи ожиз ўғли бор эди. У Файмиюннинг таърифини эшитиб, сўраб-суриштирди. Файмиюн бемор ҳузурига чақиртирилса, бормаслиги, лекин тирикчилик йўлида одамларга иморат қуриб беришга боришини айтишди. Шунда у ўғлини бир ҳужрага олиб кириб, устига бир либос ташлаб қўйди. Сўнг Файмиюннинг олдига бориб: «Эй Файмиюн, мен уйимда бир қурилиш қилмоқчи эдим. Шуни бирга бориб кўриб берсанг, эвазига хизмат ҳақингни берсам»,  деди. Файмиюн ҳалиги одам билан бориб, ҳужрага кириб: «Нима қилиш керак?»  деб сўради. Шунда ҳалиги одам ҳужра ичида ётган ўғли устидан либосни кўтариб: «Эй Файмиюн, Аллоҳнинг бир бандаси кўриб турганингдек, дардга мубталодир. Сендан илтимос, унинг ҳақига Аллоҳга дуо қилсанг», деди. Файмиюн унинг ҳақига дуо қилди ва бола ҳеч дард кўрмагандек ўрнидан турди. Файмиюн ўзининг қишлоқда танилиб қолганини билгач, ундан чиқиб кетди. Унга Солиҳ ҳам эргашди. Файмиюн Шом мамлакатига етганида бир катта дарахтнинг олдидан ўтди. Шунда бир одам унинг ичидан туриб: «Эй Файмиюн, мен сени анчадан буён кутиб турибман. Овозингни эшитиб, билдимки, бу сенсан. Илтимос, озгина кутиб тур, чунки мен ҳозир жон таслим қиламан», деди. Шундан сўнг у ўлди. Файмиюн уни дафн этиб ортига қайтди. Солиҳ унинг кетидан эргашди. Араб ерларидан биридан ўтаётганларида араб сайёҳларидан бир гуруҳи ҳужум қилиб, уларни тутиб, Нажронга олиб бордилар ва ўша ерда сотиб юбордилар. Нажрон халқи бу вақтларда араблар динида бўлиб, ўша ердаги узун бир хурмо дарахтига сиғинар эдилар. Ҳар йили бир марта уларнинг байрамлари бўлиб, ўша байрам куни келса, ўзлари сиғинадиган дарахт шохларига ўзлари топган энг чиройли кийимлар ва аёлларнинг зеб-зийнатларини осиб қўйишарди. Сўнгра барчалари унинг олдига тўпланиб, кун бўйи унга ибодат қилишар эди.

Файмиюнни шу қавмнинг улуғларидан бири, Солиҳни эса бошқа бири сотиб олган эди. Файмиюн кеч бўлганда, хожаси берган уйда ўрнидан туриб ибодат қилар эди. Шу пайт унинг хонаси ҳеч қандай чироқсиз ҳам нурга тўлиб кетарди. Бир куни хожаси бу ҳолни кўриб, ажабланиб қолди ва ундан динини сўради. Файмиюн унга ўз дини хақида хабар бериб деди: «Албатта, сизлар нотўғри диндасизлар, бу дарахт зарар ҳам, фойда ҳам келтирмайди. Агар мен ўзим ибодат қилаётган Тангримдан сўрасам, ҳеч шубҳасиз, ушбу дарахтни ҳалок қилади. У ягона, ҳеч қандай шериги бўлмаган илоҳдир». Шунда хожаси: «Ундай бўлса, дуо қил, агар айтганларинг рост бўлса, биз сенинг динингга кирамиз ва ўз динимизни тарк этамиз», деди. Файмиюн ўрнидан туриб, таҳорат олди. Икки ракат намоз ўқиб, сўнгра Аллоҳга дуо қилди. Шундан сўнг Аллоҳ дарахтга бир шамол юборди. Шамол уни томири билан суғуриб, ерга қулатди. Нажрон халқи шундан сўнг Файмиюннинг динига эргашдилар. Файмиюн эса, уларни Исо ибн Марям алайҳиссалом шариатига мувофиқ бошқарди. Кейин Нажрон халқида ҳам ер юзининг бошқа жойларида бу динга кирган бидъат ва одатлар пайдо бўлди. Араб ерларидан бўлмиш Нажронда насронийликнинг бошланиши шундай бўлган.

Ибн Исҳоқ: ушбу гаплар Ваҳб ибн Мунаббаҳнинг Нажрон халқи ҳақида айтган сўзлари эди.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ