АРАФА КУНИНИНГ ФАЗИЛАТИ

966

Арафа куни алоҳида фазл ва хусусиятларга эга бўлгани учун унинг фазилати ва шарафи хусусида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Биринчидан, Арафа куни – динимиз комил этилган, неъмат тугал қилинган кун.
Яҳудлар Умар разияллоҳу анҳуга айтишди:
— Сизлар бир оятни ўқийсизлар. Агар ўша оят бизга нозил бўлганида эди, уни байрам қилиб олган бўлар эдик.
— Мен ўша оятни қачон нозил бўлганини ҳам, қаерда нозил бўлганини ҳам, у нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерда турганларини ҳам биламан. У арафа куни эди, биз ҳам Аллоҳга қасамки, Арафотда эдик (шу ерда Суфён: «Ўша кун жумъа куни бўлганмиди-йўқми, аниқ айтолмайман», — дедилар) (Бухорий ривоятлари).
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида сураси, 3-оят).
Арафа куни дин комил этилди, деб айтилишига сабаб, шу кунгача мусулмонлар Ислом ҳажини амалга оширмаган эдилар. Энди Ислом рукнларининг охиргиси ҳам жорий этилиши билан дин комил бўлди. Бундан ташқари, Аллоҳ Таоло ҳажни Иброҳим алайҳиссалом асосларига қайтарди, ўша йилги ҳаж мавсумидан бошлаб ҳажда мушриклар иштирок этишини ҳам, ширк амаллари бажарилишини ҳам ман қилди. Шунинг учун ўша йилдан буён Арафотда мусулмонлар орасида мушриклар бўлмади. Неъматнинг тўкис бўлиши эса Аллоҳ Таоло мағфирати туфайли ҳосил бўлади. Зеро неъмат мағфиратсиз тўкис бўлмайди.
«(Эй Муҳаммад,) Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтганини ҳам, кейин келадиганини ҳам (яъни барча гуноҳларингизни) мағфират қилиш ва Сизга Ўз неъматини тўкис-комил қилиб бериши учун …» (Фатҳ сураси, 2-оят).
Иккинчидан,Арафа ийд кунидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз – Ислом аҳлининг байрамимиздир …» (Абу Довуд ривоятлари).
Учинчидан,Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳга каффорат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Арафа куни тутилган рўза ўтган йил ва келгуси йил учун каффорат бўлади» (Муслим ривоятлари).
Тўртинчидан,Арафа гуноҳлар кечириладиган ва жонлар дўзахдан озод этиладиган кундир.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ Таоло бирон кун Арафа куничалик кўп бандани дўзахдан озод этмайди. У яқинлашиб, сўнг дўзахдан озод қилган бандалари билан фаришталар олдида фахрланади ва: «Улар нима исташади?» — деб сўрайди» (Муслим ривоятлари).
Ибн Абдул Барр айтадилар:«Бу ўша бандаларнинг гуноҳлари мағфират этилганига ишорадир. Чунки Аллоҳ Таоло гуноҳ-маъсият аҳли билан ҳеч қачон фахрланмайди. Фақат тавба ва мағфиратдан сўнг бу нарса бўлиши мумкин». Валлоҳу аълам.

Арафа кунида қилинадиган амаллар

1.Рўза тутмоқ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Арафа кунининг рўзаси ўтган ва келгуси йиллар (гуноҳи)га каффорат бўлади, деб умид қиламан …» (Муслим ривоятлари).
Албатта, бу рўза ҳаждагилар учун эмас, ҳажга бормаганлар учун айтилган. Чунки ҳожилар арафа куни рўза тутмайдилар. Арафа куни гуноҳга қўл уриб қўйишдан, айниқса, эҳтиёт бўлмоқ лозим. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Шу куни қулоғи, кўзи ва тилини (гуноҳ-маъсиятдан) сақлаган банда мағфират қилинади».
2.Зикр ва дуода кўп бўлмоқ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Дуонинг энг яхшиси арафа кунида қилинган дуодир. Мен ва мендан илгари ўтган пайғамбарлар дуода айтган энг яхши сўзлари «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр» (Термизий ривоятлари).
Ибн Абдул Барр айтадилар: «Мазкур ҳадис арафа кунининг дуоси кўпинча мақбуллиги ва энг афзал зикр «ла илаҳа иллаллоҳ» эканлигига далилдир».
Хаттобий айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одатда мен дуо қилишимдан муқаддам Аллоҳ Таолога айтадиган ҳамду саноларим ичида энг афзали шу сўзлардир», — демоқчи бўладилар. Негаки дуо қилувчи даставвал Аллоҳ Таолога ҳамду сано айтиб, ундан кейингина ҳожатини сўрай бошлайди. Шу боис, сано ҳам дуо номини олди …»
3. Такбир
Зулҳижжанинг ўн кунида такбир айтмоқ мустаҳаб амалдир. Бу кунларда ҳар ерда ва ҳамма вақт Аллоҳ зикри жоиз. Олимлар такбирни икки турга бўладилар:
Биринчи: Мутлақ такбир
Уни кеча-кундузнинг исталган вақтида айтиш мумкин. Ушбу такбир Зулҳижжа ойи кириши билан бошланиб, ташриқ кунларининнг охирига қадар давом этади.
Иккинчи: Муқайяд такбир
Бу такбирни намозлардан кейин айтилади. Ҳар намоздан кейин такбир айтмоқ афзал дейилган. У Арафа тонгидан бошланиб, ташриқ кунларининг охирига қадар давом этади.

Худоёров Сардор

Мулоҳаза билдиринг

*