ТАОМНИНГ ҚАВМГА ЕТИБ-ОРТИБ ҚОЛГУНЧА КЎПАЙТИРИЛИШИ

7 йил аввал 3979 siyrat.uz

   Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Толҳа Умму Сулаймга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари заифлигини эшитдим. У Зотнинг оч эканликларини биламан. Сенда бирор нарса борми?» – деди. «Ҳа», деди-да,Умму Сулайм  бир неча арпа нони олиб чиқди. Кейин рўмолини олиб чиқиб, унинг бир тарафи ила нонни ўради. Сўнгра уни менинг қўлтиғимга қистириб туриб у(рўмол)нинг бир томони билан мени ўради. Кейин мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборди. Мен бориб у Зотни масжиддан топдим. У Зот билан бошқа одамлар ҳам бор эди. Мен уларнинг тепаларига бориб индамай туравердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сени Абу Толҳа юбордими?» дедилар. «Ҳа»,  дедим. «Таом биланми?» дедилар. «Ҳа»,  дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан бирга бўлганларга: «Туринглар»,  дедилар-да, юриб қолдилар, мен ҳам олдиларига тушиб олиб юриб кетавердим. Абу Толҳанинг олдига бориб хабарни айтдим. Абу Толҳа: «Эй Умму Сулайм! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни олиб келдилар. Бизнинг эса уларга берадиган таомимиз йўқ-ку!»  деди. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ»,  деди Умму Сулайм. Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб, у Зотни бошлаб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умму Сулайм, ўзингда борини олиб кел»,  дедилар. Умму Сулайм ҳалиги нонларни олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилдилар, улар синдирилди. Умму Сулайм ёғ мешини сиқиб, ичидаги бор нарсани чиқарди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни айтдилар. Кейин: «Ўнтага изн бер»,  дедилар. Уларга изн берилди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у Зот: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берилди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у Зот: «Ўнтага изн бер», дедилар. Уларга изн берилди. Улар тўйгунларича еб, кейин чиқдилар. Сўнг у Зот: «Ўнтага изн бер», – дедилар. Уларга изн берилди. Бас, қавмнинг ҳаммаси тўйгунларича едилар. Қавм етмиш ёки саксон киши эдилар».

   Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хандақ қазилганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда қаттиқ очлик кўрдим. Аёлимнинг олдига бориб: «Сенда бирор нарса борми? Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда қаттиқ очлик кўрдим», дедим. Бас, у менга ичида бир соъ арпа бор халта олиб чиқиб берди. Бизнинг бир дона кичкина совлуқчамиз бор эди. Мен уни сўйдим. У арпани янчди. Мен ишимни битирганимда, у ҳам ишини битирди. Мен у(қўй)ни декчага майдалаб солдим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон қайтдим. Шунда аёлим: «Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга  бўлганларнинг ҳаммасини  олиб келиб, мени шарманда қилмагин», деди. Мен бориб у Зотга пичирлаб: «Эй Аллоҳнинг Расули, кичкина ҳайвончамиз бор эди, сўйдик. Бир соъ арпани янчдик. Ўзингиз билан бир неча кишиларни олиб марҳамат қилинг»,  дедим.

   Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй аҳли хандақлар! Албатта, Жобир маросим қилибди. Тезроқ юринглар!»  деб баланд овозда чақирдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен боргунча декчангизни зинҳор туширмай ва хамирингизни нон қилмай туринглар», дедилар.

   Мен келдим. Мен билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одамларни эргаштириб келдилар. Хотиним мени кўриши билан «Ундоқ бўлгур, бундоқ бўлгур!»  деди. Мен унга: «Сен айтганни қилдим»,  дедим. Аёлим у Зотга хамирни олиб чиқиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга туфладилар ва барака тилаб дуо қилдилар. Сўнгра декчамизни қасд қилдилар. Унга ҳам туфлаб туриб, барака тилаб дуо қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир нон қилувчи аёлни чақиргин, сен билан у ҳам нон қилсин. Декчадан қуявер, уни туширманглар», дедилар. Улар мингта эдилар. Аллоҳ номи ила қасам ичаманки, батаҳқиқ, ундан тўйгунларича едилар ва қайтиб кетдилар. Декчамиз аввал қандоқ бўлса, худди ўшандоқ тўлиб турар ва хамиримиздан аввал қандоқ бўлса, худди ўшандоқ нон қилинар эди».

   Бухорий ривоят қилган.

   Абу Ҳурайра ёки Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Табук ғазоти бўлганда кишиларни очлик тутди. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, изн берсангиз, сувчи туяларни сўйиб, гўштини еб, мойини суртсак»,  дедилар. Бас, у Зот: «Ўшандоқ қилинглар»,  дедилар. Шунда Умар келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бундоқ қилсангиз, улов камаяди. Лекин Сиз уларнинг зодларидан ортиб қолганини келтиришга амр қилинг. Сўнгра унга  барака тилаб Аллоҳга дуо қилинг. Шояд, Аллоҳ  бир нарса қилса»,  деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хўп», дедилар-да, бир тери дастурхон келтиришларини сўрадилар. Уни олдиларига ёздилар. Сўнгра зодларининг ортиб қолганини келтиришга амр қилдилар. Бас, бир киши бир сиқим жўхори, бошқаси бир сиқим хурмо, яна бошқаси бир бурда нон келтира бошлади. Шундоқ қилиб, тери дастурхонга озгина нарса йиғилди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барака сўраб дуо қилдилар-да: «Идишларингизга олинглар», дедилар. Бас, улар идишларига олдилар. Ҳаттоки аскаргоҳда битта ҳам идиш қўймай тўлдирдилар. Тўйгунларича едилар ва ортиб ҳам қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашҳаду ал лаа илаҳа иллаллоҳу ва аннии Расулуллоҳи», қай бир банда шу иккиси ила шак қилмаган ҳолида Аллоҳга рўбарў бўлса, зинҳор жаннатдан тўсилмас», – дедилар».

   Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таом сўради. Бас, у Зот унга ярим васақ арпа бердилар. Ҳалиги одам, унинг хотини ва уларнинг меҳмонлари уни (торозида) тортгунча еб турдилар. Бас, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У Зот унга: «Агар тортмаганингда ундан еяверар эдинглар, у тураверар эди», – дедилар».

   Иккисини Муслим ривоят қилган.

   Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир лагандаги таомни эрталабдан кечасигача еяверар эдик. Ўн киши турса, ўнтаси келиб ўтираверар эди»,  деди. «У мададни нимадан олар эди?»  дедик. «Нимадан ажабланасан?! Анави ердан бошқадан мадад олмас эди»,  деб осмонга қўли билан ишора қилди.

   Термизий ривоят қилган.




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ