У Зотнинг панжалари орасидан сув чиқиши

7 йил аввал 2387 siyrat.uz

Осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръонни қабул қилиб олиб кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг бош мўъжизалари эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бошқа мўъжизалари у Зотнинг пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Шундоқ бўлса ҳам, мазкур мўъжизалар у Зотнинг ҳаётларида кўп марталаб содир бўлганини ҳамма таъкидлайди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам битилган. Ушбу бўлимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган машҳур мўъжизалари билан сиз азизларни таништириб ўтамиз.                                                У Зотнинг панжалари орасидан сув чиқиши Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Завроода саҳобалари билан турганларида у Зотга бир идиш келтирилди. Шунда у Зот қўлларини идишга солдилар. Бас, у Зотнинг панжалари орасидан сув чиқа бошлади. Қавм таҳорат қилди. Қатода айтди: «Мен Анасга: «Нечта эдинглар?»  дедим. «Уч юзта ёки уч юзта атрофида»,  деди». Икки шайх ривоят қилган. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Аср намози вақти бўлганда кўрдим. Таҳорат суви изланди. Уни топа олмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат суви келтирилди. Бас, у Зот ўша идишга қўлларини солдилар ва одамларга ундан таҳорат қилишга амр қилдилар. У Зотнинг панжалари орасидан сув чиқаётганини кўрдим. Бас, одамлар таҳорат қилдилар. Битталари ҳам қолмай таҳорат қилдилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга чиқдилар. У Зот билан саҳобаларидан баъзи кишилар бор эди. Йўлда кетаётганларида намоз вақти бўлди. Таҳорат қилгани сув топмадилар. Қавмдан бир киши бориб бир қадаҳда озгина сув келтирди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унда таҳорат қилдилар. Кейин тўрт бармоқларини қадаҳга чўздилар ва: «Туринглар, таҳорат қилинглар», дедилар. Бас, қавм хоҳлаганларича таҳорат қилдилар. Улар етмиштача эдилар». Бухорий ривоят қилган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳудайбия куни одамлар чанқаб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида кичик меш турарди. Бас, у Зот таҳорат қилдилар. Одамлар у Зот томон шошилдилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Сизларга нима бўлди?»  дедилар. «Ҳузурингиздагидан бошқа таҳорат қилишимизга ҳам, ичишимизга ҳам сув йўқ»,  дейишди. Бас, у Зот қўлларини кичик мешкоб ичига солдилар. Шунда панжалари орасидан худди булоқларга ўхшаб сув отилиб чиқа бошлади. Биз ҳам ичдик, ҳам таҳорат қилдик. «Неча киши эдинглар?»  дейилди. «Юз мингта бўлганимизда ҳам етар эди, ўн беш юзта эдик»,  деди. Бухорий ривоят қилган.



Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ